10:16 / 02.07.2019
2 871

Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (1-қисм)

Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (1-қисм)
Шу йилнинг 13 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергетика тармоғида тариф сиёсатини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб электр энергияси учун тарифларни шакллантиришнинг янги тартиби кучга киради.

Мақолада, айнан шу кутилаётган ислоҳот тўғрисида фикрлашамиз.

Аввало, бугунги кундаги электр энергияси тарифлари тўғрисида. Ўзбекистон жаҳонда электр энергиясини истеъмолчига етказиб бериш нархлари арзон (2,9 цент) мамлакатлар қаторига киради (қиёслаш учун, Германияда 33 цент, Японияда 22 цент, Хитойда 8 цент атрофида). Аммо узоқ муддат сунъий равишда энергия ресурсларининг нисбатан арзон тарифларини сақлаб туриш соҳа ривожи учун кўплаб зарарли оқибатларни келтириб чиқаради. Энергия ишлаб чиқарувчилари тизимли равишда молиявий зиён кўриб ишлайди, мамлакатда энергия сарфи асоссиз равишда ошиб боради, субсидиялар ҳисобига давлат бюджетида тешик юзага келади ҳамда энергетика тармоғини технологик янгилаш ва модернизация қилиш жуда қимматга тушади ва деярли имконсиз вазифага айланиб қолади.

Президент Шавкат Мирзиёев сенатнинг 20-ялпи мажлисида қилган маърузасида электр энергияси нархларини либераллаштириш зарурияти тўғрисида тўхталиб ўтган эди.

Электр энергия нархини либераллаштириш унинг нархини давлат иштирокисиз, эркин бозор муносабатлари асосида шаклланишини билдиради. Яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналар, аввало ўзининг сарф-харажатлари ва бозордаги талаб асосида нарх белгилайди. Тўғри, бу бошиданоқ талаб-таклифнинг мукаммал муносабатлари акс этган мутлақ эркин бозор бўладими-йўқми, билмаймиз.Чунки маълум муддат давомида барча энергия ишлаб чиқарувчиларни бирдек қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзаро мувофиқлаштирилган тарифлар ўрнатилиши мумкин. Лекин мақсад фақат нархни ошириш бўлиб қолмаслиги ва соҳада соф рақобатга асосланган эркин бозор муносабатларини шакллантириш лозим.

Кутилаётган ислоҳот бизга нима беради?

1. Соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш

Электр энергетика саноатининг ўзига хосликларидан бири шуки, у йирик ҳажмли капитал харажатларни (CAPEX) талаб этади. Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотини давлат томонидан жиловланган нархларда сотиши оқибатида зарар кўриб ишлайди. Табиийки, ҳеч қайси инвестор ўз маблағини бундай молиявий зарар келтирувчи, истиқболсиз лойиҳаларга тикмайди. Шунингдек, Халқаро валюта фонди ёки жаҳон Банки каби йирик халқаро молия ташкилотлари ҳам кредитлар ажратиш учун давлат раҳбариятидан мувозанатли бюджет шакллантиришни талаб қилади. Тизимли равишда давлат субсидиялари асосида фаолият юритувчи секторлар мавжудлиги аксарият ҳолларда мамлакат номутаносиб бюджетга эгалигини кўрсатади.

2. Электр энергия бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш
Нархларнинг эркинлаштирилиши электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарни истеъмолчи учун курашишга, бозорда ўз ўрнини эгаллашга, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш орқали истеъмолчига етказиб берилаётган маҳсулот нархини янада туширишга ундайди. Бозорда кўмир, табиий газ, гидроэнергия, шамол ва бошқа турдаги бирламчи энергия манбаларидан фойдаланувчи турли электр станциялари орасида ҳам рақобат юзага келади. Бу тармоқда структуравий оптималлашувга олиб келади. Паст самарали манбалар рақобатга дош бера олмай аста-секинлик билан бозорни тарк этади.

3. Соҳани модернизация қилиш ва энергия ишлаб чиқаришда замонавий технологияларни қўллаш
Бозорда шаклланган рақобат муҳити тармоққа янги технологияларни жадал олиб киришга ҳам туртки беради. Корхоналар модернизация ва қайта жиҳозлаш орқали технологик жараёнлар самарадорлигини доимий оширишга интилади.

4. Қайта тикланувчи энергия манбалари ривожланиши учун шароит яратиш
Бугун қайта тикланувчи энергияга асосланган технологиялар юқори суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Business Insider маълумотига кўра, сўнгги тадқиқотлар 2020 йилдан бошлаб қуёш панеллари ва шамол генераторлари асосида электр энергияси ишлаб чиқариш углеводород хом ашёларидан фойдаланадиган анъанавий технологиялардан арзонроққа туша бошлашини кўрсатмоқда. 2017 йилда Буюк Британия тарихида илк маротаба замонавий шамол турбинасидан кўмир ёқишга асосланган ИЭСлардагидан кўра икки баравар кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилди. Сўнгги бир неча йил мобайнида АҚШда барпо этилаётган электр энергия ишлаб чиқариш манбаларининг 95%и қайта тикланувчи энергияга асосланган технологиялар улушига тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда қуёш ва шамол асосида электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти юқори экани тўғрисида кўп айтилган, аниқ ҳисоб-китоблар ҳам мавжуд. Лекин ушбу йўналишларни ривожлантириш учун ҳам электр энергияси бозорини эркинлаштириш зарур. Қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган корхоналар анъанавий ишлаб чиқарувчилар билан рақобат қила олиши учун эркин нархлар бозори зарур.

5. Энергия тежамкорлигини ошириш ва иқтисодиётнинг энергияга «бўкканлик» (energy intensity) даражасини камайтириш
Ўзбекистон жаҳонда иқтисодиёти энг энергияга «бўккан» мамлакатлар қаторига киради. Жаҳон банкининг 2015 йилга оид маълумотларига кўра, мамлакатимизда 1 АҚШ долларилик маҳсулот ишлаб чиқариш ёки шу қийматга баҳоланадиган хизмат кўрсатиш учун 9,99 MJ (мегажоуль) энергия сарф этилади. Бу кўрсаткич қўшни Қозоғистонда 7,9 MJ, Хитойда 6,69 MJ, Японияда 3,74 MJ, Озарбойжонда 3,73 MJ, Германияда 3,60 MJ, Ҳонгконгда 1,4 MJни ташкил қилади. Камроқ энергия сарфи эвазига кўпроқ қиймат яратиш учун ишлаб чиқариш қувватлари тежамкор технологияларга ўтказилиши зарур. Бунинг учун ҳам тармоқда тўлақонли рақобат муҳитини шакллантириш лозим.

6. Электр энергия таъминотининг узлуксизлиги ва тўла қамровига эришиш
Электр энергия бозорида эркин нарх шаклланиши, табиийки, таклиф ўсишига олиб келади. Электр энергия ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналар истеъмолчилар талабини қондириш учун янги қувватларни ишга туширади, рақобатбардош нархларда энергия импортини йўлга қўйишади. Бу жараёнлар мамлакатда энергия танқислиги муаммоси ечимига йўл очади.
Раҳимберди МАМАЮСУПОВ.

Муаллиф ҳақида:
Раҳимберди Мамаюсупов — Корея Халқаро Ҳамкорлик Ташкилоти (KOICA) ва Ажу Университети (Жанубий Корея) ҳамкорлигидаги давлат хизматчилари учун «Энергетик Технологиялар ва Сиёсат» махсус магистратура дастури стипендиати, тадқиқотчи, менежмент тизимлари бўйича халқаро аудитор ва техник эксперт.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш (1-қисм)