Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти ҳамда спорт соҳасининг қатор ташкилотлари вакиллари Англия сафари доирасида Манчестер шаҳрига ташриф буюриб, жаҳон футболида етакчи клублардан бири саналган «Манчестер Сити» меҳмони бўлишди.
Маълумотларга кўра, мазкур ташрифда МОҚ раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Азизжон Камилов ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов ҳам делегация таркибида бўлди.
Пеп Гвардиола бошчилигида ўтган машғулот жараёни давомида меҳмонлар «Сити» клубининг тайёргарлик тизими, замонавий инфратузилмаси ва ёш авлод футболчилари билан ишлаш усулларини яқиндан кузатиш имкониятига эга бўлишди. Айни вақтда жамоа сафида тўп суриб келаётган ўзбекистонлик иқтидорли ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг борлиги эса бу ташрифнинг аҳамиятини янада оширди. Унинг «Сити»даги иштироки ўзбек футболи учун катта стратегик қадам сифатида қайд этилмоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, бундан олдин ҳам «Манчестер Сити»га тегишли компания Ўзбекистонда футбол клуби харид қилиш эҳтимоли ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шу маънода, мазкур ташриф ва мулоқотлар икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичига йўл очиши мумкинлиги айтилиб, спорт мутахассислари бу жараённи жиддий стратегик имконият сифатида баҳоламоқда.
Экспертлар таъкидлашича, агар шундай лойиҳа амалга ошса, бу нафақат ўзбек футболи инфратузилмаси ва академик тизимини ривожлантиришга, балки ёшлар билан ишлашда ҳам замонавий ечимлар ва халқаро стандартларни жорий этишга хизмат қилади.
Мухлислар эса ўз навбатида бу ташрифни катта қизиқиш билан кузатиб, юртимиз футболида янги саҳифа очилишига умид билдиришмоқда.