date

Ғазода сулҳ соясидаги портлашлар: исроил зарбалари кескин баҳсларга сабаб бўлди

Ғазода сулҳ соясидаги портлашлар: исроил зарбалари кескин баҳсларга сабаб бўлди

Исроил ҳарбий кучлари 28 октябр сешанба куни кечаси Ғазо ҳудудини ҳаводан вайрон қилди. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, зарбалар натижасида камида 26 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Улар орасида болалар ва аёллар ҳам борлиги айтилмоқда. Reuters ёзишича, энг оғир ҳолатлардан бири Бурейж қочқинлар лагерда кузатилган — бир уйга тўғридан-тўғри бомба ташланиб, беш киши ҳалок бўлган. Шунингдек, Сабра маҳалласидаги бинода тўрт киши, Хон Юнус шаҳрида эса бир машинада бўлган беш киши қурбон бўлган.

Гувоҳлар айтишича, зарбалар тонг отгунига қадар давом этган. Кўплаб бинолар вайрон бўлган, ёрдам гуруҳлари қуролсиз аҳоли орасида жабрланувчиларни излашда давом этмоқда.

Ҳужумлар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни офисидан чиққан баёнот ортидан бошланган. Унда “Исроил қудрати билан жавоб қайтаради” деган қатъий сўзлар айтилган, аммо зарбанинг аниқ сабаби кўрсатилмаган. Reuters манбаларига кўра, Ҳамас кучлари Исроилга тегишли бир қисмидаги ҳарбийларга ҳужум қилгани айтилган.

Ҳамас эса ўз баёнотида ҳодисага алоқаси йўқлигини, Рафаҳдаги қуролли тўқнашувлар унинг назоратидан ташқари эканини билдирган. “Биз сулҳ шартларига тўлиқ амал қиляпмиз. Ҳозирги ҳужумлар — тинчлик жараёнини издан чиқаришга уриниш”, — дейилади гуруҳнинг билдирувида. Улар воситачи давлатларни Исроилга босим ўтказишга чақирган.

Айрим таҳлилчилар бу ҳодисани Исроилнинг Ғазога қарши янги ҳарбий босқични бошлаш учун баҳона сифатида талқин қилмоқда. Уларга кўра, охирги ҳафталардаги ноаниқ вазият Исроилга янги зарбалар учун “қонуний сабаб” яратишга хизмат қилган бўлиши мумкин.

Ҳужумлардан кейин АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, “сулҳ хавф остида эмас”, аммо Исроил “ҳужумга жавоб қайтаришга ҳақли”. “Агар исроиллик аскар ўлдирилган бўлса, жавоб бўлиши табиий. Улар ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга”, — деди Трамп Air Force One бортидаги журналистларга.

Трампнинг таъкидлашича, “Ҳамас Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнининг кичик бир қисми холос. Агар улар тинч бўлса, яхши; бўлмаса, натижа оғир бўлади”.

Ғазода 10 октябрдан буён амал қилиб келаётган сулҳ Америка томонидан қўллаб-қувватланган эди. Бу келишув орқали ҳар икки томон ўт очишни тўхтатиб, асирлар алмашинуви жараёнини бошлаган эди. Бироқ сўнгги кунлардаги портлашлар сулҳнинг мўртлигини яна бир бор кўрсатди.

Шу тариқа, Ғазо яна дунёнинг эътибор марказида. Ҳар бир навбатдаги портлаш нафақат тинч аҳоли ҳаётини издан чиқараяпти, балки Яқин Шарқдаги барқарорлик умидларини ҳам яна бир қадам орқага сурмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазода сулҳ соясидаги портлашлар: исроил зарбалари кескин баҳсларга сабаб бўлди