Фото: Евгений Разумный / Ведомости
Уруш сабабли Украина иқтисодиёти учдан бирга қисқарган. Агар ташқи ёрдам бўлмаса, Украина иқтисодиётини ҳалокат кутмоқда. Лекин уруш пайтида ҳам, ундан кейин ҳам Украинага ёрдам берувчи давлатлар бўлади. Россия иқтисодиётини эса, узоқ муддатли депрессия аниқ кутяпти.
Россия бюджетининг тахминан 40 фоизи – нефт ва газ тушумлари билан тўлдирилади. Давлат хомашё кампанияларидан дивидендлар ва шу соҳадан олинадиган турфа солиқлар натижасида яна тахминан 15-20 фоиз бюджетга тушум тушади. Жами 60 фоизга яқинлашиб қолади.
Россиянинг 70 фоиз гази ва 55 фоиз нефтини Европа давлатлари сотиб оларди. Россия Украинага уруш очиш орқали, де-факто ўзининг энг асосий мижози бўлмиш Европага қарши уруш очди. Европа тезда Россия нефт ва газидан воз кечгани сабабли даромад ҳажми кескин қисқарди.
Уруш – жуда қиммат турадиган тадбир. Уруш сабабли Россиянинг харажатлари ошган, санкциялар сабабли нефт, газ ва олтиндан тушумлар қисқарган.
Россиядаги уруш Ўзбекистон учун икки ўлчамга эга. Иқтисодий ўлчамга кўра, бу урушнинг билвосита зарари Ўзбекистонга ва ўзбекистонликларга бўлади. 2025-30 йилларда Россия иқтисодиёти оғир кунларни бошидан ўтказади. Келаси 2024 йилда Россияда президентлик сайловлари. Путин қолади. У энди кета олмайди.
Путин ҳокимиятдан кетишини Вашингтон ҳам истамаса керак. Чунки Путин орқали Россияни мажруҳлантириш жараёни бошланди. Бундай катта давлатларни мажруҳлантириш – узоқ вақт талаб қилади.
Россия – Ўзбекистоннинг биринчи ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори. Бу давлатда миллионлаб ватандошларимиз ишлайди. Демак, Россиядаги иқтисодий инқироз бизга ҳам таъсир қилади.
Лекин бу урушнинг сиёсий ўлчами биз учун муҳимроқ. Бу уруш – Россиянинг империя қуриш йўлидаги уруши эди. Яхшики, Путин ишни Украинадан бошлади. Агар ишни Марказий Осиёдан бошлаганида эди, тарих бошқа ўзандан кетарди.
Россия Украинада амалда ютқазиб бўлди. Энди аниқки, Украинани тўлиқ босиб ололмайди. Украина Россиянинг «бўғзига тиқилиб қолди». Энди Россия бошқа давлатларга тажовуз қила олмайди. Чунки маълум бўлдики, Россия Украина уруши учун ҳам сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан тайёр бўлмаган экан.
Россия ҳокимиятидаги империячилик лойиҳасининг синиши Ўзбекистон учун кейинги ўн йилликлардаги имкониятларни англатади. Минтақада Россиядан қўрқиш йўқолиб, янги геосиёсий тафаккур шаклланиб бошлайди.
Россияда Путинга хос империячилик тафаккурининг йиқилиши – Россия давлатчилиги йиқилишини англатмайди. Путиндан кейинги Россия Ўзбекистон давлати ва ўзбекистонликлар учун анча жозибали бўлиши ҳам мумкин.
Агар Путиндан кейинги Россияда либерал-демократик жараёнлар ғалаба қозониб, ҳокимиятга келса, бу Марказий Осиё минтақасига ҳам ижобий таъсир қилган бўлар эди. Албатта, империячилик кайфиятлари, одатда, тез йўқолмайди.
Путиндан кейин ҳам бундай кайфиятлар ёки лойиҳалар либерал ғоялар билан аралашган ҳолда сақланиб, кучайиб туриши ҳам мумкин. Лекин назаримда, айнан бугунги кунда Россия империячилиги ўзининг энг юқори чўққисига чиқиб, йиқилиш агониясини бошидан кечирмоқда. Украина уруши – айнан империячилик мотиви билан бошланган уруш ҳисобланади.
Постсовет ҳудудидаги икки энг катта давлат – Россия ва Украина (уларнинг иккиси ҳам славян ва православ) урушар экан, учинчи йирик давлат бўлмиш Ўзбекистонни ҳам кейинги йилларда иқтисодий ва сиёсий зўриқишлар кутади.
Ҳар йили ватандошларимиз Россиядан юборган миллиардлаб доллар пуллар Ўзбекистон жамиятини тинчлантирувчи, барқарорлаштирувчи фонд ролини ўйнаб келди. Бу Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишга қўшимча кучли восита ролини ўйнади. Энди эса кейинги йилларда мана шу жўнатмаларнинг ҳажми сезиларли даражада ёки кескин қисқариши мумкин.
Қолаверса, халқаро иқтисодий институтлар маълумотларига кўра, кейинги йилларда дунё ялпи ички маҳсулоти ўсиши анчагина секинлашади. Демак, пандемия, Украина уруши, глобал иқтисодий рецессия хавфи фонида Ўзбекистон ўзининг ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва ривожланишни таъминлаш бўйича қўшимча лойиҳаларни тайёрлаб қўйиши талаб этилади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос