date

Хонанда Жаҳонгир Отажоновни қандай қилиб бошқа хонанда "чув туширди"?

Хонанда Жаҳонгир Отажоновни қандай қилиб бошқа хонанда "чув туширди"?

Хонанда Х.Х. жиноий жазога тортилди. У фирибгар жиноятини содир қилишда гумонланиб, 2025 йил 9 августдан буён қамоқда сақланаётганди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Жаҳонгир Отажонов ва Х.Х. Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўқиб юрган кезларда танишиб, ака-укадек бўлиб келган. Икки хонанда ўртасидаги “олди-берди” 2017 йилда бошланган.

2017 йил ноябр. Х.Х. Жаҳонгир Отажоновнинг Lexus машинасини 68 минг долларга баҳолаб, сотиб олган. У дастлабки тўлов сифатида 34 минг доллар берган ва қолган 34 минг долларни 2 йилга бўлиб тўлашга келишган. Кейинчалик машинани олди-сотди шартномасига асосан бошқа шахсларга расмийлаштиришга эришиб, Жаҳонгир Отажоновга 34 минг долларни бермасдан, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

2019 йил июл. Х.Х. Жаҳонгир Отажоновни танишининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган тўй маросимига таклиф этган ҳамда хизмати эвазига 1000 доллар беришини билдирган. У келишилган 1000 долларни тўй эгасидан ўзи олиб, Жаҳонгир Отажоновга кейинчалик беришини айтган. Аммо ушбу пулни бермасдан, ўз эҳтиёжларига сарфлаган. Х.Х. 2019 йил июл ойида худди шу услубда Жаҳонгир Отажоновни Қашқадарё вилоятига тўйга олиб бориб, хизмат учун келишилган 5 минг долларни тўй эгасидан ўзи олган ҳолда хонандага бермаган.

2021 йил феврал. Х.Х. Жаҳонгир Отажонов BMW машинасини 83 минг долларга сотмоқчи эканини эшитиб қолган. У машинани хонандага 15 минг доллар бериб, қолган қисмини 2 йил давомида тўлаб бериш шарти билан олган. Кейинчалик автомобилни олди-сотди шартномаси асосида бошқа шахслар номига расмийлаштириб олишга эришган. Келишув бўйича 68 минг долларни эса Жаҳонгир Отажоновга бермасдан, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

2021 йил март. Х.Х. Жаҳонгир Отажонов Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги хонадонни сотиш ниятида эканлигидан хабар топган. У мазкур хонадон учун мижоз топганини, уйни 35 минг долларга сотишини хонандага айтган. Бироқ ушбу пулнинг 30 минг долларини бериб, қолган 5 минг долларини кейинчалик беришини ваъда қилган. Лекин у бу сафар ҳам ўз ваъдасида турмаган.

Бундан ташқари, Х.Х. Жаҳонгир Отажоновни ўзи муқаддам ижара асосида яшаб келган Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги уйни икки йил муддатга бўлиб тўлаш эвазига сотиб олишга қизиқтирган. У хонанда яшаб келган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 6,54 сотихли уйнинг уй-жой қурилган 1,18 сотих қисмини 50 минг долларга сотиб олишга ва ушбу пулларни Жаҳонгир Отажонов сотиб олаётган Яккасарой туманидаги хонадон учун тўлов сифатида беришга ишонтирган. Бироқ Жаҳонгир Отажонов Туркияда эканидан фойдаланган Х.Х. 50 минг долларни хонанда сотиб олаётган уй эгасига тўлов қилмасдан, 2021 йил 2 апрел Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонни харидор номига тўлиқ ўтказишга эришган. 2021 йил 12 май куни эса уйнинг 1,18 сотих қисмини ўзининг номига расмийлаштириб олган. Бу орқали Жаҳонгир Отажоновнинг уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқини қўлга киритган. Сўнгра 2022 йил 25 июл куни мазкур хонадонни сотиб юбориб, Жаҳонгир Отажоновга 50 минг доллар миқдорида моддий зарар етказган.

Шу каби, Х.Х. яна бир уй эпизоди бўйича Жаҳонгир Отажоновга 32 минг доллар зарар етказиб, ушбу пулларни ҳам ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.Х.Х. судда айбига қисман иқрор бўлган ва ушбу пулларни санъат соҳасидаги фаолиятини ривожлантириш учун сарфлаганини билдирган.

“Менинг ҳисобим бўйича Жаҳонгир Отажоновга ҳозирги кунда 85 минг доллар беришим керак. Ҳолат содир бўлган вақт бўйича пул олди-берди ишлари юзасидан пул миқдори бўйича адашаётган бўлишим мумкин. Жаҳонгир Отажонов барча ҳисоб-китобни ўзи учун қайд қилиб юрганини инобатга олиб, унинг пул миқдори бўйича барча важларини тўлиқ тасдиқлайман”, деган у суддаги кўрсатмасида.

Шунингдек, Х.Х. қилмишидан пушаймонлигини, имкон берилса ишлаб, жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплаб беришини билдирган ҳамда суддан енгиллик сўраган.

ЖИБ Яккасарой туман судининг ҳукми билан Х.Х. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Х.Х.дан жабрланувчи Жаҳонгир Отажонов фойдасига етказилган моддий зарар, яъни 2 млрд 337 млн сўм ундириш белгиланган. Шунингдек, Х.Х. номига расмийлаштирилган, Тошкент шаҳрида жойлашган 2 та хонадон содир этилган жиноят натижасида орттирилган мулк сифатида баҳоланиб, сотувга қўйилиши, сотувдан тушган маблағ етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилиши ҳам назарда тутилган.

Муаллиф: Руслан Сабуров

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Хонанда Жаҳонгир Отажоновни қандай қилиб бошқа хонанда "чув туширди"?