date

Истанбулга келган 4 кишилик оила захарланиб вафот этди

Истанбулга келган 4 кишилик оила захарланиб вафот этди

Германиядан Туркия сафарига чиққан Бўжеклар оиласи ҳақидаги бу жуда оғир хабар маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот тармоқларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Саёҳат ниятида Истанбулга келган тўрт кишилик оила — 32 ёшли Сарват Бўжек, унинг турмуш ўртоғи 27 ёшли Чиғдам Бўжек ҳамда фарзандлари, 6 ёшли Муҳаммад ва 3 яшар Масал — кўча таомларидан заҳарланиб, вафот этди. Бу фожеа нафақат Туркияда, балки Германияда ҳам каттa изтироб уйғотди.

Оила 9 ноябр куни Истанбулнинг энг гавжум Фотиҳ туманидаги “Harbour Suites Old City” меҳмонхонасига жойлашган. Дастлаб ҳаммаси оддий саёҳатдек бошланган. Бироқ 11 ноябр куни улар машҳур Ортакўй ҳудудига бориб, мидия, шўрва, колбаса, товуқ гўшти ва кумпир каби кўча таомларини истеъмол қилади. Кечга бориб, аҳволлари ёмонлаша бошлайди. Оила шошилинч равишда шифохонага етказилади ва овқатдан заҳарланиш аломатлари асосида даволанади.

Бироз тетиклана бошлагани сабаб, улар шифохонадан чиқарилган, лекин меҳмонхонага қайтгач, ҳолати яна оғирлашган. Қайта шифохонага ётқизилганда ҳам кўрилган муолажалар етарли бўлмаган: 12 ноябр куни икки бола ҳаётдан кўз юмган. Фақат икки кун ўтгач, 14 ноябрда онаси, орадан қисқа вақт ўтиб эса ота Сарват Бўжек ҳам вафот этган.

Фожеадан сўнг Истанбул Бош прокуратураси жиноят иши очди. Тергов доирасида бир нечта шахслар — мидия дўкони, турк ширинликлари сотувчиси, оила овқатланган ресторан эгаси, шунингдек меҳмонхона ходимлари ва дезинфекция хизмати ходимига қадар — жами 11 киши ҳибсга олинган. Ресторан муҳрланган, меҳмонхона эса тўлиқ эвакуация қилинган.

Полиция ва мутахассислар воқеа юз берган жойлардан намуналар олган, хавфсизлик камералари тасвирлари ўрганилмоқда. Суд-тиббиёт лабораториясига юборилган таҳлиллар оила аъзоларидаги ўлим сабабларини аниқлаш учун кўрилмоқда. Адлия вазири Йилмаз Тунч таъкидлашича, барча текширувлар жуда синчиклаб олиб бориляпти.

Қолаверса, оила жойлашган меҳмонхонада яна иккита сайёҳ ҳам кўнгил айниши ва қусиш сабабли шифохонага ётқизилган. Улар билан бир хонада бўлган учинчи шахс ҳам юрак уришининг пасайиши боис текширувдан ўтказилган.

Ҳозирча расмий хулоса берилмаган бўлса-да, терговчилар бу даҳшатли фожеага айнан қайси таом ёки қайси омил сабаб бўлганини аниқлаш учун барча маълумотни йиғмоқда. Истанбулдаги текширувлар давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Истанбулга келган 4 кишилик оила захарланиб вафот этди