Буюк Британия радиоси қирол вафоти ҳақида хато хабар берди

Буюк Британиянинг жануби ва Мидленд ҳудудларида эфирга узатиладиган Radio Caroline радиостанцияси 19 май куни кутилмаган хато билан жамоатчилик эътиборига тушди. Радио ўз эфирида Британия қироли Чарлз III вафот этгани ҳақида нотўғри хабар бериб юборди.
Тингловчиларнинг айтишича, эфирдаги дастур тўсатдан тўхтатилган. Шундан сўнг бошловчилар қирол Чарлз III вафоти муносабати билан кўрсатув тўхтатилганини маълум қилган. Кейин эса Британия давлат мадҳияси — “Худойим, қиролни асрагин” ижро этилган.
Мадҳиядан кейин радио тахминан 15 дақиқа давомида жим қолган. Кейин эфирга қайтган бошловчилар содир бўлган ҳолат учун тингловчилардан узр сўрашган.
Кейинроқ Radio Caroline алоҳида баёнот бериб, воқеа компьютердаги техник хато сабаб юзага келганини маълум қилди. Радиостанцияга кўра, ушбу носозлик туфайли Британия телерадиокомпанияларида қўлланиладиган “Монархнинг ўлими” протоколи автоматик тарзда ишга тушиб кетган.
Мазкур протоколга мувофиқ, монарх вафоти эълон қилинганидан кейин эфир махсус тартибда давом эттирилиши, айрим ҳолларда эса вақтинча сукут сақланиши белгиланган. Айнан шу талаблар бажарилгани хатони тезроқ пайқаш имконини берган.
Радиостанция менежери Питер Мур ҳолат юзасидан узр сўраб, Radio Caroline аввал қироличанинг, ҳозир эса қиролнинг Рождество мурожаатларини мамнуният билан эфирга узатиб келганини таъкидлади. У станция бу анъанани яна кўп йиллар давом эттиришга умид қилишини билдирди.
Қисқаси, Radio Caroline техник хато сабаб қирол Чарлз III вафоти ҳақида нотўғри хабар бериб юборди. Эфирдаги бу “протоколий фалокат” тезда тўғриланди, аммо тингловчилар учун 15 дақиқалик сукут анча жиддий шок бўлгани аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!