Паркентлик онахоннинг орзуси ушалди

Ижтимоий тармоқларда можаро ортидан эътибор марказига тушган онахон — Абдураимова Мастурага турли кўмак ва яхшиликлар кўрсатилаётгани акс этган видеолар фойдаланувчилар қалбини ларзага солмоқда.
Кадрларда онахоннинг кўнглини кўтариш мақсадида унга турли имкониятлар яратилгани кўринади. У ўзи ҳурмат қилган санъаткорлар билан учрашиб, улар билан самимий суҳбатлар қурди. Шунингдек, онахон турли ресторанларда меҳмон қилиниб, пойтахтдаги хиёбон ва сайилгоҳларга саёҳатга олиб борилгани ҳам акс этган.
Энг таъсирлиси эса — унга Умра зиёрати учун йўлланма ҳадя этилгани бўлди. Ушбу совғани олган онахоннинг қувончи ичига сиғмай, кўзларида ёш билан миннатдорлик билдиргани видеоларда яққол намоён бўлган.
Онахон ўз сўзларида аввал кўп бора ичидан ўксиб, “Наҳотки мен шунчалик ёмон бўлсам, бошқаларни Аллоҳ чақиряпти-ю, мени чақирмайди”, деб ўйлаган дамларини ҳам эслаб ўтган. Эндиликда эса унинг орзуси ушалиб, қалбида умид ва шукроналик туйғулари жўш ураётгани сезилади.
Мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, кўпчилик инсонлар бундай саховат ва меҳр-оқибатни юқори баҳолаб, яхшилик қилиш анъаналари давом этишини тиламоқда.
