4 411
Юлий Юсупов: "Солиқ Қўмитасининг таклифи Афандининг кўз ёши учун солиқ солиш ғоясига ўхшайди"
Иқтисодчи Юлий Юсупов сўнгги вақтларда тадбиркорларнинг ишига очиқ-ойдин зарар етказаётган мантиқсиз солиқлар ҳақида ўз фикрини билдирди.
Унга кўра ҳозирги солиқ сиёсати тадбиркорликни заифлаштиради ва тадбиркорларнинг давлатга бўлган ишончини йўққа чиқаради.
Сиз тадбиркорсиз. Маҳсулотингизни хорижлик ҳамкорингизга сотдингиз. Аммо ҳамкор пулни тўлашда кечикди ёки умуман сизни алдади, етказиб берилган маҳсулот учун тўлов қилмади. Ёки бошқа бир ҳолат: сиз хориждан маҳсулот сотиб олдингиз, унга пул тўладингиз, етказиб берувчи эса маҳсулотни жўнатишни чўзиб юборди, ёки умуман жўнатмади. Бундай вазиятда ким айбдор? Сизми, ёки ҳамроҳингизми? Соғлом ақл ҳамкорингиз айбдор эканлигини кўрсатиб турибди. Сиз эса айнан жабрланувчи томонсиз.
Бироқ амалдорларимизнинг мантиғи умуман бошқача: четга маҳсулот чиқаряпсанми – сахий бўл, валютани олдиндан кўрсат; маҳсулот олиб кириш учун валюта чиқаряпсанми – унда маҳсулотни олдиндан кўрсат. Агар сизга экспорт қилган маҳсулотингиз учун пул тўлашмаса, ёки пулингизга яраша маҳсулот етказиб беришмаса, у ҳолда фақат сиз айбдор бўласиз. Гарчи олинган мажбуриятни сиз эмас, ҳамкорингиз бузган бўлса ҳам. Яна сизга бунинг учун жарима ҳам солишади.
Мантиқнинг ажойиблигини қаранг! Ваҳоланки, давлатнинг бу – ўз вақтида олинмаган ёки йўқотилган пул, ёхуд маҳсулотга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Сиз давлатникини эмас, ўзингизнинг шахсий маҳсулотингизни сотдингиз. Ёки четдан келтираётган маҳсулотингиз (импорт) учун давлатнинг эмас, ўзингизнинг пулингизни тўлаяпсиз. Лекин давлатимиз қандайдир йўл билан бу ерга аралашиб қоляпти.
Бу умуман советча мантиқ: совет даврида ҳамма нарса давлатники бўлган – кимдир хорижга маҳсулот чиқариб, бунинг учун валюта олмаса, демак у халқ мулкини ўмарган, деб ҳисобланган. Импорт учун сарфланган пул ҳам худди шундай – “давлатники” бўлган.
Аммо юқорида саналган ҳолатларнинг биронтасида маҳсулот ҳам, пул ҳам давлатники эмас! Агар давлат экспорт ва импорт шартномаларидан камроқ солиқ олганида бу ердаги мантиқни тушунган бўлардим. Шунда у: “Ҳа, биз солиқдан бўйин товлашга қарши курашяпмиз”, дейиши мумкин эди. Лекин бундай эмас: сиз ҳар қандай ҳолатда – ҳатто экспорт қилинган маҳсулот учун пул тўлашмаса, ёки пули тўланган импорт маҳсулотни умуман етказиб беришмаса ҳам солиқ тўлайверасиз.
Унда нега ва қайси қонунга кўра давлат жабрланувчи томонни жаримага тортяпти?
Яна Солиқ қўмитасидаги амалдорларга бу мантиқсиз, абсурд жарималар ҳам кам кўринган шекилли, энди жарима миқдорини ошириш ташаббуси билан чиқишибди.
Давлат Солиқ Қўмитасининг таклифи Хўжа Насриддин Афандининг кўз ёши учун солиқ солиш ғоясига ўхшайди: “Кўз ёши учун солиқ янги кўз ёшиларга сабаб бўлади, янги кўз ёшилар эса янги солиққа”.
“Кўз ёши учун солиқ”нинг яна бир тури – “ижобий курс фарқи” деб номланади, у корхонанинг фойдасига қўшилади, бундан эса солиқ тўлаш керак бўлади. Негадир қонунчилигимиз миллий валюта қадрсизланишини бойиш манбаи, деб қабул қилади. Сўм долларга нисбатан 20%га тушиб кетса, бунинг ортидан қўлида доллар бор одамлар 20%га бойиб қолган, деб ҳисобланади. Қизиқ мантиқ. Лекин нима учун бу вақтда нархлар сўмда қанчага ошгани (инфляция бўлгани) ҳисобга олинмайди? Балки нархлар 20%дан ҳам кўпроқ ошгандир? Шунда ҳеч қандай “бойиш” содир бўлмади-ку! Унда нега фақат “ижобий курс фарқи” ҳисобланяпти? Агар фарқ салбий бўлса, уни зарар деб билиб, солиқлар рўйхатидан чиқариб ташлаш керак эмасми? Йўқ, мумкин эмас экан.
Миллий валюта қадрсизланар экан, энг аввало бу давлатнинг айбидир – самарасиз пул-молия ва бюджет сиёсати туфайли. Бироқ миллий валюта қадрсизланишига масъул бўлган давлат бунинг учун ўзини эмас, ишлаб топган пулини қандайдир йўллар билан инфляциядан ҳимоя қилишга уринаётганларни жазолаяпти. “Биз сизни инфляция воситасида тунаймиз, бу талончиликка қаршилик қила кўрманг!” – деб айтмоқчи бўляпти бизга амалдорлар.
Бу худди экспорт қилинган маҳсулотга ўз вақтида пул олинмагани учун жарима белгилангани каби бузуқ мантиқ. Яъни, “жуда кучли” мантиқ: “Мен шундай бўлишини хоҳладимми, демак, шундай бўлади!” Кечирасиз-у, бу жамият назоратидаги давлатнинг эмас, ҳеч кимни назар-писанд қилмайдиган талончининг мантиғи.
Хўп, қачон бундай талончиларга хос мантиқдан воз кечамиз? Ҳеч бўлмаса мана шу икки нарса – юқорида айтилган жарима ва “курс фарқи”га солиқ солиш қачон бекор қилинади? Ҳозирча янги Солиқ кодекси қабул қилинмаган экан, парламент ва ҳукумат бу ҳақда ўйлаб кўришининг айни вақти.
Акс ҳолда, кўз ёшига солиқ солиш қолди, холос. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди