date

Осмонда қаторлашган нурлар — хавф ёки технология?

Осмонда қаторлашган нурлар — хавф ёки технология?
3 июлга ўтар кечаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри осмонида кузатилган ғайриоддий манзара кўплаб фуқароларни ҳайратда қолдирди. Kun.uz таҳририятига юборилган видеолавҳаларда бир чизиқда қаторлашиб ҳаракатланаётган ёрқин жисмлар акс этган бўлиб, улар ракета ёки бошқа номаълум учувчи объектларга ўхшатилган.

Воқеа Тошкент вақти билан тахминан 02:30 ларда содир бўлган. Видеонинг асосий қисми Ангрен шаҳрининг тоғли ҳудудида тасвирга олинган бўлиб, манзарани кузатганлар бу ҳолатни илк марта кўраётганини билдирган. Тун ярим бўлишига қарамасдан осмонда ёруғ нурлар занжири ҳаракатланаётгани кўпчиликни чалкашликка солган.

Фуқароларни қизиқтирган ушбу ҳолатга «Ўзбеккосмос» агентлиги расмий изоҳ берди. Агентликнинг янги технологияларни жорий этиш бўлими бошлиғи Аҳрор Агзамов Kun.uz билан суҳбатда бу манзарани илмий нуқтаи назардан тушунтирди.

Унинг таъкидлашича, видеодаги бир чизиқда ҳаракатланаётган 25 га яқин ёрқин нуқталар — SpaceX компаниясининг Starlink сунъий йўлдошлари бўлиши катта эҳтимолга эга. Агзамов маълум қилишига кўра, 2 июль куни АҚШ шарқий вақти билан соат 02:28 да Флоридадаги космодромдан SpaceX томонидан навбатдаги 27 та Starlink сунъий йўлдоши фазога учирилган.

Бу йўлдошлар дастлаб учирилганидан кейин бир неча кун давомида паст орбитада — тахминан 500 километр баландликда, бир-бирига жуда яқин ҳолда ҳаракатланади. Шу сабабли улар Ер юзидан нурли занжир кўринишида кўринади. Кейинчалик ҳар бири ўз ишчи орбитасига тарқалади ва кўзга камроқ ташланади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бундай сунъий йўлдошлар осмонда ҳаракатланаётгани қуёш ботганидан сўнг, лекин ҳали тўлиқ қоронғилик тушмаган даврда энг яққол кўринади. Ер юзида тундаги қоронғилик бошланса-да, баланд орбитада ҳаракатланаётган объектлар ҳали ҳам қуёш нури билан ёритилаётган бўлади ва шу сабаб улар ярқин кўринади. Ангрендаги видео ҳам тонгга яқин пайтда, яъни айнан бундай шароитда тасвирга олинган.

Агзамов қўшимча қилди:
«Starlink йўлдошлари соатига тахминан 27 000 км тезликда ҳаракатланади ва Ер атрофини тахминан 90 дақиқада тўлиқ айланиб чиқади. Видеода кўринаётган ҳаракат тезлиги, чизиқли тузилиш ва ёруғлик кўриниши — буларнинг барчаси паст орбитадаги сунъий йўлдошлар учун оддий ва табиий ҳолат».

Маълумки, Starlink — бу SpaceX компанияси томонидан яратилган глобал интернет тармоғини таъминловчи йўлдошлар тизими бўлиб, у бутун дунё бўйлаб, хусусан интернет хизматлари чекланган ҳудудларга юқори тезликдаги интернетни етказишни мақсад қилади. Бу тизим орқали юзлаб сунъий йўлдошлар бир вақтнинг ўзида турли ҳудудларда фаолият юритади.

Ангрен осмонидаги манзара — ана шу глобал космик лойиҳанинг яна бир жонли аксидир. Илгари бундай ҳодисалар фақат кинофильмларда ёки телескоп орқали кузатиладиган илмий лабораторияларда бўлса, бугун уларни оддий фуқаро ҳам ўз телефони билан тасвирга олиб, тармоқларда бўлишиши мумкин.

Кўпчилик бу манзарани тушунмасдан турли тахминлар билдирди: кимдир ракета деб ўйлади, кимдир хавфли технология деб изоҳлади. Аммо илмий жиҳатдан бу ҳодиса – техник тараққиётнинг очиқ ва шаффоф кўриниши бўлиб, жамиятимизга фазовий фан ривожи қандай суръатларда кетаётганини кўрсатади.

«Ўзбеккосмос» агентлиги ўз фаолиятида аҳолини ана шундай ҳодисалар ҳақида хабардор қилиш, тушунтириш ва ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олишни мақсад қилган. Бу нафақат маълумот тарқатиш, балки илм-фанга қизиқиш уйғотиш, технологияга ишончни оширишга ҳам хизмат қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Осмонда қаторлашган нурлар — хавф ёки технология?