
2026 йил тобора яқинлашар экан, футбол оламидаги энг йирик воқеа — АҚШ, Канада ва Мексика биргаликда қабул қиладиган мундиал атрофида қизғин муҳокамалар авжида. Бу сафарги жаҳон чемпионати бир нечта жиҳатдан тарихда илк бор қулайликлар ва ўзгаришлар билан ўтказилиши билан аҳамиятли ҳисобланади.
Энг катта янгиликлардан бири — ФИФА қарорига кўра, мусобақада иштирок этувчи термалар сони 32 тадан 48 тага оширилади. Бу мамлакатларга ўзини намоён этиш имкони кенгаяди дегани. Қолаверса, учта давлат — бир вақтнинг ўзида мезбонлик қилаётгани ҳам мундиални мутлақо янги форматга кўчиради.
Шунингдек, ФИФА жорий этган яна бир муҳим ўзгариш футболчилар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган. Бош ташкилотчи расман маълум қилди:
– 2026 йилги мундиалда ҳар бир бўлимда футболчилар учун уч дақиқалик гидратация танаффуси мажбурий тарзда берилади.
Бу қисқа танаффус ҳар бир таймнинг 22-дақиқасида амалга оширилади. Ҳакам ҳуштаги орқали ўйин тўхтатилади ва футболчилар сув ичиб, кучини тиклаб олиши мумкин бўлади. Қоида барча ўйинларда, ҳаво ҳароратидан қатъи назар, татбиқ этилади. Стадион томи ёпиқ бўлсин, майдонда совуқ ёки иссиқ об-ҳаво бўлсин — барибир ҳар бир беллашувда гидратация танаффуси мажбурий ҳисобланади.
Мусобақа бош координатори Маноло Зубириянинг таъкидлашича, бу қоидалар футболчиларнинг жисмоний ҳолатини барқарор сақлашга хизмат қилади. 2025 йил ёзида АҚШда ўтган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бу тизим ўзини яхши намоён қилган ва энди мундиалда ҳам татбиқ этилади.
2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июнда старт олади ва 19 июлда якунига етади. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон тарихда илк бор жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланма олди ва “К” гуруҳида қатнашади.
Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоамиз дастлаб Колумбия ва Португалияга қарши майдонга тушади. Гуруҳдаги сўнгги рақиб эса Конго Демократик Республикаси — Ямайка — Янги Каледония ўртасидаги плей-офф натижасидан кейин маълум бўлади.
Мундиалга тайёргарлик қизғин кечар экан, жамоалар янги қоидаларга тез мослашиши зарур бўлади. 2026 йилда футбол нафақат янги формат, балки янги ёндашув билан ҳам ёдда қоладиганга ўхшайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.