Ўзбекистон ва Россия газ олди-бердиси бўйича ҳали бир тўхтамга келмаган. Шу сабабли аввал кўзда тутилганидек Россиядан Ўзбекистонга 1 мартдан газ етказиш бошланмади.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳар иккала томон ишчи гуруҳлари имзоланган йўл харитаси доирасида ўрганиш ишларини давом эттиряпти. Ҳозирги кунда аниқ келишувга эришилмаган.
“Шу сабабли 1 мартдан Россиядан Ўзбекистонга табиий газ импорт қилиш бошланмайди. Бугунги кунда бу борада қўшимча ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда”, – дейилади вазирлик ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” компанияси ўртасида 24 январ куни газ соҳасидаги ҳамкорликка оид йўл харитаси имзолаган эди. Унга кўра, икки томон феврал ойи охиригача газ етказиб беришнинг техник ва молиявий томонларини муҳокама қилишича, агар келишувга эришилса, тегишли шартнома тузилиши ва 1 мартдан эътиборан “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали реверсив тартибда газ узатиш бошланиши керак эди.
Аввалроқ бу музокараларда Россия газ эвазига Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини “Газпром”га беришни сўрагани, шундай талаб Қозоғистон олдига ҳам қўйилгани маълум бўлганди. Шунингдек, Москва Марказий Осиёдан Хитойга газ экспортини ҳам назорат қилмоқчи бўлаётгани айтилмоқда.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат ўз энергия тармоқларини “бировга бериб юбормаслиги”ни айтган.
“Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти”, – деган вазир.
“Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам, фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз.Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ”, – дея таъкидлаган Мирзамаҳмудов.
Россиянинг Марказий Осиёга газ сотишга қизиқиб қолиши Украина уруши фонида Европа рус энергоресурсларидан юз ўгираётган бир пайтда рўй бермоқда. Москва бунинг учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия иштирокидаги уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қиляпти.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг