Ўзбекистонда бу йил ёз ўта жазирама бўлиши мумкин

Ўзгидромет маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2026 йил ёз фасли беқарор ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади. Синоптиклар прогнозида айтилишича, июнь ойининг дастлабки кунларида айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.
1–3 июнь кунлари республика бўйича шамол тезлиги секундига 15–20 метргача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари 15–20 даража, кундуз кунлари эса 30–35 даража атрофида бўлади.
Кейинги кунларда ҳарорат босқичма-босқич кўтарилиб, ой охирига қадар кечалари 18–23 даража, кундуз кунлари эса 34–39 даражагача етиши мумкин. Айниқса, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида айрим кунлари ҳаво ҳарорати 40–42 даражагача исиши прогноз қилинмоқда.
Бу йил ёз ўта иссиқ бўладими?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу саволга аниқ жавоб бериш ҳозирча қийин. Бироқ Америка иқлим прогнозлари марказининг сўнгги маълумотларига кўра, 2026 йил май ойида Эл-Нино ҳодисасининг дастлабки белгилари кузатилган. Бу Тинч океанида сув ҳароратининг кескин кўтарилиши билан боғлиқ бўлиб, глобал ҳаво ҳарорати ошишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳозирда иқлим тизими нейтрал деб баҳоланмоқда, аммо океан сувлари ҳарорати тез суръатларда ошиб бораётгани 2026 йил ёзи иссиқ келиши ҳақидаги прогнозларни кучайтирмоқда.
Ўзгидромет дастлабки баҳолашига кўра, жорий йилда ёзнинг ўртача ҳарорати меъёрдан бироз юқори бўлиши мумкин. Ёз мавсуми давомида экстремал иссиқ кунлар кузатилиши эҳтимоли ҳам юқори.
Хусусан, ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳаво ҳарорати 42–44 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 45–47 даражагача кўтарилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Тошкент шаҳрида июнь ойида қайд этилган мутлақ максимал ҳарорат 43 даража бўлган. Ўзбекистон бўйича энг юқори рекорд кўрсаткич эса 1914 йил июнь ойида Термиз шаҳрида кузатилган бўлиб, ўша вақтда ҳаво ҳарорати 49,6 даражага етган.
Синоптиклар маълумотига кўра, сўнгги беш йилликда республика бўйлаб июнь ойи ҳарорати меъёрдан ўртача +1,3 даражадан +2,5 даражагача юқори бўлгани кузатилган.













