11:24 / 23.07.2020
3 446

Умумий овқатланиш корхоналарига тақдим этилаётган енгилликлар қандай қарши олинди?

Умумий овқатланиш корхоналарига тақдим этилаётган енгилликлар қандай қарши олинди?
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон умумий овқатланиш корхонасини юритувчи ишбилармонлар томонида жуда қизғин қарши олинди.

Чунки президент фармонига кўра, аҳолини қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида 2020 йил охиригача тадбиркорлик субъектлари айрим солиқлардан озод этилмоқда, қатор имтиёз ва енгилликлар тақдим этилмоқда.

Масалан, умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилади.

Фармонда 2021 йил 1 июлга қадар карантин чекловлари бекор қилинишига қараб тадбиркорлик субъектларига автодўкон, автомагазин, автотиркама, автоцистерна ва фудтраклар орқали савдо қилиш ҳуқуқи тақдим этилиши белгиланган.

Шаҳарлардаги умумий овқатланиш корхоналарини анчадан буён қийнаб келаётган масала — истеъмолчиларга овқатланиш ёки ҳордиқ чиқариш хизматларини кўрсатиш учун енгил конструкцияларни жойлаштириш ҳуқуқи ҳам тақдим этилмоқда.

Spot.uz нашри давлат томонидан бундай қўллаб-қувватлашга ҳаётлари даомида илк марта дуч келаётган тадбиркорларнинг фикрларини жамлаб чиққан.

«Умид қиламизки, бу сўнгги қадам эмас. Биз, давлат ва бизнесга нафақат соҳани талафотларсиз сақлаб қолиш, унинг динамик ўсишини давом эттириш учун ҳали кўп ишлар қилиш керак», деб таъкидлаган Yapona Mama ресторанлар тармоғи асосчиси Евгений Пак.

«Шахсан менинг ҳаётимда ҳукумат кичик ва ўрта бизнес вакилларига шунчаки мулоқот таклиф этибгина қолмасдан, фикрларимизга қулоқ тутиб, аниқ ҳаракатлар амалга оширгани биринчи бор рўй бермоқда», — деб ёзган «ЧайКоф» қаҳвахоналари тармоғи бошқарувчи шериги Алина Цимерман ўзининг Facebook’даги саҳифасида.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил март ойида 7151та корхонада 41448 нафар ходим ишлаган. Уларнинг ходимлар сони 25 нафаргача бўлган 6980тасида (97 фоиз) 31813 (76 фоиз) ишчи, 25–50 нафаргача 109тасида 3780 ишчи, 50 нафардан ортиқ ходимларга эга 62тасида жами 5855 киши ишлаган.

Маълум сабабларга кўра, жорий йилнинг I ва II чорагида уларнинг фаолиятида кескин ўзгаришлар содир бўлди. 7151та корхонадан 2989тасида (42 фоиз) йилнинг II чорагида I чоракка нисбатан товар айланмаси олдинги чоракка нисбатан ошган. 3106та умумий овқатланиш корхоналарида (43 фоиз) ўзгариш сезилмаган. 1056та корхона (15 фоизида) камайиш кузатилган.

Карантин чоралари қўлланилган даврда салбий кўрсаткичлар қайд этган 1056та корхонада I чоракка нисбатан товар айланмаси 5,5 триллион сўмга камайган. 3 мингта корхонада 14,8 минг иш ўрни қисқартирилган. 5620та корхонада (78,5 фоиз) меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси ҳажми 65,2 миллиард сўмга қисқарган. Бюджетнинг ҳисобий йўқотишлари 60,6 миллиард сўмни ташкил этган

Бироқ шунга қарамасдан, соҳани тиклаш зарурияти тўғри англанган ҳолда президент фармони билан бир қатор имтиёзлар ва енгилликлар берилди. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.

Коронавирус пандемияси даврида кичик ва ўрта бизнесга давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ёрдам масаласида тадбиркорлар томонидан ўртага ташланган бошқа таклифлар ўрганилишда давом этмоқда. Хорижий тажрибалар ўрганиб чиқилмоқда.

Булар орасида хизмат кўрсатиш соҳаси ва умумий овқатланиш корхоналари учун ҚҚС ставкасини 15 фоиздан 7,5–5 фоизгача тушириш, умумий овқатланиш корхоналари маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғуллувчи ташкилотларга вақтинчалик солиқ имтиёзлари тақдим этишни назарда тутиш, умумий овқатланиш корхоналарининг (етказиб бериш хизмати) учун транспорт воситалари ҳаракатини чеклашни бекор қилиш кабилар бор.

Қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг умумий суммаси 1,4 триллион сўмни ташкил этади, булардан тақдим этилаётган имтиёзлар суммаси 1,1 триллион сўмга тенгдир. Бу ҳолатда давлат бюджети тақчиллиги ЯИМнинг (20 трлн) 3,5 фоизидан ошмайди.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Умумий овқатланиш корхоналарига тақдим этилаётган енгилликлар қандай қарши олинди?