date

Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш бўйича янги тизим жорий этилади

Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш бўйича янги тизим жорий этилади

Ўзбекистонда фуқароларга қурилиш мақсадида берилган ер майдонларида қурилган, шу жумладан ҳужжатсиз барпо этилган уй ва иншоотларни расмийлаштириш бўйича янги механизм жорий этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 2 декабрь куни жамоатчилик муҳокамасига таклиф этилган иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳукумат қарори лойиҳасида белгиланди.

Лойиҳа “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва улардаги бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижросини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Талабларга кўра, қонун доирасида фаолият юритадиган ишчи гуруҳлар барча турдаги кўчмас мулкларни тўлиқ хатловдан ўтказади. Энг муҳими — бу жараёнда ер эгаларидан ариза талаб этилмайди. Аниқланган маълумотлар махсус “Эътироф” ахборот тизимига киритилади.

Кадастр агентлиги томонидан фойдаланишга рухсат берилган уй ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар белгиланган тартибда расмий рўйхатдан ўтказилади.

Агар хатлов пайтида ўзбошимчалик қурилиш ҳолатлари аниқланса, фуқароларга объектларни қандай қилиб қонунийлаштириш мумкинлиги бўйича тушунтиришлар берилади.

Шу билан бирга, хатлов якунлангач уч ой ичида расмийлаштирилмаган уй-жойлар бўйича маълумотлар Кадастр агентлиги орқали Солиқ қўмитасига, Қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги вазирлиги орқали тегишли назорат органларига юборилади.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майдаги қарорига мувофиқ, объектларнинг мураккаблиги ва тоифасига қараб кадастр паспортларини тайёрлаш муддатлари узайтирилган эди.

Бу янги тартиб фуқароларга ўз уйларини қонуний мақомга эга қилишда янада аниқ, мувофиқлаштирилган ва шаффоф механизм яратиб беришни мақсад қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш бўйича янги тизим жорий этилади