date

Google 200 дан ортиқ ходимни кутилмаганда ишдан бўшатди

Google 200 дан ортиқ ходимни кутилмаганда ишдан бўшатди

Google компаниясида яна шов-шувли вазият юз берди. Жаҳоннинг энг йирик технология корпорацияларидан бири ҳисобланган мазкур компания 200 дан зиёд ходимини олдиндан огоҳлантирмасдан ишдан бўшатгани ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳолат жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Собиқ ходимларнинг таъкидлашича, ушбу оммавий ишдан бўшатиш воқеаси компаниядаги қатор муаммолар — паст маошлар, қониқарсиз меҳнат шароити ва иш хавфсизлигининг таъминланмагани каби омиллар билан боғлиқ. Уларга кўра, раҳбарият ходимлар орасида ўсиб бораётган норозилик кайфиятини босиш учун шундай кескин чорага қўл урган.

Охирги бир неча йил давомида Google турли вазифаларни, айниқса сунъий интеллект тизимлари билан боғлиқ ишларини аутсорсинг компаниялари орқали амалга ошириб келаётгани маълум. Масалан, Gemini чатботи жавобларини таҳлил қилиш, таҳрирлаш ва тузатиш каби вазифалар Япониянинг Hitachi корпорациясига қарашли GlobalLogic ва бошқа учинчи томон компаниялари орқали бажариб келинган.

Ишдан бўшатилган ходимлардан бири — Эндрю Лозон ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, у иш жараёнига тўсатдан кириш имкониятидан маҳрум қилинганини ва расмий сабаб сифатида “лойиҳа якунланиши”ни кўрсатишганини таъкидлади. Бироқ у бу изоҳни мутлақо ноаниқ ва ишончсиз деб баҳолаган.

Лозоннинг сўзларига кўра, GlobalLogic бу йил давомида ходимларни босқичма-босқич қисқартиришни йўлга қўйган. Бу эса ишчиларда доимий хавотир уйғотмоқда. Чунки улар ҳар қандай вақтда ишдан бўшатилиши мумкинлигини англаб, иш билан таъминланиш кафолати йўқлигини ҳис этмоқдалар.

Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, Google’даги бу каби кескин қарорлар компаниянинг ички сиёсати ва меҳнат муносабатлари тизимидаги муаммолардан далолат беради. Айниқса, сунъий интеллект соҳасида глобал рақобат тобора кучайиб бораётган бир пайтда, бундай ишдан бўшатишлар компаниянинг обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Google 200 дан ортиқ ходимни кутилмаганда ишдан бўшатди