16:00 / 22.01.2023
619

Жаҳон бозорида пиёз нархи нега кескин ошмоқда?

Жаҳон бозорида пиёз нархи нега кескин ошмоқда?
Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг бир қатор мамлакатларидаги бозор иштирокчилари улгуржи савдода 1 кг пиёз нархи 1 долларга етиши ҳақида гапирмоқда. Бу эса чакана нархлар тез орада 1,5—2 долларга етиши мумкинлигини кўрсатади.

EastFruit таҳлилчилари бу сценарийнинг эҳтимоли қай даражада юқори экани, ҳозирги ҳолатнинг ўзига хослиги нимадалиги ва бундай нохуш прогнозларга қандай асос борлиги ҳақида сўз юритди.

Улар Эрон, Покистон, Ўзбекистон, Нидерландия, Польша, Тожикистон, Украина, Грузия, Молдова, Қозоғистон ва Туркия пиёз бозоридаги вазиятга оид маълумотларни таҳлил қилиб, ушбу материалда дастлабки хулосаларни тақдим этди.

Пиёз бозори муаммолари қачон бошланди?
2022 йил сентябрь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, Марказий Осиё бозорларида пиёзнинг халқаро савдоси ҳажми кескин ошди.

Талаб фаоллашишининг асосий омили 2018/19 йилги мавсумнинг такрорланиши кутилганидир, 2018 йил ёзида Европа Иттифоқи мамлакатларидаги қурғоқчилик ва кам ҳосил туфайли ҳатто Марказий Осиё давлатлари ҳам Польша, Руминия, Германия, Нидерландия ва минтақадаги бошқа мамлакатларга пиёзни автотранспорт орқали экспорт қилган.

Ўша пайтда бозорда пиёзнинг умумий тақчиллиги мавжуд эди ва айниқса, қайта ишлаш эҳтиёжлари учун ишлатиладиган йирик калибрли (60 мм дан зиёд) пиёзнинг кескин дефицити юзага келган.

2022 йили Европа Иттифоқи мамлакатларида, биринчи навбатда, пиёзнинг жаҳондаги асосий экспортёри саналмиш Нидерландияда ҳам қурғоқчилик кузатилгани сабабли ёздаёқ маҳсулот нархи кўтарила бошлаганди.

Бироқ кўплаб европалик савдогарлар яна бир муҳим омилни — Украина жанубида (ушбу мамлакатда пиёзни тижорат мақсадларида етиштиришнинг қарийб 80 фоизи мазкур ҳудуд улушига тўғри келади) давом этаётган урушни ҳисобга олмади.

Зеро, Украина ҳар йили 20 минг тоннага яқин сархил пиёз экспорт қилар ва баъзи мавсумларда ушбу мамлакатдан пиёз экспорти ҳатто 50 минг тоннадан ошган эди.

Россия ва Украина ўртасидаги уруш сабаб, мамлакатнинг жанубий вилоятларида пиёз етиштириш кескин камайди ва фермерлар у ерда етиштиришга муваффақ бўлган пиёзни ҳам Украинанинг бошқа минтақаларига ва айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб беришнинг иложи бўлмади.

Шу сабабли, Украина кутилмаганда, пиёзнинг асосий импортёрига айланди ва ушбу маҳсулотни Польша, Руминия, Молдова, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркиядан сотиб олди.

Бу ҳам бутун минтақада пиёз нархи ўсишига туртки бўлди. Илгари Украина 2022 йилда пиёз сотиб олишга мажбур бўлган баъзи мамлакатларга ушбу маҳсулотни мунтазам экспорт қилган. Шу маънода нархлар бу қадар баландлагани ажабланарли эмас.

2022 йилнинг июнь ойи ўрталарида Покистонда сув тошқинлари содир бўлди ва шу туфайли бошқа экинлар қатори пиёз ҳосилининг ҳам катта қисми бой берилди.

Натижада жаҳондаги энг йирик пиёз экспортёрларидан бири бўлмиш Покистон пиёз импортёрига айланди.

Ўзбекистон, Эрон, Туркия ва ҳатто Афғонистон ҳам ўз маҳсулотларини Покистонга етказиб бера бошлади. Сув тошқинидан сўнг 2022 йилнинг ноябрь ойи охиригача Ўзбекистон Покистонга 26 минг тоннага яқин пиёз экспорт қилди.

Барча ҳудудларда нархлар ўсишда давом этганига сабаблар етарли, уларнинг деярли ҳар бирида ўзига яраша муаммолар юзага келди.

Аномал совуқ — нархларнинг шиддат билан ўсишига яна бир сабаб
Охирги кунларда Марказий Осиёдаги аномал совуқнинг пиёз бозоридаги вазиятга таъсири жиддий бўлди.

Маълум бўлишича, Россиядан Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга кириб келган аномал совуқ минтақадаги пиёз захираларига жиддий зарар етказган.

Бунинг оқибатида, Қозоғистон ички бозорда маҳсулот тақчиллиги юзага келишидан хавотирланиб, пиёз экспортини бутунлай тақиқлашга қарор қилди.

Айни пайтда Ўзбекистон пиёзнинг соф экспортёридан соф импортёрига айланди ва савдогарлар минтақа мамлакатларида катта ҳажмда маҳсулот харид қилиш имкониятларини фаол равишда изламоқда.

Бироқ ҳаммаси у қадар оддий эмас, чунки, Марказий Осиё пиёзнинг асосий экспортёр мамлакатлардан узоқда жойлашган ва шу боис пиёз етказиб бериш қимматга тушади.

Шунингдек, ушбу минтақа мамлакатларининг жанубий ҳудудларидаги эртапишар пиёзнинг янги ҳосили ҳажми ва унинг тақдири ҳам аниқ эмас, чунки совуқ унга ҳам зарар етказиши мумкин.

Айни пайтда на Европа ва на Марказий Осиё мамлакатларида пиёзнинг улгуржи нархи рекорд даражадан ошмади. Бироқ улар йилнинг ушбу даври учун рекорд нархлардир, демак, мутлақ рекордлар янгиланиши мумкин.

Бозор иштирокчиларининг аксарияти Марказий Осиёда нархлар яқин келажакда мутлақ рекорд даражадан ошиб кетишига, Европада эса баҳорга бориб ушбу натижаларга етиб олиниши ва ундан ошишга шубҳа қилишмаяпти.

Юқори нархлар экспорт тақиқига сабаб бўлди
Ўзбекистон ва Тожикистонда пиёзнинг улгуржи нархи 2022 йил ёзида рекорд даражага яқинлашган. Шу билан бирга, йилнинг ушбу даври учун нархлар рекорд даража ҳисобланади.

Ўзбекистонда ўтган ҳафта охирига келиб, пиёзнинг улгуржи нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 баробар, Тожикистонда эса 3,1 баробар қимматлашди.

Айни пайтда Ўзбекистон бозорларида пиёз чакана нархларда 10 минг сўмгача сотилмоқда. Нархлар янада ўсиши мумкин.

Бу каби кутилмалар фонида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон жорий мавсумда пиёз экспортини тақиқлади.

Қозоғистондан пиёз экспорти тақиқланиши Украинада пиёз нархи ўсишининг тезлашишига олиб келиши мумкин. Чунки олдинги йилларда мамлакат Украинага маҳсулот етказиб берган.

Шунингдек, бутун минтақадаги пиёз билан боғлиқ кескин вазият, қолаверса, янги ҳосилни ҳали беш ой кутиш кераклиги ҳисобга олинса, Украинада пиёз нархи янада ошиши прогноз қилинмоқда.

Худди шундай, Польшада ҳам, баҳорда пиёз нархи 2019 йилги рекордлардан ошиб кетиши аниқ, ўшанда пиёз 1 кг учун 90 АҚШ сентига етган эди.

Рамазон яқин
2023 йилнинг 23 мартидан 22 апрелига қадар бутун дунё мусулмонлари Рамазон ойи рўзасини тутишади.

Мазкур даврда, одатда, турли маҳсулотлар, жумладан, пиёз хариди ҳажми ҳам ортади. Марказий Осиё мамлакатларида Рамазон ойида кўп ош истеъмол қилинади. Бунинг учун харажатлар тежалмайди ва фақат юқори сифатли маҳсулотлар харид қилинади.

Бу вақтда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг жанубий вилоятларида эртаги пиёз пайдо бўлса-да, яхши палов учун ўтган йилги пиёз керак бўлади.

Бу ҳолат сабзига ҳам таалуқли. Шу боис, март ойининг биринчи ярмида ушбу омил туфайли минтақада пиёзга (яъни, ўтган йилги пиёз ҳосилига) талаб кескин ошиши кутилади.

Апрель ойининг иккинчи ярмида Марказий Осиёда пиёз нархи максимал қийматга етиши эҳтимоли ҳам бор.

Ўзбекистонга қанча пиёз керак?
Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг 20 январидан 30 апрелига қадар аҳолининг пиёзга бўлган истеъмол талаби ўртача 346 минг тоннани ташкил этади.

Ўрганишлар Ўзбекистон ҳудудларида пиёз захираси миқдори 87 минг тонна ва аҳоли хонадонларида 232 минг тонна, жами 319 минг тонна пиёз маҳсулоти борлигини кўрсатган.

Истеъмол талаби доирасида мамлакат аҳолиси учун яна 26,5 минг тонна пиёз импорт қилиниши керак.

Қаердан пиёз олиб келса бўлади
Бу мавсумда Хитой пиёзни, асосан, Осиё мамлакатларига экспорт қилмоқда, чунки логистика таннархи ҳали Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулот етказиб беришга имкон бермайди ва Хитой маҳсулоти сифат жиҳатидан ҳар доим ҳам Европа Иттифоқи давлатларининг минимал талабларига жавоб бера олмайди. Бироқ агар нархлар бундай тезликда ўсишда давом этса, вазият ўзгариши ҳам мумкин.

Айни пайтда пиёз бозорида пайдо бўлган бўшлиқни қандай тўлдириш мумкинлиги эса аниқ эмас. Таомлар рецептида бошқа маҳсулотлар пиёз ўрнини боса олмайди.

2023 йилнинг март—апрель ойларида йиғиб олинадиган пиёз ҳосили Мисрда яхши бўлишига умид қилса бўлади. Бироқ кўриниб турибдики, Мисрдан пиёз сотиб олиш учун Яқин Шарқ мамлакатларидан ҳам, Европа ва Осиёдан ҳам импортёрлар аллақачон навбатда турибди. Бу борада Ўзбекистон учун ҳам осон бўлмайди.

Шу маънода, Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказда келгуси ойларда пиёз нархи янада ўсиши эҳтимоли юқори.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Жаҳон бозорида пиёз нархи нега кескин ошмоқда?