
18 апрел, жума куни Россия рублининг доллар ва юанга нисбатан курси 2023 йил июнидан буён энг юқори кўрсаткичга етди. Бу ҳақда Москва биржаси сайтидаги маълумотларга таяниб, DW хабар берди.
АҚШ санкциялари туфайли ушбу платформада доллар ва евро билан савдо қилиш 2024 йилнинг июнидан тўхтатилган. Бироқ Москва биржаси индикатив валюта курсларини эълон қилишда давом этяпти. Ушбу маълумотларга кўра, 18 апрел куни бир АҚШ долларининг нисбатан курси 82,02 рублни ташкил қилган.
2025 йилда рубл кескин мустаҳкамланди
2024 йил ноябр ойи охирида Россия валютаси бир доллар учун деярли 110 рублгача қадрсизланганди. 2025 йил бошида бир доллар 101,6 рублга тенг бўлган бўлса, Жо Байден маъмуриятининг Россия нефтига нисбатан санкциялар киритиши фонида ставка 15 январда жорий йилдаги энг максимал нуқта – 103,4 рублгача етди. Бироқ Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг рубл курси барқарорлаша бошлади. Бу вақт ичида рубл долларга нисбатан 30 фоизга мустаҳкамланди.
Йил бошида юан курси 13,94 рублни ташкил этган бўлса, 18 апрелга келиб бу кўрсаткич 11,16 рублгача ёки 20 фоизга пасайди. Йил бошида евро курси 106,25 рубл бўлган бўлса, 18 апрелга келиб 93,25 рублга ёки 12,25 фоизгача тушди.
Долларнинг рублга нисбатан жорий курси 2023 йил июнидан бери, юанга нисбатан эса 2023 йилнинг майидан бери энг паст кўрсаткичдир. Евро ҳам 2025 йилнинг февраль ва март ойларида рублга нисбатан сезиларли даражада арзонлашган.
Bloomberg: Рубл олтиндан ҳам фойдалироқ бўлди
Bloomberg’нинг 15 апрел куни хабар беришича, халқаро биржадан ташқари бозорда рубл 2025 йил бошидан бери долларга нисбатан 38 фоизга мустаҳкамланиб, дунёдаги энг тез ўсаётган валютага айланган. Бу давр мобайнида олтин нархининг ошиши 23 фоизни ташкил этган.
Bloomberg’га кўра рубл курсининг мустаҳкамланаётганига Россия Марказий банкининг асосий ставкани 21 фоизлик даражада ушлаб тургани ёрдам беряпти, бу инфляцияга ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, бошқа ривожланаётган бозор валюталаридан фарқли ўлароқ, рубл глобал сармоядорларнинг хавфли активларни тарк этиши натижасида капиталнинг чиқиб кетиши босимини бошдан кечирмаяпти, чунки уларнинг аксарияти Россияни аллақачон тарк этиб бўлган.
Агентликнинг қайд этишича, валютанинг мустаҳкамланиши Кремл учун ёқимсиз ҳодиса бўлиши мумкин, чунки бу хорижий валютада олинадиган энергия даромадларини камайтиради ва мамлакат ичида ресурсларни ишлаб чиқариш харажатларини оширади. Украинадаги уруш ва ижтимоий дастурлар учун рубл ажратиш ҳажми ҳам ортади.
Рубль курсининг барқарорлашувига қайси омиллар таъсир қиляпти?
Геосиёсий оптимизм. Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг бошланиши, америкаликлар ва Украина расмийлари ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича алоқалар хорижий инвесторларнинг Россия фонд бозорига капитал киритишини рағбатлантиряпти. Шунингдек, АҚШ Россияга қарши санкцияларни юмшатиш режасини тайёрлаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам пайдо бўлганди.
Россия Марказий банки охирги ҳисоботида ҳам рублнинг мустаҳкамланишига таъсир қилаётган асосий омиллардан бири сифатида геосиёсий кескинликнинг пасайиши бўйича ижобий кутилмалар келтирилган.
Валюта тушумларининг кўпайиши. Феврал ойида Россиянинг энг йирик экспортчиларидан 29 та компаниянинг соф савдоси январ ойига нисбатан 25 фоизга ошган ва 12,4 миллиард долларни ташкил этган. Натижада молия бозорида рубл активларига нисбатан талаб ошган.
Мавсумий талабнинг пасайиши. Market Power лойиҳаси таҳлилчиларининг қайд этишича, биринчи чоракда валютага бўлган талаб ҳам импорт қилувчилар, ҳам аҳоли ўртасида паст бўлади. Бу даврда ташқи қарзни тўлаш учун хорижий валютага бўлган эҳтиёж ҳам йилнинг бошқа даврларига нисбатан камаяди.
Жаҳон бозорида доллар курсининг заифлашиши. Март ойида Америка валютаси нафақат рубль, балки бошқа валюталарга нисбатан ҳам заифлашди. Глобал миқёсида долларга бўлган талаб АҚШ иқтисодиёти истиқболлари ҳақидаги хавотирларнинг кучайиши туфайли пасайган. Бозордаги саросимага Доналд Трампнинг бож уруши асосий сабаб бўлди. Америка президенти жорий қилган юқори тарифлар натижасида иқтисодиётда рецессия бошланиши истисно этилмаяпти. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар