15:43 / 15.08.2018
4 063

Маҳбуснинг мактуби: 3630 кун қамоқхонада сақланган китоб

Маҳбуснинг мактуби: 3630 кун қамоқхонада сақланган китоб
Таниқли адиб Ойбекнинг уй-музейида кўплаб ноёб буюмлар сақланади. Адибнинг иш столи, кўзойнаги, қалами... Буларнинг бари адабиёт шинавандасининг кўнглида ажиб ҳислар уйғотади. Аммо бу музейдаги бир мактуб ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз. Ёзувчининг қизи Ойнур опанинг маълумот беришича, бу мактуб 1945-55 йиллар давомида сургунда, ҳибсхонада азоб чеккан ёзувчи томонидан 1966 йилда музейга совға қилинган экан. Мактубни ўқиб, таъсирланмаслик иложсиз иш. Биз адибнинг қизидан илтимос қилиб, шу хатдан нусха олдик. Қуйида уни тўлиғича эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

«Бу китоб биз учун ниҳоятда мўътабар, мўъжизакор китобдир. Китоб инсоният дунёсининг энг улуғ кишиси, буюк мутафаккир мавлоно Мир Алишер Навоий жаноби олий ҳазратлари ҳақида ёзилган, ҳозирги замондаги қалам эгалари бундан ошириб ёзолмасдиларки, буни фақат Ойбек эплади.

Қўлингиздаги муқоваси тўрт-беш марта янгиланган, эски китоб кўп кишиларни ўлим чангалидан олиб қолган. Шоир эмасмиз-да, бу билан муболаға қилиб юборганга ўхшаб қолдим. Аслида эса ҳеч қандай муболағасиз, айни бир ҳақиқатни ёзяпман.

Ҳурматли ўқувчи! Сиз ёзувчи Александр Солженициннинг «Иван Денисовичнинг бир куни» деган ҳикоясини ўқигансиз. Унда ёзувчи бир куннигина ёзган, холос. Лекин қўлингиздаги китоб шунақанги кунларнинг 3630тасини пўлат чидам билан ўтказди. Иван Денисовичнининг лагердаги биргина куни тасвирланган. Китоб эса лагерларнинг кўпида бўлди, уни бутун азоб-уқубатлари, қийноқ, очлик-яланғочликлари, хўрлашлари, инсонни инсон эмас итлардан минг марта паст кўришларини ўз кўзи билан кўрди. У ердаги ҳар бир лагер бошлиғи «мен совет ҳукуматиман» деб истаган ишини қилганларини, боқувда қутуриб, семириб ётган овчаркаларни бегуноҳ, зўрға оёғини судраб кетаётган маҳбуслар устига ташлашлари, ҳатто баъзан ит бормаганда мажбур қилиб, қоптиришлар, соқчилар бир-бирлари билан «кимнинг ити кучли» ўйнашиб итни қўйиб юбориб, жим кетаётган маҳбусларни орқасидан узиб йиқитишлари... Бир бурда нонга оч маҳбусларни бир неча марталаб пешонаси ерга теккунча таъзим қилдиришлар, салом бермаса сўкиш, уриш, хўрлаш, қамаш... Мана шуларнинг барчасини кўрди.

«Иван Денисовичнинг бир куни» ҳикоясидан маълумки, бараклар жуда катта, унда турли миллат вакиллари ётади. Ҳамма бараклар тунда қулфлаб қўйилади. Ҳар хил одам бор, шунинг учун барча нарсаларни беркитиб юриш керак. Хусусан, нонни. Китоб ўқиш, уни ўзи билан олиб юриш қатъиян ман этилган. Келадиган ва юбориладиган хатлар, албатта, текширувдан ўтади. Ҳар бир барак кунига, албатта, тинтувдан ўтади. Шунда назоратчилар қўлига нима тушса олиб ўртага ташлайдилар. Айниқса, тахта чорпояни иккинчи қаватидан туриб улоқтирилган нарсалар чил-чил бўлиб кетади. Ҳатто нина, тўғноғичлар ҳам совуқ қурол ҳисобланади. Бинобарин, буюм эгаси, шубҳасиз, жазоланади. Қоғоз-қалам тортиб олиниб, четга отиб юборилар эди...

Шу зикр этилган тинтувларнинг ҳаммасидан 3630 кун мобайнида сабр матонат билан, баъзан нон ўрнида, буханка нон ичида сақланиб, баъзан қўлга тушса ялиниб, ёлвориб, бирда яхши нарса бериб сақлаб келишади. Оч қолдик, калтак едик, хўрландик, сўкиш эшитдик, ўнлаб Навоий мухлислари бориб назоратчи, бошлиқларга ялиндик, тиз чўкдик. Навоийни қайтиб олдик... Бизлар нонни азиз тутувчиларданмиз, бинобарин ҳамма вақт нонимиз бўлди, лекин бўлмаганда оч қолдик тиз чўкмадик, қийнаганларида ҳатто сабабсиз ялинмадик, мардонавор тик туриб ўртоғимизни сақладик, сотмадик, мағрур бардош бердик...

Лекин Навоий учун ялиндик. Ҳурматли ўқувчи сабабини сўрар, албатта, бесабаб ҳеч нарса бўлмайди.

Маълумки, маҳбусларнинг кўпчилиги урушдан қайтиб ёки қайтмай қамоққа олинган ёш, ҳали ҳаёт нима эканини билмай, 18 ёшда аскарликка бориб, у ерда қуршовда ёки бошқа сабабли, масалан, оғир ярадор бўлиб асирга тушган. У ерда фашистлар қўлида роса эзилган, хор бўлган. Сўнгра Мустафо Чўқай, Вали Қаюмхон ва бошқалар томонидан яҳудийлардан фарқ қилиб ажратиб олинган, унда ҳам ҳаёт кўрмаган йигитлар эди. Бундай йигитлар учун, айниқса, азоб-уқубатлар ичида Навоийни ўқиш зулматдан туриб қуёш нурини кўриш, шимолнинг зулматли қаттиқ қишидан қуёш нурини аямай тўкиб турган, ҳамма ерларда гуллар очилиб, уларнинг анбар ҳидлари ҳар ёнга сочилиб турган, булбуллар сайраб, ариқларда зилол сувлар шалдираб оқиб турган гўзал Тошкент диёрига келиб қолгандек, ғариб кўнгиллари ўзича бир оз бўлса-да шу зулматдан чеккага, она ватанга, ўсиб-унган ўлкага ва хусусан, адабиётга, унинг шу қадар пок қалбли мутафаккири - буюк Навоийга интилар эди.

Бу ёш, ғариб, эзилган, хўрланган, ҳаёт ҳақидаги маълумоти жуда саёз бўлган йигитлар 25 йил ўтиришларини эсласалар барча нарсадан, шу жумладан, азиз нондан ҳам воз кечар эдилар. Худди шу вақтда улар Навоийдан мадад олишар, яна яшашга кўнишар, яна сабр қилишар, яна чидашар эди. Бинобарин, Ойбекнинг китоби шу қадар яхши ёзилганки, у инсонларни Навоийдек улуғ инсон, ватанини, тилини, асарини сақлашга ундаган бўлса, бу зулматда ҳам одамларга маънавий куч, қувват, сабр-матонат, чидам берди. Туб маъноси билан кўп қора кўзларни ўлимдан олиб қолди...
Абдураҳмон Раҳимов
1966 й.
Карлач (Қарағанда) 45-1955 й келган

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маҳбуснинг мактуби: 3630 кун қамоқхонада сақланган китоб