
2025 йил 17 декабр куни Prime Video платформасида Fallout сериалининг кутилган иккинчи мавсуми расман намойиш этила бошланди. Машҳур видеоўйинлар асосида суратга олинган лойиҳа илк мавсумиданоқ томошабинлар ва танқидчилар эътиборини тортиб, қисқа вақт ичида энг муҳокамали сериаллардан бирига айланган эди.
Янги мавсумда томошабинлар учун тарқатиш формати ўзгарди. Агар биринчи мавсумда барча қисмлар бир кунда тақдим этилган бўлса, иккинчи мавсум эпизодлари ҳар ҳафта Prime Video орқали навбатма-навбат чиқарилмоқда. Бу эса сериал атрофидаги қизиқишни янада узоқроқ сақлаб туришга хизмат қилмоқда.
Иккинчи мавсум воқеаларида асосий қаҳрамонлар — Люси, Гул ва Максимуснинг тақдири давом эттирилади. Ҳикоя маркази эса ҳалокатдан кейин қайта шаклланган Нью-Вегас шаҳрига кўчади. Постапокалиптик Лас-Вегас муҳити сериалга янги руҳ, янги хавф ва кутилмаган бурилишлар олиб кирган.
17 декабр ҳолатига кўра, Fallout сериали жуда юқори баҳоланмоқда: танқидчилар рейтинги 98 фоизга, томошабинлар баҳоси эса 97 фоизга етди. Мутахассислар иккинчи мавсумни илк қисмларга нисбатан янада динамик, шиддатли ва драматик деб аташмоқда.
Муаллифлар фақат уч асосий қаҳрамон билан чекланиб қолмаган. Янги ва иккинчи даражали образлар чуқур очилгани сериал оламини кенгайтириб, уни айримлар томонидан “Тахтлар ўйини” билан қиёсланишига сабаб бўлмоқда.
Сюжет АҚШ ва Хитой ўртасидаги ядро уруши ортидан юзага келган вайрон дунёда кечади. Ер остидаги бошпаналарда яшаб чиққан одамлар ҳамда ер юзида тирик қолган инсонларнинг тўқнашуви орқали жамият, ҳокимият ва инсон табиатига ўткир саволлар ташланади.
Fallout иккинчи мавсуми ҳам ўйиннинг асл руҳини сақлаб қолган: қора ҳазил, кескин саҳналар, зўравонлик ва жамиятга нисбатан сатирик қараш сериалнинг асосий белгиси бўлиб қолмоқда. Шу боис янги мавсум нафақат мухлислар, балки постапокалиптик драмаларни хуш кўрувчи кенг аудитория учун ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.