00:17 / 08.11.2016
13 143

Кўйлагига «Мени ўп» деб ёзиб олган қизларни кўрганмисиз?!

Кўйлагига «Мени ўп» деб ёзиб олган қизларни кўрганмисиз?!

Бугун харид қиламан деган киши учун бозорда истаган нарса муҳайё. Харидор талаби — бозор талаби. А, лаббай. Тадбиркорнинг бозорда ўз ўрнига эга бўлиши ва уни қанчалар мустаҳкамлай олиши бевосита сифатли маҳсулот савдосига боғлиқ. Аммо…

Бозор «қучоғи»ни тўлдириб турган айрим маҳсулотларни, аниқроғи, кийим-кечакларни кузата туриб, “бизнинг талабларимиз қачон шу қадар «ошиб» кетди?” деган ўйга борасиз. Гап шундаки, пойтахтимизнинг гавжум бозор расталарида осиғлиқ турган кийимлар (кўпинча, аёллар ва қизлар кўйлаги!)даги ёзувларни ўқиб ҳушингиз бошингиздан учади.

Камина ҳам бозор кезиб шундай ҳолатларга гувоҳ бўлдим. Расталарни бирин-кетин оралаб кўз тушганлари таассуфки қуйидагилар бўлди:

“Huge me” (Мени қуч), “Kiss me” (Мени ўп), “Love me” (Мени сев),“Give hot love to me” (Менга қайноқ муҳаббат бер),“My heart belong to you”(Юрагим сенга тегишли), “How sweet of you” (Сен қанчалар ширинсан), “You already know I love you” (Сени севишимни аллақачон биласан), “Think of your own my ideas” (Мен ҳақимда ўйла), «SICK» (Касал), “I love New York” (Мен Ню-Ёркни севаман), “Let’s meet in our dreams tonight” (Кел, орзуларимиз оқшомида учрашамиз)…

Буларку, майли, ҳар қанча уятли ёки ўзга юртга меҳр ифодаланган бегона сўзлар бўлмасин, имлоси тўғри. Аллақандай хусусий фирмаларда тайёрланган либослардаги хато ёзувларни кўрганда эса, ҳам куясан, ҳам куласан.

“Newyofk” (аслида “New York”), “Londot” (“London”), “Tokyo” (“Tokio”); “Dont talk me” (Don’t talk me”), “Im every woman”…

Ҳатто айрим енгил усткийимлар ижтимоий ҳаётга муносабат сифатида акс этади: “Your my friend likes my instagram» (Дўстим бўлсанг, инстаграмда лайк бос), “I’m Lama” (Мен Ламаман) каби.

Бу каби «дил изҳорлари»ни ўқиб фикринг тариқдек сочилиб кетади. Ушбу кийимларни харид қилиш учун сотувчи билан тинмай нарх талашаётган қизлар хаёлимда жонланадию, ёқамни ушлайман. Қизиқ, улар бу ёзувларнинг моҳиятини тушуниб олишмоқдами ёки…

Қизлар бундай либосларни «замонавийлик» дея тушунса керакда. Аммо «Мени қуч», «Мени ўп» сингари жумлаларнинг эгнида порлаб туришига қайси юз билан чидашаётган экан. Ёки дугоналаримизнинг дидлари шунчалик пастми?

Ўзбек қизлари ҳақида гап борса, ибо, ҳаё, иффат сингари тушунчалар нақ уларнинг эгизагидек жаранг топган. Аммо юқоридаги сингари ёзувлар туширилган кийимларни кийиб, кўча-кўйда бемалол юрган қизлар кўрган кўзни ийманишга мажбур этаётганини ўзлари билармикан? Ҳатто, олий таълим муассасаларида бундай либослар билан курсдошлари орасида “ишваланиб” юрган, ўз устозига шундай ёзувли кийимда рўпара бўлаётган талаба-қизлар борки, энди буниси жиддий масала.

Бу каби «безак» берилган кийимларни фақат қизларда эмас, йигитларда ҳам учратамиз. Футболкалардаги суратларнинг аксари зўравонликни тарғиб қилади. Масалан, уруш майдонидан чиқиб келаётган аскар сурати, қон, олов, қуроллар, жангари филм қаҳрамонлари; татуировка, қарталар сурати ва ҳатто алкогол ичиб, қулоқчин тутиб олган гўдак(!) сурати туширилган футболкалар, яна йиртқич (бўри, шер)ларнинг ваҳшиёна қиёфалари акс этган либослар…

Ачинарлиси, ушбу кийим-кечакларнинг аксари хориж маҳсулоти эмас, айнан ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда! Тадбиркорлардан бири болалар кийимларида “Маша ва айиқ”, «Ўргимчак одам»лар ўрнига миллий қаҳрамонлар сурати билан ишлаб чиқариш ҳақидаги таклифимга «Қайси қаҳрамонларни айтяпсиз: Зумрад ва Қимматними?» – деди истеҳзо билан. Тўғри, бозор қонунияти шу: талабга яраша таклиф. Ёшлар ёқтиради экан деб «оммавий маданият» ниқоби остидаги бир кўринишини ўзимиз тарғиб қилишимиз керак эмаску.

– Миллийлигимиз акс этган футболкаларни яхши кўраман, – дейди Ўзбекистон Миллий университети талабаси Ислом Қорабоев. – Уларни нафақат юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар, балкизиёратга келган бошқа вилоятлик юртдошларимиз ҳам харид қилишади. Аммо бундай либослар деярли кўҳна шаҳар обидалари атрофидагина сотилади. Уларнинг савдо географияси кенгайтирилса, нур устига нур бўларди.

Қай маконда яшаётган бўлмасин, бугун илм-фан, техника ва маданият соҳаларининг ривожи ҳар битта кишига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Натижада бутун инсониятда бирлашув, бир хиллашув жараёни кечмоқда. Шу боис бугун ўзликни англашга ҳаракат доимгиданда кучлироқ бўлиши тайин. Бу борада ҳеч бир масалани майдага йўйиб бўлмайди. Ҳақиқий туйғулар рекламага муҳтож эмаску!

Феруза Хайруллаева

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кўйлагига «Мени ўп» деб ёзиб олган қизларни кўрганмисиз?!