date

Chevrolet Tracker 2026 тез кунда тақдим этилади

Chevrolet Tracker 2026 тез кунда тақдим этилади
Chevrolet компанияси оммабоп кроссовери Tracker’нинг 2026 йилги янгиланган версиясини расман тақдим этишга тайёргарлик кўрмоқда, деб Kursiv media хабар берди. Уни йиғиш жараёни Бразилиянинг Сан-Каетану-ду-Сул шаҳридаги заводда бошланган ва яқин кунларда бутун мамлакат бўйлаб дилерларга етказилиши режалаштирилган.

Экстерьердаги янгиликлар
Tracker 2026 икки қаватли олд ёруғлик тизимига эга бўлди: юқорида ингичка LED кундузги чироқлар, пастда эса асосий фаралар жойлашган. Янги туман чироқлари, бампер ва радиатор панжараси Blazer ва Equinox моделларига ўхшатилган.

Шунингдек, RS спорт версияси ҳам сақланиб қолган. У қора безаклар (логотип, кўзгулар, дисклар) ва махсус радиатор панжараси билан фарқланади.

Ички салон — Хитойча услубда
Салон Хитойдаги Tracker моделига ўхшаш қайта ишланган. Асбоблар панели ва мультимедиа тизими ягона блокда жойлашган. Янги климат-контроль блоги икки регулятор ва дисплейга эга бўлиб, олдинги уч тугмали панелни алмаштирган. Бразилия версиясида асбоблар панелининг юқори қисмида соя қилувчи элемент сақланган.

Техникаси ўзгармаган
Chevrolet техник хусусиятларни расман эълон қилмаган, бироқ улар ўзгармагани кутилмоқда:

• 1.0 турбо (117/121 от куч)
• 1.2 турбо (139/141 от куч)

Ҳар икки двигатель бензин ва этанолда ишлайди, 6 босқичли автоматик узатмалар қутисига эга ва фақат олд ғилдиракдан тортувчи бўлади. Яқин келажакда гибрид версияси ҳам тақдим этилиши мумкин.

Ишлаб чиқариш ва экологик ёндашув
Сан-Каетану заводи модернизация қилинди: янги роботлар, замонавий бўяш линияси ва сифат назорати технологиялари жорий этилди. Янгиланган Tracker экологик талабларга мувофиқ ишлаб чиқарилмоқда — энергия тежами ва чиқиндиларни камайтиришга эътибор берилган.

Тақдимот қачон бўлади
Chevrolet Tracker 2026 моделининг тўлиқ тақдимоти июль ойида ўтказилиши кутилмоқда. У Chevrolet’нинг Лотин Америкадаги янгиланган модель қаторидаги биринчи машинаси бўлади. Йил охиригача Onix, Onix Plus рестайлинглари ҳамда Spark EUV ва Captiva электромобиллари ҳам тақдим этилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Chevrolet Tracker 2026 тез кунда тақдим этилади