00:10 / 30.03.2019
7 757

Шоберди бахши Болтаев: Достонлар ҳақиқатни сўзлайди, аммо уни эшитувчилар кам...

Шоберди бахши Болтаев: Достонлар ҳақиқатни сўзлайди, аммо уни эшитувчилар кам...
Дўмбира деган сеҳрли сознинг жаранги баланд тоғлар, баҳор нафасидан сармаст бепоён кенгликлар, қиру адирлар, осмон тоқига етгудек пурвиқор тоғлар узра янграмоқда. Белини маҳкам боғлаган, ўзини зўр ишга чоғлаган бахшининг ширали овози дўмбира жарангига жўр бўлиб дилларни сел қилади. Бахши дилидан қуйилиб келаётган сатрлар тингловчилар тасаввурида эзгу ва боқий қадриятларни жонлантиради. Унинг мақсади аниқ: юрт ишқи, ёр васфи, адолат ва ҳурлик тантанаси.

«Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Рустамхон», «Гўрўғли» каби ўнлаб достонларни завқ билан куйловчи, достончилик мактабининг йирик вакилларидан бири Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаевнинг ўз ижро йўли бор. У куйлаган достонлар бадиий мукаммаллиги ва жозибадорлиги билан алоҳида ажралиб туради.

— Халқ достончиси сўз заргари бўлиши лозим, — дейди бахши. — Бу, ўз навбатда, табиий истеъдод, кучли идрок, мунтазам равишда қунт ва чидам билан машқ қилишни талаб этади. Шунингдек, бахши халқ турмуши ва маданияти, ўзи яшаб турган юрт тарихи, бирор соз чалишни билиши, ҳофизлик санъатини пухта эгаллаган бўлиши жоиз. Бахши жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдаланиши керак.

Достон тинглаган кишининг руҳи озуқа олади
Бахшичилик санъати — халқимизнинг улкан маданий салоҳиятига хос ажралмас бадиий тарих. Унда асрий орзу-умидлар, порлоқ келажак ҳақидаги ўй-фикрлар ўз ифодасини топган. Қолаверса, достончилик маънавий камолотга хизмат қилади. Бежизга, доноларимиз «Бахшиси бор юртнинг, ботири кўп бўлади», дея таъкидлашмаган. Зеро, гўзаллик, жисмоний ва маънавий камолот, ватанпарварлик, садоқат, яхшилик сингари инсоний фазилатлар мадҳ этилган достонларни тинглаб улғайган авлод қалби ҳамиша ана шундай эзгуликлар билан тўлиб-тошади. «Алпомиш» достонини олайлик.

Асарда Қоражон қиёматли дўсти учун жонини ўртага қўйиб пойгага боради. Алпомишга хиёнат қилмаслик учун ҳатто акаларидан ҳам кечади. Жигарларидан бири унга «Кел, кесайлик Бойчиборнинг бошини», деган қистовига қарамай дўстига, унинг отига хиёнат қилмайди. Мана, дўстга садоқатнинг чин тимсоли. «Алпомиш» достонини дўмбирага солар эканман, ундаги воқеаларнинг турли кўриниш олиши ҳалигача мени ҳайратлантиради. Баъзан ушбу достонни айта туриб, кўзимга ёш қалқийди. Негаки, дўстга садоқат бу дунёда камайиб кетаётгандек. Эҳтимол, мана шу жиҳатлари билан достон киши руҳини озиқлантирар, уни ўзга оламлараро саёҳат қилдирар.

«Қоним ҳам, ҳаёт-мамотим ҳам шу — бахшилик»
Етти ёшимдан достонлардан парча ёдлаб, дўмбира чертиб ижод қила бошлаганман. Отам ишдан келгунча унинг дўмбирасини чертиб, ўзимча достон куйлашни машқ қилардим. Шундай кунларнинг бирида отам дўмбиранинг жойида йўқлигини кўриб, «Дўмбирамга ким тегинди?», дея жаҳли чиқди. Ўшанда онам «беш ўғлингиз бор, ҳеч бўлмаса, биттаси чиқсин-да сизга ўхшаб», деди. Шундан сўнг отам менга бўш вақтларида дўмбира чертиш сирларини ўргата бўшлади. Ўша дўмбира ҳалигача менинг қўлимдан тушгани йўқ. Хуллас, дўмбира чертишни отамдан ўрганган бўлсам, достончилик сирларини устозим Хўшбоқ бахши Мардонқуловдан ўзлаштирдим. Менинг жоним ҳам, қоним ҳам, ҳаёт-мамотим ҳам шу — бахшилик.

30-40 тадан ортиқ достон ёд олган бахшилар бўлган. Шу кунга қадар «Оллоназар Олчибек», «Малла савдогар», «Сулувхон», «Авазхон», «Холдорхон» сингари ўнга яқин достон ва 30 дан ортиқ термаларни ёд олиб, куйладим.

Достончилик ривожи йўлида
Ижодий фаолиятим давомида кўп давлатларда бўлдим. Мамлакат миқёсида ўтказилган бахши-шоирларнинг кўрик-танловларида ғолиб бўлганимдан кейин қатор давлатларда, хусусан, Туркия, Буюк Британия каби ўнлаб мамлакатлардаги дўстларга миллий санъатимизнинг бетакрор имкониятларини намойиш этишга эришдим. Айниқса, бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қирғиз, қозоқ, туркман бахшилари билан бирга Парижга бордик. Шунда эронлик йигит менга «Тадбирни ўтказишда ўзингиз бош бўлсангиз», деди. Масъулиятли вазифа юклатилганидан бироз чўчиган бўлсам ҳам «хўп», дея рози бўлдим. Иштирокчиларга бирма-бир навбат бериб, дастурни олиб бора бошладим. Париж аҳли бизни жуда яхши қабул қилди. Навбат ўзимга келганида қўлга дўмбирамни олиб:

«Қулон юрмас ерлардан,
Қувиб ўтиб боради.
Булон юрмас ерлардан,
Боғиб ўтиб боради.
Қарсоқ юрмас ерлардан,
Қалқиб ўтиб боради.
Бўри юрмас ерлардан,
Бўзлаб кетиб боради», дея куйлай бошладим.

Ишонсангиз, залда «чурқ» этган овоз эшитилмайди. Ҳамма сукутда. Гарчанд бизнинг тилимизни тушунувчилар кам бўлса-да, дарду фиғонни барча қалбан ҳис қилаётгандек эди. Очиғи, бу сукунат ўзимни ҳам бироз чўчитди. Бироқ ҳаммаси жойида эканини ҳис қилгач, яна ҳам завқу шавқ билан дўмбира чертиб, «Алпомиш»дан парча айтдим. Куй тугаганидан сўнг залда қарсак янгради. Мен эл севган термалардан айтиб, дунёга чиқдим. Бу — омадми? Назаримда, йўқ. Бу йиллар давомидаги изланишлар, меҳнату машаққатнинг меваси. Элдан олиб, элга бердим. Меҳрибон халқимни севдим.

Бироқ бир ҳақиқат борки, унга кўз юмиб бўлмайди. Бахшичилик санъатини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда кенг қамровли амалий ишлар қилинмоқда. Аммо одамлар, хусусан, ёшларимиз орасида достонларни эшитадиганлари кам. Яқинда бир етук бахшиларимиздан бири Тошкентда достончилик бўйича бир неча кун бепул концерт берди. Албатта, бу яхши. Бироқ шу концертга тингловчилар кам келишган. Нега? Ахир, бахши аждодлар ҳаётини тараннум этувчи лавҳаларни ўқийди-ку. Агарда замонавий эстрадачилар шундай концерт беришса, кўрасиз у ерга борувчи ёшу қариларни.

Достонлар ҳақиқатни сўзлайди
Ҳар қандай асар, хусусан, достон сюжетига асос қилиб олинган воқеа-ҳодисалар аслида ҳаётда учраши бор гап. Масалан, халқимизнинг севимли достони «Алпомиш»ни олайлик. Унда Барчин Қалмоқ юрти алпларига «Менга олти ой мухлат беринглар, Бий бобомнинг ули излаб келмаса, энг зўрларингга тегаман», дейди. Алпомиш эса Қалмоқ томонларга ёрини сўраб келгач, Кўкалдош совчиликка боради: «Қани, Барчин, Алпомиш бўлса келди, алпларнинг бўлса мухлати битиб қолди. Сен нима жавоб айтасан?». Барчиннинг ори келиб, у ҳам катта бир элга бош бўлиб юрган ҳурмат-иззатли бойнинг қизи эканини билдириб, «Алпомиш келса келибди, у келди, деб этагидан ушлаб кетаверайми?», дея ўз шартларини очиқ-ойдин айтади. Мана шу сюжет бор гап. Бунда ҳеч бир тўқима йўқ. Негаки, бу — халқимизга хос жўмардлик, қатъият намунаси бор бунда.

Достончилик ҳам турларга ажратилади...
Юртимизнинг турли ҳудудларида ўзига хос достончилик мактаблари шаклланган. Хусусан, Фарғонада достонлар ҳикоягўйлик услубида айтилса, Сурхондарё, Самарқанд, Қашқадарё томонларда томоқ билан куйланади. Бу мактабнинг бахши-шоирлари ўзлари тўқиган байтлар билан достон мазмуни ва ижросини бойитади. Хоразм томонларда эса муайян куйга солинган ҳолда очиқ овозда ижро этилади. Юртимиз достончилик анъаналари милоддан аввалги VI-V асрлардаёқ тараққий топганлигига оид маълумотлар бор. Милодий VII-VIII асрда турли мавзулардаги қиссалар, достон ва номалар яратилган. «Меърожнома», «Бобо Равшан», «Пайғамбарлар ҳикояти», «Султонбойнинг меърожи», «Юсуф ва Зулайҳо», «Кийикнома» сингари достонлар ана шулар сирасига киради.

Манба: mahalladosh.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шоберди бахши Болтаев: Достонлар ҳақиқатни сўзлайди, аммо уни эшитувчилар кам...