13:50 / 21.11.2019
3 681

Коррупция - тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чекловчи омил

Коррупция - тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чекловчи омил
Ушбу мақола Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтида тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чекловчи омилларни ўрганиш юзасидан олиб борилган тадқиқот натижалари асосида тайёрланди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан кўзланган асосий мақсад ҳалқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдир. Ишбилармонлик муҳитини шаклланиши, тадбиркорлик фаолияти ҳамда ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш республика аҳолисининг фаровон турмуши асоси ҳисобланади. Шу мақсадда аҳолининг турли қатламларини ҳамда кичик корхоналарнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Биргина «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш учун 7,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Шу билан бирга, бир қатор ҳал этилмаган муаммолар сақланиб қолмоқда, айниқса ер участкаларини ажратиш, агротехник тадбирларни олиб бориш, тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш инфратузилмасидан, кредит ва бошқа молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини таъминлашда, фаолиятини эркин юритишда бюрократик тўсиқлар ва сансалорликлар учрамоқда. Бундай бюрократик тўсиқлар ва сансалорликлар коррупция деган иллатнинг илдиз отишига сабаб бўлади.

Қонунчилигимизда коррупцияга курашишнинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида” ги Қонуни, Президентнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармони, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сон Қарори шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5729-сон Фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурининг 26-бандига мувофиқ тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашганлиги, ноқонуний ҳаракатлар қилганлиги, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклашга ёки уларни тўхтатишга сабаб бўлган асоссиз ва ноқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш назарда тутилган.

“Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ коррупция - бу, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллардан қуйидагиларни таҳлил қилсак:
1) Қонун ҳужжатларида коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи нормаларнинг мавжудлиги. Масалан, муддатларнинг мавжуд эмаслиги ёки ноаниқлиги, тақдим қилиниши керак бўлган ҳужжатларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, яъни жисмоний ва юридик шахсларга ноаниқ, бажарилиши қийин бўлган ва оғирлаштирилган талабларни мавжудлиги ёки норма санкцияларида аниқ миқдорнинг йўқлиги ва бошқалар;

2) Мансабдор шахсларнинг дискрецион ваколатлардан ўз манфаати йўлида фойдаланиши. Масалан, тадбиркорликнинг бир тури бўлган фермер хўжалигининг фаолият юритишида ҳам қатор муаммолар мавжуд бўлиб, давлат органлари ва мансабдор шахслар фермерларга фаолият юритиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган “шароитлар яратиши”га кўмаклашишни амалиётда бошқача қўлламоқдалар. Хусусан, фермерлик фаолиятига (айниқса экин экиш ва ҳосилни йиғиб олиш хамда агротехник тадбирларни олиб бориш бўйича) мансабдор шахсларнинг ортиқча аралашуви ҳолатларининг кўплиги;

3) Давлат хизматчилари иш ҳақининг пастлиги ҳамда айрим мансабдор шахсларнинг ўз мансабини даромад манбаига айлантирганлиги, хизмат вазифаларини бажаришда маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчиликка йўл қўйиши ва бошқа сабабларнинг мавжудлиги.

Бундай ҳолатлар тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан давлат органлари мансабдор шахслари ўртасида жиддий муаммолар борлигини билдиради. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига 2019 йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлардан ўн олти мингта мурожаат тушган бўлиб, шулардан икки мингга яқин мурожаатда мансабдорларнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган .
Ўзбекистон Республикаси Олий судидан олинган маълумотларга асосан, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича судлар томонидан 2016-2017 йиллар, шунингдек, 2018 йилнинг биринчи чораги давомида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш билан боғлиқ 2 минг 358 та маъмурий ҳамда 22 та жиноий иш кўрилган.

Тадбиркорлик фаолиятининг қонуний кафолатлари
Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Бундан ташқари “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида” ги Қонунга мувофиқ назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунда фермер хўжаликларининг ўз фаолиятида мустақиллиги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” ги Қонунда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари деҳқон ва фермер хўжаликларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан ушбу хўжаликларнинг агротехника усулларини, етиштириладиган маҳсулот турини танлашига, бу маҳсулотнинг баҳосини ҳамда реализация қилиш йўналишини белгилашига аралашишга ҳақли эмаслиги ва бошқа кафолатлар белгилаб қўйилган.

Хорижий мамлакатлар тажрибасига кўра
Хорижий давлатлар қонунларида мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувига қўйилган тақиқларнинг меъёрий тавсифига турли хил ёндашувлар билан ажралиб туради. Масалан,
Озарбайжон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси 602-моддасига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, мансабдор шахсларга беш юздан бир ярим минггача пул миқдоридаги жарима жазоси қўлланилади.

Қозоғистон Республикаси Жиноят Кодекси 365-моддасига мувофиқ ўз мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъекти,тижорат ташкилоти фаолиятига тўсқинлиқ қилиш, ноқонуний аралашиши оқибатида фуқаролар ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказилган бўлса, 2 минг ойлик ҳисоб кўрсаткичи миқдорида жарима билан жазоланади. Ўша харакатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса 5 минг ойлик ҳисоб кўрсаткичи миқдорда жарима ёки олти юз соат мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш, мол-мулкини мусодара қилиш, умрбод муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Туркия Республикаси Жиноят Кодексининг 201-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаш ёки куч ишлатиб, зўрлик ёки таҳдид билан тўсқинлик қилиш, - уч ойдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жанубий Корея Республикаси Жиноят кодексининг 314-моддаси бизнесга тўсқинлик қилиш деб номланиб, тадбиркорлик субъекти фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки тадбиркорга куч билан тазйиқ ўтказиш, - беш йил қаттиқ тартибли мажбурий ишларга ёки ўн беш миллион пул миқдорида жарима билан жазоланади.

Хорижий мамлакатлар қонунчилигида коррупцияга қарши курашиш мақсадида махсус қонунлар қабул қилиниб, тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Европа мамлакатларида қуйидаги чоралар самарали амалга оширилади:
1) давлат амалдорлари ва уларнинг оила аъзолари даромадлари ва мулки ҳақидаги декларация;
2) коррупция ёки талон-тарож қилиш ҳолатларига йўл қўйилганликда гумон қилинганда бу ҳақда аноним яъни яширин хабар бериш механизмининг мавжудлиги;
3) банк операцияларида сармоя ювиш устидан назорат механизмлари;
4) ОАВларнинг жамоатчилик назоратидаги мустақиллиги. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида ўтказилган тадқиқот ишлари ОАВ ларининг коррупцияга қарши курашдаги муҳим роль ўйнашини кўрсатди, шу муносабат билан Transparency International мунтазам равишда давлатларни сўз эркинлиги, ОАВ мустақиллиги, шунингдек, фуқаролик жамиятининг очиқлиги ва иштирокини рағбатлантиришга даъват этади .

Хулоса ўрнида
Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлашдаги мавжуд ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашганлиги, ноқонуний ҳаракатлар қилганлиги, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклашга ёки уларни тўхтатишга сабаб бўлган асоссиз ва ноқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги билан боғлиқ масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш учун қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарур.

Бинобарин қонунчилигимизда мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний тарзда аралашганлиги учун махсус жавобгарлик ўрнатилмаганлиги, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда қийинчиликлар туғдиради, айрим мансабдор шахсларга эса тадбиркорлар ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилган ҳолатларда жавобгарликдан қутилиб кетиш имкониятини яратади.

Юқоридаги таҳлиллардан ҳамда хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик Кодекси ҳамда Жиноят Кодексига тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарликни белгиловчи нормани киритиш жамиятимизда содир бўлаётган қонун бузилишларини олдини олади.

Д.Анварова
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходими

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Коррупция - тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чекловчи омил