date

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш осонлашади

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш осонлашади
Ўзбекистонда мопед ва скутер эгалари учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш жараёни соддалаштирилади. Ҳукумат бу борада янги қарор қабул қилди, дея хабар берди Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати. Янги тартиб 2026-йилдан бошлаб кучга киради.

Эндиликда мопед ва скутерлар учун алоҳида “А1” тоифали гувоҳнома жорий этилади. Уни олиш учун автомактабда ўқиш талаб қилинмайди — фуқаро бевосита имтиҳон топшириб, ҳужжатни қўлга киритиши мумкин. Имтиҳон 20 та тест саволидан иборат бўлиб, 16 тасига тўғри жавоб бериш кифоя қилади.

Шунингдек, “А”, “B”, “C” ёки “D” тоифали гувоҳномага эга ҳайдовчилар “А1” тоифасидаги транспорт воситаларини қўшимча рухсатсиз бошқаришлари мумкин бўлади. Бу эса кўплаб ҳайдовчилар учун қулайлик яратади.

2026-йил 1-февралдан “А” ва “B” тоифали гувоҳнома олиш учун назарий ўқиш мажбурияти ҳам бекор қилинади. Эндиликда талабгорлар фақат 20 соатлик амалий машғулотни ўтаб, имтиҳонга киришлари мумкин. Назарий билимларни эса исталган жойда — онлайн ёки мустақил тарзда ўрганиш имконияти берилади.

Шунингдек, 2026-йил 1-апрелдан бошлаб жарима баллари тизими кенгайтирилади. Энди йўлда камера орқали қайд этилган айрим қоидабузарликлар учун ҳам жарима баллари ҳисобланади. Жарималар бевосита транспортни бошқарган ҳайдовчи номига ёзилади, бу эса адолатлироқ тизимни таъминлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш осонлашади