date

Браунда ҳалок бўлган Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг орзулари ярим йўлда қолди

Браунда ҳалок бўлган Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг орзулари ярим йўлда қолди

Браун университетида содир бўлган отишма фожеаси нафақат Америка жамоатчилигини, балки Ўзбекистондаги минглаб инсонларни ҳам чуқур қайғуга солди. Ушбу фожиада ҳалок бўлган ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг ҳаёт йўли, орзулари ва инсон сифатидаги қиёфаси ҳақида унинг яқинлари The New York Times нашрига юракни титратарли хотиралар билан сўзлаб берди.

Маълум бўлишича, Умурзоқовлар оиласи 2011 йили Ўзбекистондан АҚШга кўчиб келган. Ҳозирда оила Виржиния штатида яшаб келаётган эди. Яқинларининг таъкидлашича, Муҳаммадазиз болалигиданоқ юмшоқ табиатли, очиқкўнгил, атрофдагиларга нисбатан меҳрибон ва ҳурматли муносабатда бўладиган йигит бўлган. Унинг табассумли қиёфаси ва тинч характери кўпчиликнинг ёдида қолган.

Муҳаммадазиз Браун университетини онгли равишда танлаган. Сабаб — ушбу олийгоҳ тақдим этган молиявий ёрдам оила учун нисбатан енгилроқ бўлган. Яқинларининг айтишича, у ота-онасига ортиқча юк бўлишни истамаган, мустақил равишда ўқиб, келажакка ишонч билан қадам қўйишни мақсад қилган.

Унинг болаликдаги дўсти Маддокс Жонсон Муҳаммадазизнинг ҳаётида муҳим из қолдирган воқеани эслаб ўтади. Болалигида у Чиари малформацияси — мия ва орқа мия суюқлиги ўртасида босим юзага келадиган оғир касаллик билан курашган. Ана шу синов Муҳаммадазиз қалбида чуқур из қолдириб, унинг келажак орзуларини белгилаб берган.

Айнан шу тажриба Муҳаммадазизни неврохирург бўлиш, худди ўзи каби оғир касалликдан азият чекаётган болаларга ёрдам бериш орзуси сари етаклаган. У тиббиётни фақат касб эмас, балки инсонларга умид улашиш йўли деб билган. “У ҳамма билан яхши чиқишарди. Энг меҳрибон йигит эди. Агар кимгадир ёрдам керак бўлса, Муҳаммадазиз ҳеч қачон четда қолмасди”, — деб эслайди унинг дўсти.

Фожиадан бир неча кун олдин, Шукроналик куни муносабати билан бўлган сўнгги учрашувда Муҳаммадазиз университетда орттирган янги дўстлари, ўқиши ва келажак режалари ҳақида қувонч билан гапириб берган эди. Унинг сўзларида ҳаётга ишонч, олдиндаги кунларга умид сезилиб турган.

Афсуски, ёрқин орзулар, эзгу ниятлар ва инсонларга фойда келтириш истаги билан яшаган йигитнинг ҳаёти тўсатдан узилди. Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг қисқа, аммо мазмунли ҳаёт йўли уни танлаганлар хотирасида меҳрибонлик, орзу ва инсонпарварлик тимсоли сифатида қолади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Браунда ҳалок бўлган Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг орзулари ярим йўлда қолди