15:52 / 29.12.2018
6 928

2019 йил Сизга нималарни ваъда қилмоқда?

2019 йил Сизга нималарни ваъда қилмоқда?
ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

УМУМИЙ ТАЪРИФ
Тўнғиз йили бошида тарози буржи остида туғилганларнинг аксарияти ўзи бажараётган ишдан илҳомланган ҳолда профессионал касби билан боғлиқ янги ва янги лойиҳаларга қўл уришади. Бу яхшиликка албатта. Йил бошиданоқ мўмай даромад ола бошлашингиз ҳам худди шу лойиҳалар натижаси ҳисобланади.

2019 йили сиз қўшимча билимлар олиш, профессионал касбингиз бўйича малака ошириб қайтиш имкониятига эга бўласиз. Имкон доирасида йил бўйи яқинларингиз билан турли оилавий байрам уюштиринг, хурсандчилик қилинг, арзимас муваффақиятдан ҳам мамнун тортишни ўрганинг.

Агар спорт билан астойдил шуғуллансангиз, тўнғиз йили сизга хавфли хасталикларни яқин йўлатмайди. Йил ўрталарига бориб оилалилар хонадонида янги меҳмон дунёга келиши мумкин.

МУҲАББАТИ
Тўнғиз йили оила қурмаганларга бир олам романтика, гармонияни ваъда қилмоқда. Уларнинг кўпчилиги ўзи кўнгил қўйган инсон билан турмуш қуриши худди шу 2019 йилга тўғри келади.

Муҳаббатда бахтга эришишни истасангиз, бардошли бўлинг. Бардош сизни бахт қасрига олиб боради. Оилалилар ҳам жуфтини кўпроқ қадрласалар, ҳар бир бирга ўтган лаҳзадан завқ ола билсалар, мавжуд бахт янада мустаҳкамланади.

Оила қурмаган йигитлар эса ўз муҳаббатига етиши учун аввал уй таъмири ҳақида ўйлаб кўрсинлар. Ахир, келинни таъмирланмаган уйга олиб келмайсиз-ку, тўғрими?!.

ОИЛАСИ
Оиласи борлар 2019 йил бошида ўзлари яшаб турган уйни капитал таъмирдан чиқаришлари тавсия этилади. Анчадан бери фарзандли бўлишни орзулаётган бўлсангиз, ҳаракатингизни қилинг. Кечалари интернетда тонгга қадар ўтириш, ишдан кейин қаерлардадир қолиб кетиш ўрнига оилани мустаҳкамлаш йўлларини қидиринг.

Йил давомида қариндошлар билан ўзаро муносабатларингизда муаммолар юзага келиши кутилади. Сиз улар учун тез-тез кичик оилавий байрамлар уюштиринг. Шу нарса қариндошларнинг кўнглини овлашда асқотади.

Тақдирнинг синовлари 2019 йили ҳам ўтган йилгидан кам бўлмаслиги мумкин. Уларни матонат билан енгиб ўта олганлар оилавий бахтдан умид қилаверсалар бўлади. Айримлар куз ойларига бориб янги уй сотиб олиши ёки бошқа шаҳарга кўчиб ўтишлари мумкин.

МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ
Кимки моддий аҳволини яхшилаш мақсадида астойдил киришса, тўнғиз йилида омаднинг барча эшиклари очиқ бўлади. Йил бошидан то охирига қадар сизга бадавлат танишлар, дўстлар албатта ёрдам қўлини чўзишади. Меҳнатингизга яраша даромадга ҳам эга бўласиз. Лекин пул сарфлашда ҳар галгидек тежамкор бўлинг, чегарани билинг. Чув тушиб қолишдан, таваккалчиликка йўналтирилган молиявий операциялардан нари бўлинг. Айримлар ўзга давлатга бориб шахсий бизнесини очиши эҳтимолга яқин.

Йил охирида эса жамғарган пулингизнинг бир қисмини чин кўнгилдан дам олиш учун ажратинг. Баъзи дўстларимизнинг йил ўртасига бориб лотереяга пул ютиб олиш бахти кутиб қолади.

САЛОМАТЛИГИ
Саломатлигингиз янги йилда ҳам мустаҳкам бўлишини хоҳласангиз, режим бўйича овқатланиш, танани чиниқтиришга оид машқлар, муолажаларни амалга ошириш ва эрталаблари югуриб туришга эътибор қаратинг. Сабзавотлар ва витаминга бой меваларни кўпроқ истеъмол қилинг.

Тўнғиз йилида сиз асосан жигар ва ошқозонга алоҳида эътибор билан ёндашишингиз лозим. Организмни ҳаддан ташқари зўриқтиришдан тийилинг. Қувноқ бўлинг, ҳазил-мутойибага қоришиқ суҳбатлар сари интилинг. Хотиржамликка амал қилинг. Шунда 2019 йили хавфли хасталикларга йўлиқмайсиз.

ТЎНҒИЗ ЙИЛИДА ТУҒИЛГАН МАШҲУРЛАР
Италиялик опера хонандаси Лучано Паваротти (Luciano Pavarotti). актёр Армен Жигарханян, италиялик хонанда Робертино Лоретти (Robertino Loretti), россиялик сиёсий арбоб Борис Немцов, франциялик ёзувчи Проспер Мериме (Prosper Merimee).

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

УМУМИЙ ТАЪРИФ
2019 йили чаён буржи вакиллари ҳаётида турли жабҳаларда танаффуслар кутилади. Бу ўқиш, иш, муҳаббат, бошқа шаҳарга кўчиб ўтиш кабиларда ўз аксини топади. Йил охирида глобал режалар тузманг. Улар барибир амалга ошмайди.

Ёз ойларида вужудингиз қўшимча куч ва имкониятларга тўлиб тошади. Улар шахсий ҳаётингизни йўлга қўйишда, уйланмаган ёки турмушга чиқмаган бўлсангиз, никоҳдан ўтишда асқотади.

Кузда кўпчилик оилалилар хонадонида янги меҳмон дунёга келиши кутилади. Моддий аҳволингиз юқори чўққиларда бўлади. Йил давомида ўзгаларга камроқ ёрдам кўрсатиб, ўзингиз ҳақингизда кўпроқ ўйлашингиз тавсия этилади.

МУҲАББАТИ
2019 йил сиз учун романтика йили бўлади десак, муболаға бўлмайди. Бахтингизни ўз кўзи билан кўрган рақиблар ва рақибалар ҳасаддан ўз ёғида қоврилишига шахсан гувоҳ бўласиз.

Айниқса, муҳаббат бобида куз фасли ёқимли кечади. Оиласизлар гарчи дарров ЗАГС га йўл олмасалар-да, ҳарқалай идеалидаги инсонни учратиб танишишади. Шунинг ўзи ҳам катта гап-да. Фақат мақтовларни, хушомадларни меъёридан ошириб юборманг. Бу ўзингизга қарши ишлаши ҳеч гап эмас. Оилали бўлсангиз, жуфтингизнинг меҳр-муҳаббатига арзирли жавоб қайтаришга ҳаракат қилинг.

ОИЛАСИ
2019 йил бошиданоқ оилангиздагилар билан бирга тез-тез табиат қўйнида дам олинг. Гарчи тантаналар, оилавий байрамлар уюштиришга баҳона бўлмаса-да, баҳонани ўзингиз ўйлаб топаверинг.

Сизга дўстлар, танишлар, ҳамкасблар, курсдошлар, синфдошлар нафақат ҳавас қилади, балки улар орасида ҳасад қиладиганлари ҳам топила қолади. Йилнинг ўрталарига бориб қариндошлар билан муносабатларингиз мустаҳкамлана бораётганига гувоҳ бўласиз.

Агар жуфтингиз билан сира тил топиша олмаётган бўлсангиз, психолог хизматидан фойдаланинг. Дарров ажрашишга қарор қилиб қўйманг. Тўнғиз йилида ажрашган оилалар ҳаловат топиши жуда қийин кечади. Тўнғиз йили айрилиқни сира-сира кечира олмайди.

МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ
Тадбиркорлар 2019 йилнинг дастлабки ойидаёқ рақобатчилар билан орадаги муаммони бартараф этишлари керак.

Пул масаласида чаён буржида таваллуд топганлар 2019 йили деярли қийналишмайди. Ҳар бир ишга ўзингизга ишонган ҳолда киришаверинг, мевасини албатта кўрасиз. Фақат пулингизни шубҳали лойиҳаларга тикманг. Бу борада сизга тафаккур яқиндан ёрдам беради. Қачонлардир сизни алдаб чув туширганлар билан 2019 йили муносабатларни узинг.

Муҳим ҳужжатларга имзо чекишда сергак бўлинг. Молия билан боғлиқ барча сирларни миянгизда сақланг. Бировларга ошкор этманг. Имкон бўлса, тўнғиз йилида ҳар ой лотерея чиптаси сотиб олинг. Албатта катта ютуққа эга чиқасиз.

САЛОМАТЛИГИ
Чаён буржи вакилларининг саломатлиги метиндан мустаҳкам кечади. Аммо бу саломатликни асраш ҳақида ўйламаслик керак дегани эмас. Барибир тўғри овқатланишингиз, эрталаблари жисмоний машқларни бажаришингиз шарт. Йил давомида сабзавот, мева ва сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилинг. Вақт топиб жигарингизни ортиқча юкдан халос этиш амалини адо этинг. Кўпчилик 2019 йил ўрталаридан тез-тез стресс ҳолатини бошдан кечира бошлаши мумкин. Айримларни эса тиш оғриғи безовта қилади.

ТЎНҒИЗ ЙИЛИДА ТУҒИЛГАН МАШҲУРЛАР
Рус шоири, драматург, таржимон Самуил Маршак, актёр Артур Смольянинов, франциялик актёр Ален Делон (Alain Delon), америкалик актриса Вайнона Райдер (Winona Ryder), сузиш устаси Александр Попов, актёр Владимир Ильин, Франция қироличаси Мария-Антуанетта (Marie-Antoinette), актриса Людмила Гурченко.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » 2019 йил Сизга нималарни ваъда қилмоқда?