Японларни узоқ умрга етаклаётган одатлар сирлари очилди

Дунёда энг узоқ умр кўрувчи миллатлардан бири сифатида тан олинган японлар яна бир бор олимлар ва жамоатчилик эътиборини ўзига жалб этмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Японияда аёллар ўртача 87 ёшгача, эркаклар эса 81 ёшгача умр кўради. Энг қизиғи, мамлакатда 100 ёшдан ошган инсонлар сони 80 минг нафардан ортиқ.
Бу натижа тасодиф эмас. Чунки иккинчи жаҳон уруши ортидан, 1940-йилларда японларнинг ўртача умр кўриш даражаси атиги 56 ёш атрофида эди. Қисқа вақт ичида бундай кескин ўсиш генетика билан эмас, балки ҳаёт тарзи ва кундалик одатлар билан боғлиқ экани ойдинлашди.
Узоқ умр сири қаерда яширин?
Мутахассислар фикрича, японларнинг узоқ ва соғлом яшаши ортида аниқ қоидалар бор. Уларнинг кундалик ҳаётида шаклланган одатлар нафақат умрни узайтиради, балки ақлий фаолликни ҳам сақлаб қолишга ёрдам беради.
Таомнома — саломатликнинг асоси
Япон ошхонаси содда, лекин жуда мувозанатли. Унда денгиз маҳсулотлари, айниқса қизил балиқ, гуруч, сабзавотлар ва денгиз ўтлари асосий ўринни эгаллайди. Ферментланган соя маҳсулотлари эса организм учун фойдали бактериялар манбаи ҳисобланади.
Шунингдек, нордон ва табиий маҳсулотларга бўлган қизиқиш юқори. Бу эса ҳазм тизимининг яхши ишлашини таъминлайди.
Қандай овқатланишади?
Японлар овқат тайёрлашда ҳам ўзига хос йўл тутади. Қовуриш ўрнига буғда пишириш афзал кўрилади. Ёғли ва оғир таомлар, ширинликлар, шоколадлар ва конфетлар эса камдан-кам истеъмол қилинади.
Энг қизиқ қоида эса — “тўйиб кетмаслик”. Яъни улар дастурхондан бироз оч ҳолда туришни одат қилган. Бу одат ортиқча овқатланишнинг олдини олади ва организмни енгил ҳолда сақлайди.
Оддий қоида — катта натижа
Японларнинг бу оддий, аммо тизимли одатлари уларни нафақат узоқ, балки сифатли ҳаёт кечиришга етакламоқда. Келажакда соғлом ва фаол яшашни истаганлар учун бу тажриба жиддий сигнал: ҳаёт тарзингни ўзгартирсанг — натижа кечикмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!