date

Путин Хитойга расмий ташриф билан етиб борди

Россия президенти Владимир Путин расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасига етиб борди. Давлат раҳбарини Пекин шаҳридаги Шоуду халқаро аэропортида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И кутиб олди.

Маълум қилинишича, Путиннинг Хитой раҳбари Си Цзинпин билан музокаралари бугун, 20 май куни бўлиб ўтади. Учрашув давомида томонлар Россия ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, стратегик ҳамкорлик ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилади.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур ташриф яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилмоқда. Шу боис ушбу сафар Москва ва Пекин муносабатларида рамзий аҳамиятга ҳам эга.

Шунингдек, икки давлат раҳбарлари Россия ва Хитой таълим йилларининг 2026–2027 йилларга мўлжалланган тантанали очилиш маросимида ҳам иштирок этади. Бу ташаббус таълим, илм-фан, маданий алмашинув ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Учрашув якунида олий даражадаги Қўшма баёнот қабул қилиниши, шунингдек, ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Путин ташриф давомида Хитой бош вазири Ли Цян билан ҳам учрашув ўтказади. Унда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициявий ҳамкорлик ва келгуси йўналишларга қаратилиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, бир неча кун аввал АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Хитойга ташриф буюрган эди. Россия томони эса Путиннинг Пекинга сафари Трамп ташрифи билан боғлиқ эмаслигини таъкидламоқда.

Қисқаси, Путиннинг Хитойга ташрифи Москва ва Пекин ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва стратегик мулоқотни янада фаоллаштиришга қаратилган муҳим дипломатик қадам сифатида баҳоланмоқда. Ҳозирги глобал вазиятда бундай учрашувлар оддий протокол эмас, катта сиёсий сигнал ҳамдир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Путин Хитойга расмий ташриф билан етиб борди