22:57 / 10.09.2017
7 694

Профилактика инспекторлари қасамёд қилди

Профилактика инспекторлари қасамёд қилди
Пойтахтимиздаги Амир Темур ҳайкали ёнида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ўзларига ишониб топширилган ҳудудда фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга тантанали қасамёд қилди. Тадбирда профилактика инспекторларига хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калитлари тантанали топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республики Олий Мажлиси палаталари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига хизмат уйлари берилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида ички ишлар органларини ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш муҳим вазифа этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев ва бошқалар жорий йилнинг ўтган 8 ойида мамлакатимизда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 мингтага камайгани, 1,5 минг маҳаллада эса ҳуқуқбузарлик умуман содир этилмаганини қайд этди. Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонуни қабул қилингани, ўтган даврда давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга оид ўнга яқин ҳужжат имзолангани бу борада муҳим омил бўлмоқда.

– Ўғлимизнинг Амир Темур ҳайкали ёнида тантанали қасамёд қабул қилиши қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдирди, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлинмаси таянч пунктларидан бирининг профилактика инспектори, капитан Отабек Умарбековнинг отаси Абдураҳим Умарбеков. – Фарзандимиз Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кириб, қасамёд қабул қилганида биринчи марта шундай ҳаяжонни туйган эдик. Отабек қасамёдига албатта содиқ қолади. Ўзи хизмат қилаётган ҳудудда хизмат уйи берилганидан сўнг у маҳаллага, халққа янада яқин бўлди.

"Нуроний" жамғармасининг Шайхонтоҳур тумани Олмазор маҳалласидаги бўлинмасига раҳбарлик қилаётган Тўлқин ота Шарипов ҳам маҳалла профилактика инспекторини табриклагани келган.

– Лейтенант Дониёр Шарофуддинов маҳалла аҳлининг обрўсини қозонишга ҳаракат қилади, одамларнинг мурожаатларини эътиборсиз қолдирмайди, – дейди у. – Ўз навбатида, биз, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари профилактика тадбирларини ўтказишда унга яқиндан кўмак бермоқдамиз. Зеро, мақсадимиз ҳам, вазифамиз ҳам бир – аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш.

Яшонобод тумани ички ишлар бошқармаси таянч пунктларидан бирида хизмат қилаётган профилактика инспектори, капитан Актамжон Норқулов касбдошлари номидан халқимиз осойишталигини ишончли таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилишини таъкидлади.

Мамлакатимиз ички ишлар идоралари тизимини ислоҳ қилиш борасидаги кенг кўламли ишлар айнан профилактика инспекторларидан бошланганида чуқур рамзий маъно бор. Зеро, жиноятни тергов қилгандан кўра, унинг олдини олган афзал. Шу маънода, аввало, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда қонунга ҳурмат туйғусини юксалтириш, қонунбузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кўникмасини шакллантириш орқали ҳуқуқбузарликлар олди олинишини таъминлаш профилактика инспекторининг бош вазифасидир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари О.Муродов, Қ.Қуронбоев, Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Норбоева иштирок этди.

Манба: uza.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Профилактика инспекторлари қасамёд қилди