
Ла Лига 10-тур доирасидаги асосий тўқнашув — «Эл-Класико» якунланди. Мадридда бўлиб ўтган ўйинда «Реал» ўз майдонида «Барселона»ни 2:1 ҳисобида енгиб, навбатдаги муҳим ғалабани қўлга киритди. Беллашувдан сўнг Испаниянинг Marca нашри анъанавий рейтингини эълон қилди, унда футболчиларнинг ўйиндаги фаолияти батафсил баҳоланди.
Энг юқори баҳога «Реал»нинг марказий яримҳимоячиси Жуд Беллингем сазовор бўлди — у 9 балл билан ўйин қаҳрамони деб топилди. Англиялик футболчи нафақат ўйинни назорат қилди, балки жамоаси ғалабасида ҳал қилувчи роль ўйнади. Унинг ҳаракатларидаги ишонч ва техник аниқлик “қироллик клуби”нинг устунлигини таъминлади.
Беллингемдан кейинги юқори кўрсаткични Килиан Мбаппе, Войцех Шчесни ва Эдер Милитао қайд этди — уларнинг ҳар бири 8 балл олди. Мбаппе ҳужумда доимий хавф туғдирди, Милитао эса ҳимояда жамоани ишончли қўллаб турди.
Шу билан бирга, “Барселона” сафида вазият бутунлай бошқача бўлди. Каталонияликлар сафида энг паст баҳога ёш вингер Ламин Ямал тушди — атиги 4 балл. Бу "Эл-Класико" доирасидаги энг паст кўрсаткич бўлди. Ёш иқтидор ҳужумда фаол бўлишга уринган бўлса-да, рақибнинг қаттиқ прессинги остида ўзини кўрсата олмади.
Қуйида Marca томонидан белгиланган баҳолар келтирилган:
«Барселона»:
Шчесни – 8, Кунде – 4.5, Эрик Гарсия – 4.5, Кубарси – 4.5, Балде – 4.5, Де Йонг – 5, Педри – 6, Ямал – 4, Фермин Лопес – 6, Решфорд – 6, Торрес – 4.5.
«Реал Мадрид»:
Куртуа – 7.5, Валверде – 6, Милитао – 8, Ҳейсен – 7.5, Каррерас – 6, Чуамени – 7.5, Камавинга – 7, Гулер – 5, Беллингем – 9, Винисиус – 7.5, Мбаппе – 8.
Марказий ўйиндаги натижадан сўнг “Реал” 27 очко билан Ла Лигада пешқадамликни мустаҳкамлади. “Барселона” эса 22 очко билан орқада қолди ва чемпионлик учун курашда жиддий босимни ҳис эта бошлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!