Тошкентда чет элликка нос чектирмоқчи бўлган йигит жазоланди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги нохуш ҳолат акс этган видео кенг муҳокамага сабаб бўлди. Кадрларда бир йигит хорижлик фуқарога нос чекишни мажбурламоқчи бўлиб, ҳақоратомуз сўзлар ишлатади, таҳдид қилади ва уриш билан қўрқитади.
Видеода йигит: «Чекасан! Ҳозир ураман. Сенга Ўзбекистон бедарвозами? Носни чек», дея бақириб, чет элликни босим остига олгани кўринади.
Воқеа қаерда ва қачон бўлган?
Тошкент шаҳар ИИББ ўтказган текширув натижасига кўра, ушбу ҳодиса 25 январ куни Чилонзор туманидаги истироҳат боғларидан бирида содир бўлган.
Расмий маълумотда қайд этилишича, 20 ёшли М.К. чет эл фуқаросига нос (тамаки маҳсулоти) чекишни таклиф қилиш орқали уятли сўзлар билан ҳақорат қилган ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган.
Қандай чора кўрилди?
Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотларга кўра, суд йигитга 5 кунлик маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.
Нега бу ҳолат хавфли?
Бундай “ҳазил” деган нарса йўқ: чет элликка босим қилиш, ҳақорат қилиш — мамлакат обрўсига ҳам, кўча маданиятига ҳам қаттиқ зарба. Бир одамнинг хунук қилиғи бутун халқ ҳақида нотўғри тасаввур уйғотиб қўйиши мумкин.
Хулоса оддий: меҳмонга ҳурмат — бу шунчаки гап эмас, бу оддий тарбия. Тошкент — катта шаҳар, кўз-кўз қилинадиган юзимиз ҳам шу ерда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!