
Тиббий жиҳатдан исботланган барча хавфларга қарамай, сигарет чекиш яна оммалашиб бораётгани кузатилмоқда. Мода, шоу-бизнес ва ижтимоий тармоқлар орқали бу иллат яна кўпчиликни ўзига жалб қилмоқда, деб хабар бермоқда Peopletalk нашри.
Яқинда бўлиб ўтган Британиялик қўшиқчи Charli XCX’нинг тўй маросимида меҳмонларга кумуш тахтада юпқа сигаретлар таклиф этилди. Париждаги Khy бренди (Кайли Женнерга тегишли) таомилида ҳам официантлар айнан шундай тарзда меҳмонларни сигарет ва брендли гугурт билан кутиб олди.
Қўшиқчилар Лорд ва Эддисон Рэй сўнгги қўшиқларида сигарет чекишни тилга олишган. Сабрина Карпентер эса ўзининг "Manchild" видеоклипида сигарет ўрнида вилкадан фойдаланади. Ҳатто актриса Дакота Жонсон иштирок этган “Материалистка” фильмида сигарет устида кўп кадрлар бор. "The Bear" сериалининг охирги мавсумида эса ҳатто чекмайдиган Сидни персонажи сигарет ёқишга уриниб кўради.
Жаред Овиатт, Cigfluencers номли Instagram саҳифаси муаллифи, сигаретни шундай таърифлайди:
«Улар худди кўк жинсилар каби – мода тенденцияларидан омон қолган. Стабиллик, уй-жой ва молиявий хавфсизлик каби тушунчалар кўпчилик учун орзуга айланди. Шунинг учун кўплар: “Нима учун мен хоҳлагандек яшамаслигим керак? Нима учун чекиш мумкин эмас? Барибир ҳеч нарса аҳамиятга эга эмас!” деган фикрни ўйлай бошлашмоқда».
Мазкур фикр орқали у ноумид ва чарчаган авлоднинг руҳий ҳолатидаги ўзгаришларга ишора қилмоқда. Сигарет бу ерда фақат никотинга боғлиқлик эмас, балки ички бўшлиқ ва қарамликнинг белгиси сифатида намоён бўлмоқда.
Шу билан бирга, шифокорлар ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари сигарет чекишнинг жиддий оқибатлари ҳақида доимий равишда огоҳлантириб келмоқда: ўпка раки, юрак-қон томир хасталиклари, тери қаришининг тезлашиши, ҳомиладорликдаги муаммолар ва бошқа кўплаб хавфлар.
Ўзбекистонда ҳам сигарет чекишга қарши қонуний чекловлар ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи кампаниялар амалга оширилмоқда. Лекин айрим ёшлар ҳали ҳам уни мода ёки эркинлик белгиси сифатида қабул қилишда давом этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!