21:05 / 05.07.2021
1 762

Имтиёз.... Мантиқсизлик қаерда?

Имтиёз.... Мантиқсизлик қаерда?

Ҳар йили меҳнат бозорига мактабни тамомлаган ярим миллиондан ортиқ ёшлар кириб келади. Бир сўз билан айтганда, меҳнатга лаёқатли ишчи кучи масаласида асло нолишга ҳожат йўқ. Ҳамма давлатларда бўлгани каби бизда ҳам сифатли кадрларга бўлган эҳтиёж юқори. Ҳукумат буни инобатга олиб, сўнгги 5 йилда қабул квоталарини деярли 3 баробаргача оширди.

2020-2021 йилда қабул квоталари сони 150375 тани, 2021-2022 йилда эса 171155 тани ташкил қилмоқда. Бу қувонарли, албатта. Аммо... Мақоламиз бу ҳақида эмас, шу имтиҳонларда абитуриентларга бериладиган имтиёзлар ҳақида бўлади.

«Давлат ёки ҳудудлар ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, имтиёз беришини қўллаб-қувватлайман. Лекин армияга борганга, «Зулфия» олганга, яхши шеър айтганга ва чиройли мадҳ этувчиларга имтиёз берилишини ёқламайман... Чунки ўқишга кириш учунгина ҳарбий хизматни ўтагандан дуруст ҳимоячи чиқмаслиги, шу мақсадда «Зулфия»чига айланганда пичоққа илинарли шоира пайдо бўлмаслигига аминман», — дейди журналист Аброр Зоҳидов.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида»ги қарорида иттифоқнинг фаол аъзолари Давлат комиссияси қарори билан доимий яшаш жойидаги ОТМларнинг педагогика таълим йўналишларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Хўш, иттифоқ ишида фаоллик билан билими ўртасида қай даражада мутаносиблик мавжуд?! Бу билан иттифоқ фаол аъзоларининг билимини паст демоқчи эмасман. Аммо агар улар, ҳақиқатан ҳам, сифатли кадр бўлишса, соф рақобатда қолганлар билан беллашсин. Ё бошқа мақсадлари борми?.. «Еб қўйган оғиз уялар» қилишмасмикан?!

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иккинчи бўлим, V боб, 18-моддасида шундай дейилган:
«Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт». Бу моддадан кўриниб турибдики, уларнинг қайсидир иттифоққа аъзо бўлиши унга имтиёз тақдим этишини кафолатламайди.

Келинг, юқоридаги модданинг яна бир бандига тўхталиб ўтамиз. 18-моддада ёзилишича, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеи инсоннинг алоҳида имтиёзлар берилишига сабаб бўлмайди. Бироқ кучишлатар тизимларга кирувчи ҳарбий соҳа кадрларининг фарзандларига имтиёзлар берилиши юқоридаги жумлани шубҳа остига қўяди. Ижтимоий келиб чиқишига қараб имтиёзлар берилиши ўрта асрлардаги хонликлар даврини қисман эслатиб юборади.

Xabar.uz журналисти Улуғбек Орипов ўзининг «Бемаврид мулоҳазалар» мақоласида ҳарбий соҳа кадрларининг фарзандларига имтиёзлар берилиши табақавий дискриминацияни келтириб чиқариши ва мактабда ўқиб юрган, келажакда яхши шифокор, ўқитувчи, журналист бўлиши мумкин бўлганлар ҳам қобилиятидан кўз юмиб, фақат маош ва имтиёзлар учунгина ҳарбий бўлишга қарор қилишлари ҳақида ёзади.

Бугун отаси ёки онасининг қилган меҳнати учун фарзандининг ҳуқуқий-демократик давлатда бошқа тенгдошларидан устун туришини ҳазм қилиш қийин. Бу таниш-билишчилик шу даражада қонимизга сингиб кетганми, ҳайрон қоласан киши. Қайсидир қариндоши сабаб имтиёз олишни коррупциянинг аломатларига ўхшаб кетади, назаримда. Абитуриентнинг отаси ёки онаси бу соҳада ишламаслиги унинг айби эмас. Кимнингдир отаси ўқитувчи, шифокор, санъаткор, оддий деҳқон… Бу кичкина қишлоқ эмас, катта бир жамият.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев бу борада қуйидагича фикрларни ўртага ташлади: «Билимга йўналтирилган имтиёзлар жуда унақа ёмон эмас. Масалан, халқаро олимпиадани ютган имтиёзсиз ўқишга киради. Чет тилларини билиш даражасини берувчи сертификат эгалари ҳам имтиҳондан озод қилинади. IELTS 6 ё 7 балл олганини исботловчи сертификат бўлса, ундан чет тили имтиҳони олиш нотўғри. Булар мантиқан тўғри имтиёзлар. Аммо ижтимоий келиб чиқишига алоқадор бўлган имтиёзлар, яъни отаси, онаси, кимнингдир кимлиги учун бериладиган имтиёзлар ижтимоий адолатдан эмас деб, ҳисоблайман.

Бундан ташқари, ногиронлиги мавжуд шахслар учун бериладиган имтиёзлар ҳам бўлгани маъқул. 23 ёки 24 та имтиёз бор, умумий барчасини қайта кўриб чиқиш керак. Қайси бири адолатли имтиёз, қайси бири адолатсиз имтиёз эканлиги кўриб чиқилса, тўғри бўлар эди. Юқоридаги имтиёзларнинг барчаси тўғри деган фикрга қўшилмайман. Айримлари нотўғри имтиёзлар. Имтиёзларни бутунлай таг-туги билан олиб ташлаш керак эмас, чунки мантиқан тўғри бўлган имтиёзлар ҳам бор.

Адолатсиз имтиёзлардан яна бири, фикрим бўйича, махсус ихтисослаштирилган мактабни тугатганлиги учун балл қўшиб берилишидир. Бу мантиқсизлик, чунки у махсус ихтисослаштирилган мактабда ўқиб келяптими, демак, у билимли бўлиши керак. У ерда яхши ўқитилиши керак. Оддий қишлоқ мактабидагига қараганда бундай даргоҳларга бюджетдан кўпроқ пул сарфланяпти. Оддий қишлоқ мактабидаги болаларда йўқ имкониятлар ўша ихтисослаштирилган мактабдаги ўқувчиларга бериляпти. Улар битиргандан кейин биз яна имтиёз ҳам беряпмиз. Шунчалик зўр мактаб экан, ўзи имтиҳонни топшириб «ёриб ташламайдими»? Нимага биз уларни бунчалик эркалатяпмиз?

Ваҳоланки, бюджетдан, яна айтаман, уларга кўпроқ пул ажратиляпти. Чекка қишлоқдан келган болада йўқ имконият уларда бор. Биз аксинча уларга яна имтиёз беряпмиз, яна имконият беряпмиз. Шунақанги мантиқсиз имтиёзлар бор — шуларни кўриб чиқиш керак бўлади».

Юқоридаги фикрга кўз югуртирсак, баъзи соҳаларга кўпроқ имтиёзлар бериб юборётганимиз кўзга ташланмоқда.
«Asaxiy» интернет дўкони асосчиси Фируз Аллаев ҳам бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди: «Олий таълимдан асосий мақсад бу кадрлар масаласи, яъни давлат жамият ҳаётидаги муҳим соҳаларга кадр етказиб бериши лозим. Бу — олий таълимнинг бирламчи вазифаси. Кадрлар шунақа бўлиши керакки, улар келиб чиқиши критерияси асосида эмас, аксинча, ўзининг билими асосида шаклланиши керак. Шу томондан кўриб чиқсак, масалан, ҳарбийларнинг, божхона ходимларининг фарзандларига имтиёз берилиши бу нотўғри, деб ўйлайман. Олий таълимда имтиёзлар фақат билим даражасидан келиб чиқиши керак, деган фикрдаман. Бу умумий рақобатни синдирмаслиги керак. Отаси божхонада ёки ҳарбий бўлиб ишламайдигани фарзандларнинг айби эмас. Бу фарзандларимизга нисбатан дискриминация. 

Шунинг учун ҳам ота-онасининг касбидан келиб чиқиб берилган имтиёзлар хато, деб ўйлайман. Аксинча, агар имтиёзлар ногиронларга ёки боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига берилса, бу ижтимоий имтиёз бўлар эди. Бу ижтимоий адолатни юзага келтиради. Кириш имтиҳонларига кириб контрактга тушган боқувчисини йўқотган оила фарзандларининг контрактлари давлат томонидан тўлаб берилса, юқоридаги кадрлар муаммоси кўпроқ ҳал бўларди. Мен шахсан кўплаб шундай оила вакилларининг ўқишни молиявий қийинчилик сабабли ташлаб кетганини кўрганман. Нега армияга бориб келганлар йигитлар бунга имконияти бўлмаган қизлардан кўра имтиёзга эга бўлади, деган савол мени анчадан буён қийнайди», — дейди тадбиркор.

Францияда истиқомат қилувчи блогер, тиллар ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Дониёр Рўзметов ҳам имтиёзлар бериш амалиётининг кўпайиб кетиши жамият тараққиётига тўсиқ бўлишини, сифатли кадрларнинг камайиши, халқаро ишчи бозорида Ўзбекистон имижининг тушишига сабаб бўлиши ҳақида гапириб ўтди.

Журналист Зафар Қосимов ҳам мазкур мавзу атрофидаги саволларимизга жавоб қайтарди: «Бир танишим «Мард ўғлон» медалини ололмади. Роса хафа бўлди. Унинг мақсади шу медаль баҳона ўқишга имтиёзли кириш экан. Унга хафа бўлмаслигини, агар чиндан лаёқатли бўлса, ўқишга ўз кучи билан кириши мумкинлигини айтдим. Шу ўринда менда савол пайдо бўлди: «Зулфия», «Мард ўғлон» каби давлат мукофотларига қўшиб имтиёз бермаганда даъвогарлар қанча бўларди? Бундай савол бераётганимнинг боиси, мен кўрган кўпчилик «медалист»лар айнан имтиёз учун ҳаракат қилишган. Хўш, имтиёз бериш қай даражада тўғри?

Биринчидан, агар имтиёз, ҳақиқатан ҳам, муносиб одамларга берилаётган бўлса, демак, улар имтиҳонларда ҳам ўз кучи билан кира олади.
Иккинчидан, биз имтиёзлар бериш орқали ўша инсонга ниманидир қўшиб ўргатиб қўя олмаймиз.
Учинчидан, биз танлаган номзод, ҳақиқатан ҳам, келажакда етук кадр бўлишини истасак ва бу орзуларимиз рўёбини уларда кўрсак, нега биз уларни соф рақобатлашувдан маҳрум қилишимиз, уларни енгил ҳаётга ўргатишимиз лозим?

Имтиёзлар рақобат майдонини бузиб қўймаслиги шарт. Биз учинчи ренессанс ҳақида ўйлаётган бир даврда кадрларнинг сифатини оширишга, ёшларни, бўлажак раҳбарларни соф рақобат муҳитида тарбиялаганимиз маъқул. Хўш, айтинг-чи, бундан олдинги 2 та ренессанснинг қайси олимида алоҳида имтиёз бор эди?»

Мақола орқали қайсидир имтиёз орқали имтиҳонлардан ўтаётган талабаларни қораламоқчи эмасмиз. Жамиятда имтиёзлилар синфининг бармоқ билан санаганда ҳам ортиб қоладиган даражада кўпайиб кетиши кишини хавотирга солади. Мени бир савол қийнайди: Имтиёзларга ружу қўйган болалар билан ренессансни қандай қурамиз?

Санжар Машриқий


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Имтиёз.... Мантиқсизлик қаерда?