
Андижонда 10-синфда таҳсил олаётган ўқувчи қиз ноқонуний фаолият билан шуғуллангани маълум бўлди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар орқали хабар тарқалди.
Андижон мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу суратларда ҳақиқатдан ҳам 2008 йилда туғилган ва Андижон шаҳар мактабларидан бирида ўқиган ўқувчи қиз тасвирлангани ҳақида тасдиқ берди. Мазкур суратлар 2024 йилнинг ёзида олинган.
Ўқувчи қиз мунтазам дарсларни қолдиргани туфайли 10-синфда қайта ўқишга қолдирилган. Янги ўқув йилида ҳам у дарсларга қатнашишни давом эттирмаган.
Бошқарма маълумотига кўра, ушбу қиз билан бир неча маротаба профилактик суҳбатлар ўтказилган. Ҳозирда у вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам марказига жойлаштирилган ва у билан мутахассислар ҳамда тегишли ташкилотлар биргаликда ишламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддасига кўра, бундай ноқонуний фаолият учун 3 дан 7 баробаргача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима белгиланган (1 миллион 236 минг сўмдан 2 миллион 884 минг сўмгача).
Вояга етмаган қизнинг ота-оналари ҳам жавобгарликка тортилади: Маъмурий жавобгарлик кодексининг 47-моддасига биноан, фарзандни тарбиялашдаги камчиликлар учун уларга 5 баробаргача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима (2 миллион 60 минг сўмгача) қўлланилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!