date

Ўзбекистон ва Туркия савдоси сезиларли ўсиш кўрсатди

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил равишда кенгайиб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 653,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 42,7 миллион долларга ёки 7 фоизга ошган. Демак, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо алоқалари барқарор ўсиш суръатини сақлаб қолмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг Туркияга экспорти 231,6 миллион долларни ташкил этган бўлса, импорт ҳажми 421,8 миллион долларга етди. Умумий ташқи савдо айланмаси эса 653,4 миллион доллар бўлди.

Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони ҳам юқорилигича қолмоқда. 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакатимизда Туркия сармояси иштирокида 2 186 та корхона фаолият юритмоқда.

Шунингдек, Туркиядан асосий капиталга ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 655,2 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич икки давлат ўртасида нафақат савдо, балки инвестициявий ҳамкорлик ҳам фаол ривожланаётганини кўрсатади.

Туристик алоқаларда ҳам сезиларли ҳаракат бор. 2026 йилнинг январь–март ойларида Туркиядан Ўзбекистонга 39 445 нафар турист келган. Шу даврда Ўзбекистондан Туркияга 52 199 нафар фуқаро туристик мақсадда сафар қилган.

Таълим соҳасидаги алмашинувлар ҳам давом этмоқда. Туркиядан Ўзбекистонга ўқиш мақсадида 423 нафар фуқаро келган бўлса, Ўзбекистондан Туркияга таълим олиш учун 527 нафар киши йўл олган.

Қисқаси, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик савдо, инвестиция, туризм ва таълим йўналишларида фаол ўсиб бормоқда. Рақамлар битта нарсани кўрсатяпти: икки давлат ўртасидаги алоқалар шунчаки дипломатик гап эмас, реал иқтисодий ҳаракатга айланяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон ва Туркия савдоси сезиларли ўсиш кўрсатди