
Ўзбекистонда фуқаролар ўз авлод шажарасини янада чуқурроқ ўрганиши мумкин бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда “Шажара” деб номланган янги ахборот тизимини ишга тушириш ташаббуси илгари сурилди, деб хабар берди zamin.uz.
Тақдимотда айтилганидек, янги платформа аҳолига ўз қариндошлик тармоғини шакллантириш, туғилиш, никоҳ ва вафот каби ҳолатлар бўйича маълумотларни кўриш, шунингдек, генетик маълумотлар орқали олис қариндошларни топиш имконини яратади.
Йиғилишда архив тизимидаги муаммолар ва модернизация зарурати ҳам муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, мамлакат архивларида 16 миллионга яқин ҳужжат сақланмоқда, шу жумладан 1,3 миллионта қимматли ва ноёб материаллар мавжуд. Бухоро амири қушбегиси маҳкамаси ва Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари UNESCO’нинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киргани таъкидланди.
Шу билан бирга, ҳужжатларни рақамлаштириш суръати ҳозирча жуда паст — йилiga атиги 2 фоиз. 2030 йилга бориб архив фондининг камида 60 фоизини рақамлаштириш, ноёб ҳужжатларни эса тўлиқ электрон форматга ўтказиш режалаштирилган.
Бунга эришиш учун архив ахборот тизимларини ягона платформага бирлаштириш, ҳужжатларни RFID технологияси асосида рўйхатга олиш, уларни онлайн кузатиш ва сунъий интеллект орқали тезкор таснифлаш каби имкониятлар жорий этилади. Шунингдек, туман ва шаҳар архивлари вазифалари ҳудудий бошқармаларга ўтказилиши белгиланган.
Президент Мирзиёев ушбу янгиланишлар тизимли амалга оширилса, аҳоли ва тадбиркорлар учун катта қулайлик яратилишини таъкидлаб, соҳада самарадорликни янада ошириш зарурлигини қайд этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.