21:30 / 08.03.2021
4 000

«Мендирман Жалолиддин» сериалининг кадр орти воқеалари ҳақида

«Мендирман Жалолиддин» сериалининг кадр орти воқеалари ҳақида
8 март куни Тошкентдаги «Hilton» меҳмонхонасида «Мендирман Жалолиддин» сериали ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ижодкорлар кўпчилик қизиқиш билан томоша қилаётган сериални суратга олиш жараёни билан боғлиқ қизиқарли воқеалар, эътиборга молик фактларни сўзлаб бердилар. Анжуман давомида сериал мухлислари ҳамда мутахассисларнинг айрим эътирозларига ҳам жавоб берилди.

Шавкатли Хоразмшоҳлар сулоласининг сўнгги вакили – Жалолиддин Мангуберди ҳаётидан ҳикоя қилувчи сериал сўнгги пайтларда «Эртуғрул» сериали билан тилга тушган «Bozdag‘ film» кинокомпанияси томонидан суратга олинмоқда. «Мендирман Жалолиддин» сериали продюсери Меҳмет Бўздағнинг ҳикоя қилишича, Ўзбекистон тарихига доир киноасар суратга олаётгани асло тасодиф эмас.

«Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива каби тарихий шаҳарларга болаликдан меҳр қўйганман. Атоқли ўзбек адиби Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси», «Кўҳна дунё» каби тарихий романларини қайта-қайта мутолаа қилганман. О.Ёқубов асарлари продюсерлик ижодий фаолиятини танлашимга туртки берган десам муболаға бўлмайди. Шу боис Озодбек Назарбековнинг Жалолиддин Мангуберди ҳақида сериал олиш таклифини катта мамнуният ва айрича қизиқиш билан қабул қилдим. Зеро, бу бизнинг муштарак тарихимиз, муштарак қаҳрамонларимиз ҳақидаги фильмдир», – дейди Меҳмет Бўздағ.

Қайд этилишича, лойиҳани бошлаш учун салкам бир йил давомида ҳозирлик кўрилди. Тарихий давр манзарасини ишончли тасвирламоқ учун ўнлаб манбалар синчковлик билан ўрганилди.

Туркиядаги бир неча ўн гектар майдонда XIII аср муҳити жонлантирилган улкан павильон – шаҳарча барпо этилди. Минглаб қўлигул усталар ва ишчилар меҳнати маҳсули ўлароқ бир неча минг квадрат майдонда қўш ошиёнли Хоразмшоҳ саройи қад кўтарди. Гурганж кўчалари, уйлар ва катта бозор ҳам даврга уйғун тарзда бунёд этилди. Биргина либослар устида 200дан зиёд киши ишлади.

Актёрлар чавандозлик ва қиличбозлик бўйича махсус тайёргарликдан ўтди. Ўзбекистонлик актёрлар, шу билан бирга, турк тили бўйича сабоқлар олди.

«Эндигина суратга олишга киришган пайтимиз коронавирус пандемияси бошланди. Ижодий жараён бир неча ойга ортга сурилди. Офат бироз чекингач, июль ойида съёмкаларни бошладик. Табиийки, суратга олиш қишга мўлжаллангани сабаби қаҳрамонлар либоси ҳам совуқ мавсумга мослаб тикилганди. Аммо актёрларимиз авжи саратонда қишки либосда роль ўйнаб ўз ишига муҳаббат ва фидойилик намунасини кўрсатдилар», – дея ҳикоя қилади продюсер М.Бўздағ.

Сериалда Жалолиддин тимсолини гавдалантирган Эмре Кивилжим ушбу тарихий шахсни жонлантириш улкан масъулият ва шараф эканини қайд этди.

«Қаҳрамон аждодларимизнинг бири бўлмиш Жалолиддин Хоразмшоҳ тимсолини акс эттириш учун бор куч ва ижодий салоҳиятимни ишга солдим. Ўзбек актёрлари билан ишлаш ҳам айрича завқ бағишлади. Маданият, лисон, тарих муштараклиги ўзаро тил топишишимизда қўл келди. Ўзбекистонда театр санъати борасида улкан мактаб мавжуд, Туркияда эса киноиндустрия жадал ривожланмоқда. Демак, мамлакатларимиз ўзаро тажриба алмашадиган жиҳатлар талайгина», – дейди бош роль ижрочиси Эмре Кивилжим.

Айни пайтда сериал намойиши давом этмоқда. Айрим мутахассислар унда бадиий тўқима меъёрдан ошиб кетганига эътироз билдирмоқда. Матбуот анжумани давомида ушбу жиҳатга ҳам ойдинлик киритилди.

Сценарий муаллифларидан бири Бобохон Шарифнинг таъкидлашича, «Мендирман Жалолиддин» жанрига кўра тарихий эмас, балки бадиий фильм ҳисобланади. Лекин шунга қарамай, тарихий воқеликни тўлақонли ифодалашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

«Образли тарзда гапирсам, биз эндигина уруғ экдик, у ниҳолга айланиб япроқ чиқардм. Вақти келиб у ғунчалайди, мева тугади. Томошабинларимиз сабр билан сериалнинг қолган қисмларини кўрсинлар. Биз ҳозирча қаҳрамонлар тийнатига, характерига чизгилар бермоқдамиз. Улар кутган тарихий воқеалар ҳам навбати билан тасвирланади”, – дейди ёзувчи Бобохон Шариф.

Қайд этилишича, сценарий муттасил равишда такомиллаштириб, бойитиб борилди. Сериалнинг биринчи фасли (13 серия) учун оз эмас, 1500 саҳифали сценарий ёзилди.

Ғоя муаллифи, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков эса тарихий мавзудаги кинокартиналарда бадиий тўқимадан фойдаланиш жаҳон тажрибасида кенг қўлланадиган усул эканига эътибор қаратди.

«Бадиий тўқима Ҳолливуд, Европа ва Россия киносида кўп учрайди. «Мендирман Жалолиддин» сериалида ҳам ана шу ижодий усулга мурожаат қилинган. Сериалдан кўзлаган мақсадимиз асло илмий баҳс юритиш эмас, балки улуғ аждодларимизга меҳр-муҳаббат уйғотишдир. Зукко халқимиз кейинроқ манбаларни ўқиб, тарих ҳақиқатини ўрганиб олади», – дейди О.Назарбеков.

Сериалга аввал-бошдан ташаббускор бўлган санъаткор-арбоб ушбу ижодий лойиҳа асносида эришилган энг муҳим ютуқни ҳам алоҳида таъкидлади.

«Ҳар тўкисда бир айб, сериалда ҳам камчиликлар бўлиши мумкин ва улар келгусида бартараф этилади. Аммо энг муҳими – «Мендирман Жалолиддин» сериали орқали биз тарихимизни жаҳонга танитиш йўлида дадил одим отдик, дунё киносига йўл очдик», – дейди Ўзбекистон маданият вазири.

Туркия элчихонасининг маданият ва туризм масалалари маслаҳатчиси Алпарслон Акимжи ҳам икки қардош мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, мазкур кинолойиҳа ўзаро робиталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Тадбир давомида сериалда роль ижро этган Жавоҳир Зокиров, Райҳон Уласенова, Раъно Шодиева, Юлдуз Ражабова каби актёр ва актрисаларимиз ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Биринчи фасл – 13 қисм суратга олиб бўлинди. Хўш, сериалнинг кейинги фасллари қачон суратга олинади? «Яқин фурсатда» дея жавоб берди продюсер Меҳмет Бўздағ сирли табассум билан.

С.Салим

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Мендирман Жалолиддин» сериалининг кадр орти воқеалари ҳақида