1 132
Жаҳон банки: «Ўзбекистонда тасодифий бўлмаган ўлимларнинг 6 фоизи ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ»

Жаҳон банки таҳлиллари аҳолининг катта қисми мунтазам равишда носоғлом деб ҳисобланган ҳаводан нафас олишини кўрсатди. Бундан ташқари, об-ҳаво кескин ёмонлашуви Ўзбекистонни Марказий Осиё мамлакатлари ичида ижтимоий ҳимояси заиф давлатга айлантирди.
Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодий тараққиёти ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистон яшил иқтисодиёт сари» шарҳини тайёрлади. Ундан бир қанча муҳим хулосаларга эга бўлиш мумкин.
Ресурслар самарадорлигининг пастлиги
Ўзбекистонда иқтисодий маҳсулотнинг истеъмол қилинган ҳар бир килограмм материалига 0,8 АҚШ доллари миқдоридаги ресурс самарадорлиги Европа Иттифоқи ва бошқа даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлардаги кўрсаткичдан анча пастроқ – ўртача 2,9 АҚШ доллари.
Ўзбекистонда айниқса сув самарасиз ишлатилади: фойдаланилган сувнинг ҳар бир кубометри учун иқтисодий унумдорлик даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатларга қараганда 14 долларга паст.
Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия истеъмоли Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткичдан қарийб уч баравар ва қўшни Қозоғистонникидан икки баравар кўп.
Ҳавонинг ифлосланиши ва иқтисодий зарар
Деградацияга учраган ерлардаги чангнинг шамол таъсирида кўчиши шаҳар ва саноат манбаларидан чиқадиган қаттиқ заррачалар ҳавони ифлослантириши ҳолатини оғирлаштиради. Аҳолининг катта қисми мунтазам равишда носоғлом деб ҳисобланган ҳаводан нафас олади: ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоизига тенг бўлган тасодифий бўлмаган ўлим ҳолатларини ҳаво ифлосланиши билан боғлаш мумкин.
Ер деградацияси иқтисодиёт учун жуда қимматга тушади ва бу ўзаро боғлиқ экологик муаммолар туфайли юзага келади. Деградацияга учраган ерлар билан боғлиқ атроф-муҳитнинг деградацияси ЯИМнинг 4 фоизига тенг зарар келтиради.
Чидамлилик индекси паст
Ўзбекистон об-ҳаво ўзгаришлари олдида заиф ва мамлакатнинг чидамлилик индекси паст. Қурғоқчилик ва сув тошқинлари оқибатлари таҳлили шуни кўрсатдики, энг кўп зарар кўрган аҳоли гуруҳлари даромад даражаси ва истеъмолда катта йўқотишларга дуч келмоқда.
Бошқа мамлакатларда об-ҳавонинг кескин ёмонлашувидан азият чекаётган аҳоли сони кўпроқ бўлса ҳам, бу Ўзбекистонни Марказий Осиё мамлакатлари ичида ижтимоий ҳимояси заиф давлатга айлантирди. Иқлим ўзгаришининг эҳтимолий модели таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатдаги ижтимоий ҳимоя заифлиги фақат ошиб боради.
Таҳлилларда қайд этилган ўта заиф ҳудудлар орасида Фарғона водийси ва Қорақалпоғистон Республикаси алоҳида ажралиб туради.
Иқтисодий йўқотишлар қандай бўлади?
Мавжуд маълумотларга кўра, асосан қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатадиган иқтисодий йўқотишлар 2030 йилга бориб ЯИМнинг 1 фоизини ташкил қилиши баҳоланган.
Иқтисодий йўқотишларнинг қарийб ярми сув ва биологик хилма-хилликнинг қисқариши натижасида яшаш жойларининг йўқолиши билан боғлиқ бўлиб, бу биринчи навбатда қишлоқ хўжалигига таъсир қилади.
Иқлим ўзгариши меҳнат унумдорлигига ҳам таъсир қилади ва Ўзбекистонда ишчи кучи бўйича таклифнинг 2-5 фоиз пунктга қисқаришига олиб келиши мумкин.
Озиқ-овқат ишлаб чиқаришни иқлимга мос қишлоқ хўжалиги орқали қисман мослаштириш мумкин. Ер, сув ва ландшафтни самаралироқ бошқариш эса иқлим ўзгариши таъсирларини янада юмшатиши мумкин.
Кўп углерод талаб қилувчи экспортга таъсирнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ва фаровонлигига сезиларли даражада путур етади. Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозорлари ўртасида сиёсатни мувофиқлаштиришнинг, шу жумладан кўп углерод талаб қилувчи маҳсулотларга трансчегаравий солиқлар қўллаш орқали, турли сценарийларига кўра, 2050 йилгача Ўзбекистоннинг табиий газ ва нефт экспорти 40 фоизгача зарар кўриши мумкин. Бироқ Ўзбекистон ўзининг кам углеродли сиёсатини олиб бориш орқали бу таъсирларни юмшата олади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар