
Ҳиндистондаги бир қатор йирик нефть қайта ишлаш корхоналари АҚШнинг «Роснефт» ва «Лукойл» компанияларига нисбатан жорий этган санкцияларидан сўнг Россия нефтини харид қилиш бўйича янги шартномаларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистондаги энг катта энергетик компаниялар ҳозирча расмий изоҳ ва аниқ ҳуқуқий йўриқномаларни кутаяпти. Улар етказиб берувчилар билан шартномаларни давом эттириш қонуний ҳисобланиш-ҳисобланмаслиги юзасидан ҳукумат ва молия тизими билан маслаҳатлашмоқда.
Шу билан бир вақтда, давлатга қарашли Indian Oil компанияси раҳбарияти бу чекловлар барча турдаги Россия нефтини қамраб олмаганини таъкидлаб, харидларни тўхтатмаслигини маълум қилди.
«Россия нефтининг ўзи санкция остида эмас. Фақат айрим компаниялар ва кемалар чекловга дучор бўлган. Агар бизга тақиқланмаган компания орқали етказиб бериш таклиф қилинса, биз сотиб олишда давом этамиз», — деди Indian Oil молиявий директори Ануж Жайн.
Шу билан бирга, Ҳиндистондаги кўплаб нефть компаниялари, жумладан Indian Oil ҳам, ҳозирча эҳтиёжларини спот бозорлар орқали — яъни тез етказиб бериладиган, жорий нархдаги шартномалар билан таъминламоқда. Reuters суҳбатдошларидан бири таъкидлашича, «биз етказиб берувчи шахслар санкцияга дучор бўлмаганига ишонч ҳосил қилишимиз шарт, акс ҳолда банклар тўловларни амалга оширмайди».
Ҳиндистон ҳозирда Хитой билан бир қаторда Россия нефтини энг йирик харидорлардан бири ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, Россиянинг умумий экспорт ҳажмининг 40 фоизидан ортиғи айнан Ҳиндистон бозорига йўналтирилган. Украинадаги уруш бошланганидан кейин мамлакат Россиядан нефть харидини кескин оширганди.
Бироқ АҚШ ҳукумати бу жараёндан норози. Доналд Трамп маъмурияти бир неча ойдан бери Ҳиндистонга босим ўтказиб, Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишни талаб қилиб келмоқда. Август ойида Трамп Ҳиндистонга Россия энергия ресурсларини харид қилгани учун 25 фоизлик қўшимча бож жорий қилган эди.
Шундан сўнг у бир неча марта Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди харидларни қисқартиришга ваъда берганини айтди, аммо бу маълумот Ҳиндистон ҳукумати томонидан ҳеч қачон расман тасдиқланмади.
20 октябрь куни Трамп яна бир оғир баёнот билан чиқди — агар Ҳиндистон Россия нефтини сотиб олишни тўхтатмаса, у АҚШга экспорт қилинаётган Ҳиндистон товарларига нисбатан «улкан божлар» сақланишини билдирди.
Мутахассислар фикрича, бу вазият нафақат Ҳиндистон энергетика бозори, балки бутун жаҳон нефть савдоси мувозанатига таъсир кўрсатиши мумкин. Агар Ҳиндистон чинакам санкцияларга қўшилса, Россия нефтини сотиш учун янги йўналишлар излашга мажбур бўлади — бу эса нафақат иқтисодий, балки сиёсий кескинликни ҳам кучайтиради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!