Испанияда 200 минг киши шиллиққурт фестивалига йиғилди

Испаниянинг Ллейда шаҳрида анъанавий “Aplec del Caragol” фестивали бошланди. Уч кун давом этадиган ушбу йирик гастрономик байрамга бу сафар ҳар йилгидан кўпроқ сайёҳлар ташриф буюргани қайд этилмоқда.
Маълумотларга кўра, фестивал давомида тахминан 14 тонна шиллиққурт истеъмол қилиниши режалаштирилган. Тадбирга 200 мингга яқин одам йиғилгани айтилмоқда.
1980 йилда кичик оилавий йиғин сифатида бошланган ушбу анъана йиллар давомида кенгайиб, бугунги кунда дунёдаги энг йирик шиллиққурт истеъмол қилинадиган фестиваллардан бирига айланган.
Байрам доирасида нафақат таомланиш тадбирлари, балки ранг-баранг парадлар, жонли мусиқа чиқишлари ва кўча томошалари ҳам ўтказилади. Шаҳар кўчалари фестивал руҳига мос равишда безатилиб, байрамона кайфият ҳукм суради.
Маҳаллий ошпазлар шиллиққуртларни турли соуслар, зайтун мойи ва аччиқ зираворлар билан грилда тайёрлашади. Иштирокчилар эса бу таомларни катта иштаҳа билан татиб кўришади.
Мазкур фестивал Испаниянинг энг машҳур гастрономик анъаналаридан бири бўлиб, ҳар йили минглаб сайёҳларни ўзига жалб этади.













