Ўзбекистонда алкоголь савдосига янги қоида киритилади

Ўзбекистонда кафе, ресторан ва меҳмонхоналарда алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат берилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимотда қайд этилишича, умумий овқатланиш ва меҳмонхона соҳасида бир қатор енгилликлар жорий этиш таклиф қилинган. Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини нақд шаклда сотишга рухсат бериш, ҚҚС қайтаришда нақдсиз тушум улуши бўйича талабларни бекор қилиш ҳамда ходимларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш кўзда тутилмоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу чоралар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектларининг ривожланишига хизмат қилиши мумкин. Шу орқали солиқ тизими шаффофлашиб, давлат бюджетига йилига қўшимча 2 триллион сўмгача тушум кириши прогноз қилинмоқда.
Давлат раҳбари мазкур таклифларни маъқуллаб, тадбиркорлар учун янада қулай ва адолатли шароитлар яратиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда рақамлаштиришни жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шунингдек, аввал қабул қилинган қарорларга кўра, айрим йирик тўловлар фақат нақдсиз шаклда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бу тизим молиявий оқимларни шаффофлаштиришга хизмат қилади.













