Россияда энг севимли, энг кўп ўқиладиган шоир ким, деган савол тушганда кўпчилик «Сергей Есенин!» деб жавоб беради.
Севимли бўлмоқ, албатта, ижодкор бахти. Қанийди, у шахсий ҳаётда ҳам бахтиёр бўлса.
Есениннинг бир дўстига ёзган мактубида қуйидаги сатрлар бор эди: «Энг чигал ва мураккаб тақдир худди менинг пешонамда битилгандек…»
Есенин Анна исмли қизни севди, турмуш қурди, лекин «чала тақдир»ининг аламини тортди.
Зинаида билан қурган иккинчи турмуши ҳам ўхшамади.
Руҳий исканжа унга тинчлик бермас, кўнглига ҳеч нарса сиғмас, айтмасдан уйдан чиқиб кетадиган одат чиқарганди. Яқинлари шаҳарма-шаҳар шоирни қидирарди.
Қисмат рус шоирини америкалик раққоса Айседора Дунканга рўбарў қилди. Сергей инглиз тилини, Айседора рус тилини яхши билмаса-да, бир-бири томон талпинаётган икки кўнгил таржимонга муҳтож эмасди.
— Рақс мактабини очсак… — дейди Айседора.
— Яхши бўларди, — маъқуллади Серёжа.
Лекин бу ниятни маблағсиз амалга ошириб бўлмайди. Европа бўйлаб гастролга чиққан Айседорага Есенин ҳамроҳлик қилди. Берлинда анча қолиб кетишди. Истеъдодли шоир бу ерда мухлислар орттирди. Кейин Айседоранинг истаги билан Америка томон йўл олишди.
Айседора жозибадор рақси, Серёжа эса (у «иккинчи Пушкин» деган ном билан ҳам юксак эътироф топганди) гўзал шеърлари ила ҳаммани мафтун этар, қайта-қайта уларни саҳнага таклиф этишарди.
Ажойиб жуфтлик ҳамон кўпчиликнинг ҳавасини келтирса-да, илгаридаги жўшқинлик энди йўқ. Икки юлдуз бир-бирига тўғри келмай қолди. Ҳар куни жанжал.
1923 йили Россияга қайтишди. Айтганимиздек, бир вақтдаги ҳарорат ва ҳаловатдан асар йўқ.
Сергей бир неча ҳафта бедарак бўлиб қолганди, юрагига ғашлик чўккан Айседора: «Бунинг сабабчиси аёл, — деб бошини қўллари орасига олди. — Фақат аёл!»
Ҳақиқатан ҳам, Есенин Галина исмли кўҳликкина аёлнинг уйида қўним топганди. Бироқ топишганлар бир неча ой бирга бўлди, холос.
Сергей Есениннинг Галина Бениславская билан узоқ яшамаганлигига соҳибжамол Софья (Лев Толстойнинг набираси) сабаб бўлганди. Софьянинг уйида ҳақиқий бахтини топгандай эди шоир, аммо ҳаял ўтмай… соғлиғини йўқотди.
Бир пайтлар Есениннинг турмушида жонли ҳаёт нафаси бор эди, шеърларида нур. Бироқ энди руҳи тушган, вужудини абадий зулмат ўз қаърига тортиб бораётгандай.
Устун келган ажал Есенинни ҳаётдан бевақт олиб кетди. Қабристон уни бағрига олаётганда собиқ ёстиқдошлари Анна, Зинаида, Галина, Айседора етиб келишди. Улар кундошлари — шоирнинг сўнгги рафиқаси Софьянинг ёнида, мотам либосида бош эгиб туришарди.
Орадан бир йил ўтгач, тўппонча кўтариб Сергей Есенин қабри бошида пайдо бўлган Галина Бениславская ўз жонига қасд қилди. Софья, Зинаида, Галина ва Айседорага ҳам ортиқ рўшнолик насиб қилмади.
Чигал тақдир эди бу. Ўлмас лирикасида, ғаройиб достонларида севги ва вафо қўшиғини куйлаб, шеъриятга ошно, муҳаббатга ҳамнафас кўнгилларни забт этган бетакрор шоирнинг мураккаб қисмати.
Дарвоқе, яна бир маҳбубаси бор эди шоирнинг — Шаҳина (Шагане). Кўпчилик Шаганени форс гўзали деб ўйлашади. Шагане, аслида, гўзал бир арман қизининг исми. Фамилияси Тертерян. Тбилисида учрашишганди. Қиз сурати маҳлиё қилганди шоирни. Есенин орзусидаги форс гўзалига ўша Шаганенинг исмини берди.
Шаҳина Сергейнинг хаёлларида яшади. «Форс тароналари»нинг яратилишига туртки бўлди. Бу асар Бокуда, Хазар денгизи соҳилларида ёзилди. Нега Эронда буюк Фирдавсийнинг ватанида эмас? У ерга боришни орзу қиларди-ку?
Шоир орзуларини рўёбга чиқариш учун Озарбайжонга келди. Лекин чегаранинг у томонига ўтишни маслаҳат беришмади. Эрон нотинч эди. У ложувард денгизнинг нариги томонидаги гўзал ўлкага — Фирдавсий ватанига хаёлан сафар қилди. «Сафар чоғи»да эса Тошкент жонланарди кўз олдида.
Кавказ саёҳатидан олдин Тошкентда бўлганди. Баҳор чоғида.
Ана у кўҳна Шошнинг кўчаларида. Чойхоналарида. Ўзбек ҳовлиларида. Ўқимишли одамлар даврасида. Тўйларда.
Шоир Аксана (Ксана) исмли рус қизидан бошқа биронта аёлнинг юзини кўрмади. Хонимларимиз ҳали паранжини ташламаганди. Есенин тўйларда бўлганида патнис кўтарган нозик қўлларгагина кўзи тушганди, холос.
Нозик қўлларга мутаносиб латофатли чеҳрани тасаввур этаркан…
Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч,
Уни сўйлаб беролмам сенга.
Лекин моний кўзларинг ҳар кеч
Денгиз бўлиб кўринар менга,
деб ёзади шоир.
«Форс тароналари» хаёлий Эрон ва реал Тошкент таассуротларининг қоришмаси, синтези сифатида дунёга келган, дейишларида жон бор, албатта.
Мен дардимга Теҳрон гулидан,
Чойхонада тополдим дармон.
Бу сатрларни ўқирканмиз, Тошкент чойхоналари кўз олдимизда жонланади.
Есенин Тошкентда бўлмаганида, эҳтимол, «Форс тароналари» ёзилмаган бўларди. Ёзилганда ҳам бу даражада таъсирли чиқмас, ҳар байт, ҳар мисрадаги шоирона лутф, назокат шеърият шайдоларининг қон-қонига сингиб кетмасди.
Тошкентликлар рус шоирининг ҳурматини жойига қўйишди. Орадан кўп йиллар ўтиб, Тошкентда улуғ рус шоирининг уй-музейи очилди. Она юрти Константиноводан кейинги ўринда турувчи шоир хотирасини сақлайдиган иншоот, деб таърифлайдилар бу уй-музейни.
Тошкент шарофати билан дунё юзини кўрган «Форс тароналари». Рус шоирининг энг ёрқин ва фараҳбахш сатрларини ўзида мужассамлашган туркум. Тошкент тасвирлари…
Ҳақиқий Шарқ билан шу ерда танишганди улуғ шоир. Мовий ва кўркам ўлканинг тинч қўйнида сайр этиш қандай бахт, деб ёзганди у дунёнинг 250 тилига таржима қилинган «Форс тароналари»да. Ўша мовий ўлка — гул ва майсаларга бурканган Тошкент. Сергей бир олам таассурот билан қайтганди бу ердан.
Дунё кезиб ҳеч қаерда бундай қадр топмаганини у кейинчалик миннатдорлик ҳисси билан бот-бот эслар, Шарқда, буюк даҳолар юртида «Пугачёв» поэмасининг асосий бобларини ёзиб тугатганидан ғурурланарди.
Таъкидлаганимиздек, кўп соҳибжамоллар ҳаётида бўлди. Лекин том маънода уни ким бахтли қила олди? Аннами? Зинаидами? Айседорами? Галинами? Софьями?
Ва ё хаёлидаги, орзусидаги Шаҳинами?
Илҳом париси — Шаҳина. Ҳаётидаги энг ширин дамлар Шаҳина билан бўлган дамлари эмасмиди?
Есенин Ғарбий Европада бўлган ва ижод қилган. Америкада бўлган ва ижод қилган.
Лекин Россияда энг кўп ўқиладиган шоир фараҳбахш илҳом дақиқаларини — ҳаётидаги энг хуш лаҳзаларни қаерда ўтказган, ижод нашъасидан ҳаловат топган эди?
Таниқли рассом Фёдор Васильевич Лихолетов шундай деб ёзади:
«Туркистон (Тошкент) Есенинга жуда ёққанди. Баъзан у дунё ташвишларидан холи бўлганча бу ердаги бағрикенг ва меҳрибон одамлар орасида, мана шу ҳамиша мовий, қайноқ осмон остида, кўм-кўк боғлар ва шивирлаб оқаётган ариқлар ёнида яшашнинг нақадар КАТТА БАХТ эканлиги тўғрисида сўзларди…»
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди