1-майдан Ўзбекистонда АИ-80 маркали бензин ва дизелнинг чакана нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади. Бу истеъмолчилар учун қанчалик фойдали бўлади?
Бу борадаги президент қарори ва умуман жаҳон нефть бозоридаги ноёб ҳолат Ўзбекистондаги бензин нархига қандай таъсир қилади?
Kun.uz мухбири мутахассисларнинг айни мавзудаги фикрлари билан қизиқди.
«Янги нархлар қандай бўлиши ва улар қандай шаклланиши ҳукумат белгилайдиган ўйин қоидаларига боғлиқ»
Юлий Юсупов, Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори:
– Бизда бензин ва дизель ёқилғиси нархлари давлат томонидан тартибга солинади, яъни белгилаб берилади. Нархлар анча олдинроқ эркин бозорга чиқарилиши керак эди, аммо ҳозир – бунинг учун қулай вақт. Чунки жаҳон бозорида нефть нархи кескин пасайиб бормоқда.
Янги нархлар қандай бўлиши ва улар қандай шаклланиши ҳукумат белгилайдиган ўйин қоидаларига боғлиқ. Агар ҳақиқатан ҳам эркин бозор қоидаларига амал қилинса, жаҳон бозорида кузатилаётган нархлар ортидан Ўзбекистонда ҳам ёқилғи нархларининг тушиши муқаррар.
Аммо биз сунъий монополияларни яратишни яхши кўрамиз (бунга автомобилсозлик саноати энг яққол мисол). Агар эркин бозор ўрнига шу каби монополия таъминотини яратилса, унда ҳаммаси расво бўлади. Аммо ўйин қоидалари ҳалол бўлишига умид қилиб қоламиз.
Ўзбекистонда эркин бозор шароитида ёқилғи нархи тахминан Қирғизистондаги каби бўлади (Қозоғистондан мўлжал олмаслик керак, чунки у ерда бензинга экспорт божларини ҳисобланмаслиги сабабли нархлар анчагина паст).
«Бозор эркин бўлмаса, нарх ҳам эркин бўлмайди»
Беҳзод Ҳошимов, АҚШнинг Висконсин университети докторанти:
– Мен яшайдиган шаҳарда бензиннинг нархи тахминан 40 фоизга тушибди. АҚШда энергетика бозорида рақобат жуда кучли, шунинг учун ҳам бўлса керак, нефтнинг нархи қанчага ўзгарса, бензин нархи ҳам худди шундай ўзгаради. Озгина вақт ўтиб, албатта.
Фото: Kun.uz
Нефть нархи яқин тарихдаги энг арзон маррага келди. Энергетика ва ёқилғи секторида ислоҳот қилиш учун бундан яхши вақт топиб бўлмайди. Ҳозир давлат бензин субсидияларидан воз кечиб, бутун ёқилғи секторини хусусийлаштириб юбориши учун бундан яхши вақт бўлмайди. Чунки бундай арзон нефть ҳисобига, субсидиялар олинганидан кейин ҳам, бензин нархи қимматлашмайди ва истеъмолчилар ислоҳотни хурсандчилик билан қабул қилишади. Давлат ҳам ҳарна бир нарса билан камроқ шуғулланади ва бюджет учун маблағ тежайди (Ўзбекистон 2017 йилда энергетика субсидияларига 5,2 млрд доллар сарф қилган).
Нефть нархи бошқа энергоресурслар учун нархни белгилагани учун ҳам, энергетика соҳасидаги барча ислоҳотларни шу йилда қилиб қўйиш керак. Йил охирига келиб нормал энергетика сектори шаклланиши мумкин.
Яқин йигирма йилда бундай имконият бўлмаган.
Бензин нархлари эркин қилинаётгани яхши янгилик. Лекин ёқилғи бозорга кириш учун тўсиқлар олинмас экан, қўйилган мақсадга эришиш қийин бўлади. Билишимча, давлат бу бозордан чиқишни ҳали режалаштирмаяпти. Рақобат чекланиши ва бозорга янги ўйинчилар киришини регуляция қилиш – нарх учун яхши иш бўлмайди. Бензин ишлаб чиқариш ва сотишдан давлат батамом чиқиб кетишини таъминлаш керак.
Бензинга келганда тўлиқ эркин бозорга ўтишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Шундай қилсак, барча ютади. Агар бу бозорни тўлиқ рақобатли ва нарх эркин белгиланадиган бозорга айлантирмасак, ҳозирги нархларни эркинлаштиришниг маъноси қолмайди.
Бозорнинг эркинлиги унда нечта ташкилот фаолият олиб бориши билан эмас, янги ўйинчи шу бозорга кириб келиши учун мавжуд тўсиқлар билан ўлчанади.
Яъни агар бир фаолият тури билан шуғулланиш учун тўсиқлар кўп бўлса ва тўсиқларни ишлаб турган ташкилотлар ижро қилса, бу рақобатли бозор эмас дегани. Нечта ташкилот шу бозорда фаолият юритмасин, бозорни эркин деб бўлмайди. Бозор эркин бўлмаса, нарх ҳам эркин белгиланмайди.
Умид қиламизки, яқин келажакда давлат бу соҳадан тўлалигича чиқиб кетади. Қайтараман, энергетика ва ёқилғи соҳасида ислоҳот қилиш учун ҳозиргидан яхши имконият ҳеч қачон бўлмаган ва келажакда бўлмаслиги ҳам мумкин.
«Барча иштирокчиларга тенг имконият бериш муҳим»
Нодир Жумаев – Олий Мажлис депутати, иқтисод фанлари доктори, профессор:
– Жорий этилаётган ҳолатни мазкур турдаги ёқилғи маҳсулотларининг арзонлашишига олиб келиши сифатида баҳолаш керак эмас.
Ўрнатилаётган тартибга кўра, нархларни бозорнинг ўзи белгилайди, яъни нархлар талаб ва таклиф қонунларига оид шаклланади. Бундан англашиладики, маҳсулотга қанчалик талаб юқори бўлса, нархлар ҳам шунга монанд шаклланади ва аксинча.
Мазкур масаланинг асосий жиҳати – соҳада соғлом рақобат муҳити ва хизмат кўрсатиш сифатининг қарор топишидир. Барча иштирокчиларга тенг кириш имкониятини ва нархларни шакллантиришнинг шаффофлигини таъминлаш муҳим масаладир. Шу нуқтайи назардан, қарор билан 2020 йил 1 октябрга қадар нефть-газ тармоғидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизими жорий этилишининг белгиланиши айни муддаодир.
Эслайлик, нон ва нон маҳсулотлари нархларининг бозор иқтисодиёти шароитида эркин шаклланишига йўл очилиши қандай ҳолатни берди? Бир нарсани тўғри тушуниб олишимиз керак. Ўрнатилаётган тартиб, нафақат маҳсулотнинг нархи масаласида, балки унинг сифатини таъминлаш юзасидан ҳам амалга ошириляпти.
Тан олайлик, биз ҳанузгача тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтмадик. Иқтисодиётимизни бозор қонунлари доирасида шакллантирмас эканмиз, рақобат муҳитини ривожлантира олмаймиз, халқаро бозордаги ўрнимизни бой берамиз. Монопол корхоналар ўзи истаган нархларни ўрнатишда давом этади. Булар жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувимизга хам салбий таъсир қилади.
Қарорда 2020 йил 1 июнга қадар юқори малакали хорижий экспертлар ва мутахассислар, шу жумладан хориждаги ватандошларни нефть-газ тармоғи корхоналарига ишга ёллаш тўғрисида ҳам аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилганки, буларнинг барчаси мазкур соҳадаги шаффофликни таъминлашдаги муҳим қадамдир. Фикримизча, кўрилаётган чора-тадбирлар ёқилғи-энергетика соҳасини соғломлаштиришга, унинг бозор иқтисодиёти ва рақобат муҳитида фаолият юритишига олиб келади.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқарувчи томонидан маҳсулот яратиш давридаги харажатлар (иш ҳақи, солиқлар, фойда ва ҳ.к.) ҳисобга олинган ҳолда нарх таклифи берилади. Бозорда мазкур нарх мақбул кўриниш ҳосил қилмаса, яъни қиммат бўлса, сифатга таъсир этмаган ҳолда корхона маҳсулот ишлаб чиқаришнинг нисбатан арзон бўлган, илм-фан ютуқларига таянган ва инновациялашган вариантидан фойдаланиш йўллари устида ишлашига тўғри келади. Монополия ва рақобатсиз ҳолат маълум бир нархни истеъмолчилар талабига номутаносиб шаклланишига олиб келади.
Шу нуқтайи назардан олиб қараганда, энг муҳими нархларнинг арзонлиги ёки қимматлиги эмас, унинг мақбул ҳолатда бўлгани яхши, яъни ишлаб чиқарувчига ҳам, истеъмолчига ҳам манфаатли бўлиши муҳим.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси ўринбосари Улуғбек Ашуровнинг қайд этишича, ушбу механизмнинг жорий қилиниши соҳада рақобат муҳитини кучайтиради, нархни туширади ҳамда хизмат сифатини оширади.
«Мазкур механизмнинг апрель-май ойларида жорий этилиши бензин ва дизель ёқилғиси нархининг дунё бозорларидаги нархлардан келиб чиққан ҳолда пасайишига олиб келади», дейди у.
Фото: Ўзбекнефтгаз
Kun.uz`га маълум бўлишича, Ўзбекистон 2020 йилда жами 1,1 млн тонна автобензин ишлаб чиқаришни режалаштирган (шундан 891 минг тоннаси – АИ-80 маркали). Бундан ташқари, 2,4 минг тонна Евро 4 ва 5 экологик тоифадаги бензин импорт қилиниши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, жорий йилда 1,2 млн тонна дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш ва 1,6 минг тонна Евро 4, 5 экологик тоифадаги юқори сифатли дизель ёнилғисини импорт қилиш режалаштирилган. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»