АрХив сунъий интеллект ёрдамида ёзилган мақолалар учун жазо чораларини кучайтирмоқда

Илмий тадқиқотлар учун очиқ архив ҳисобланган АрХив платформаси сунъий интеллект (LLM) томонидан яратилган сифатсиз мақолалар оқимига қарши курашни кучайтирмоқда. Эндиликда платформа муаллифлардан ўз ишларига тўлиқ масъулият билан ёндашишни талаб қилади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
АрХив компьютер фанлари бўлими раиси Томас Диттерихнинг маълум қилишича, агар мақолада сунъий интеллект томонидан яратилган хатолар, жумладан, мавжуд бўлмаган манбалар ёки чатбот билан ёзишмалар излари аниқланса, муаллифлар қаттиқ жазоланади. Бундай ҳолатда муаллифлар бир йил муддатга платформадан четлатилади.
Жазо муддати тугаганидан сўнг ҳам, ушбу муаллифларнинг кейинги мақолалари нуфузли илмий нашрларда кўриб чиқилгани ва қабул қилинганидан кейингина АрХивга жойлаштирилиши мумкин бўлади. Бу қоида сунъий интеллектни тақиқлашни эмас, балки олимларнинг ўз матнлари учун тўлиқ жавобгарликни зиммасига олишини назарда тутади.
Платформа модераторлари ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиб чиқади ва якуний қарор бўлим раислари томонидан тасдиқланади. Муаллифларга эса қабул қилинган қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Ушбу чора-тадбирлар илмий нашрларда сунъий интеллект томонидан ўйлаб топилган иқтибослар ва нотўғри маълумотлар кўпайиб бораётган бир пайтда жорий этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!