date

Қамчиқ довонида ёмғир-қор хавфи сабаб огоҳлантириш берилди

Қамчиқ довонида ёмғир-қор хавфи сабаб огоҳлантириш берилди

Қамчиқ довони орқали ўтувчи А-373 “Тошкент–Оҳангарон–Ангрен–Қўқон–Шаҳрихон–Андижон” йўлининг бир қатор қисмида об-ҳаво кескин ўзгариб, айрим участкаларда кучли ёмғир, бошқа жойларда эса қор ёғиши кузатилмоқда. Ҳозирги шароит туман, музламалар ва кўриш масофасининг қисқариши каби хавфларни юзага келтираётгани учун ҳайдовчиларга эҳтиёт чораларини янада кучайтириш тавсия этилмоқда.

Маълумотларга кўра, трассанинг 80—102 ва 166—201-километрлари оралиғида ёмғир кузатилса, 102—166-километрлар оралиғида қор ёғмоқда. Ҳаво ҳарорати -1 даража атрофида бўлиб, туман сабаб кўриш имконияти ўртача 500 метргача қисқарган. Шу билан бирга, шамол 2–10 м/с атрофида эсмоқда, ҳаводаги намлик эса 79 фоизга етган.

Мавжуд об-ҳаво шароитига қарамай, довон орқали икки томонлама ҳаракатни барқарор ташкил қилиш мақсадида «Қамчиқавтойўл ИЙФК» ДМ томонидан тун-у кун махсус техника ёрдамида йўл қопламасига қум-туз аралашмаси ётқизилмоқда, қорни тезкор тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги пайтда автотранспорт воситалари хавфсиз ҳолатда ҳаракатланишда давом этмоқда.

Шу муносабат билан масъул ташкилот ҳайдовчилардан хавфсизликни биринчи ўринга қўйган ҳолда тезликни меъёрдан оширмасликни, машиналар ўртасидаги масофани сақлашни ва барча йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишни сўрамоқда.

Қамчиқ довонидаги бу каби об-ҳаво шароити, айниқса қиш мавсумида, ҳайдовчилардан юқори эътибор ва масъулият талаб қилади. Мутасаддилар эса ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур тадбирларни кўришда давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Қамчиқ довонида ёмғир-қор хавфи сабаб огоҳлантириш берилди