Польшанинг янги сайланган президенти Кароль Навроцкий ўзининг илк расмий ташрифи билан Берлинга борди ва Германиядан Иккинчи жаҳон уруши йилларида мамлакатга етказилган улкан моддий ва маънавий зарар учун товон пули тўлашни расман талаб қилди.
Олмон ОАВ ёзишича, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер мазкур талабни кескин тарзда рад этган. Шунингдек, Польша раҳбари Германия канцлери Фридрих Мерц билан учрашуви чоғида ҳам ушбу масалани кўтарди, аммо канцлер ҳам Берлиннинг бу борадаги позицияси ўзгармаслигини қатъий таъкидлади.
Қизиғи шундаки, музокаралар якунида одатга кўра ўтказиладиган қўшма матбуот анжумани бу сафар ташкил этилмади. Бу ҳолат немис журналистлари томонидан салбий баҳоланди ва турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Президент Навроцкий ижтимоий тармоқларда берган баёнотида товон пули масаласи ёпилмагани, келгусида Германия билан бу мавзуда музокаралар давом эттирилишини билдирди. Расмий Варшава Берлиндан 1,3 триллион евро миқдорида товон пули талаб қилмоқда. Навроцкийнинг таъкидлашича, бу рақам чуқур ва кенг қамровли илмий таҳлиллар асосида ҳисобланган.
Эслатиб ўтамиз, Польша парламенти 2023 йилда Германия ва Россиядан уруш талафотлари учун товон пули талаб қилиш мақсадида махсус комиссия ташкил этган эди. 2022 йилда чоп этилган уч жилдли ҳисоботга кўра, 1939–1945 йилларда Польша нацистлар ҳужуми ва оккупацияси оқибатида 6,2 триллион злотий (тахминан 1,3 триллион евро) зарар кўрган.
Берлин эса товон пули ўрнига Польшага хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмоқда. Германия ҳукуматининг Польша масалалари бўйича вакили Кнут Абраҳамнинг таъкидлашича, Берлин товон пули тўламайди, аммо Варшаванинг хавфсизлигини таъминлашга тайёр.
Шу билан бирга, Германия томони ўз далилларини келтирмоқда: 1953 йилда Польша парламенти ГФР томонидан уруш зарарларини қоплашга оид мажбуриятлар бажарилганини тан олган. Қолаверса, 1991 йилда икки мамлакат ўртасида имзоланган яхши қўшничилик шартномаси асосида Польшага 1,3 миллиард евро ажратилган.
Бундан аввал ҳам айрим поляк сиёсатчилари товон пули масаласини кўтарган. Масалан, депутат Януш Шевчак зарар миқдорини 900 миллиард долларга баҳолаб, ҳукумат бу масалада талаб қўймаганини шармандалик деб атаган эди.
Польша ҳукуматининг режаларига кўра, Германиядан товон пули масаласи ҳал этилганидан кейин, Варшава айни талабни Россияга ҳам қўйиши мумкин. 2023 йилда бу ҳақда илк хабарлар пайдо бўлганида Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Польшага бундай талабнинг оқибатлари оғир бўлишидан огоҳлантирганди.
Шубҳасиз, товон пули масаласи Польша–Германия муносабатларида энг баҳсли ва ўта мураккаб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!