20:07 / 27.03.2018
7 414

Сизнингча: «Тоштурма» бузилиб парк бўлсинми, ё бузилмай музей?

Сизнингча: «Тоштурма» бузилиб парк бўлсинми, ё бузилмай музей?
«Тоштурма» жойлашган ҳудуднинг сунъий йўлдошдан кўриниши
Халқ орасида «Тоштурма» номи билан танилган Юнусободдаги қамоқ зонаси бузилиб, унинг ўрнида янги парк зонаси қуриладиган бўлди. Номини эшитсанг, бир жунжикасан ўзи; адашиб ҳам ичига кириб қолишдан Ўзи сақласин! Лекин, тўхтанг-чи — қамоқхона эмас, музей бўлса, ичига бир кириб кўрармидингиз (албатта, кирган кунингиз қайтиб чиқишингиз кафолатланади)? Одам иккиланиб қоларкан — парклар кўп, лекин ичига бемалол кириб, ўтириб, сўнг бемалол қайтиб чиқиш мумкин бўлган қамоқхона... йўқ.

Баъзан хабарлару мақолалардан кўра уларга билдирилаётган фикрларни ўқиш қизиқроқ — билмаган кўп нарсаларингизни билиб олишингиз, бошқача, бошқачароқ нуқтаи назарлар билан ҳам танишасиз. Баъзи комментлар ўзгармас деб ўйлаган қарашларингизни ҳам ўзгартириб юбориши мумкин. Шундай қизиқарли комментлар ўқиб қолдим. «Тоштурма» ҳақида. Ҳеч қандай жиноят қилмаган одамлар «Тоштурма»га кириб чиқмоқчи. Бузилмай, музейга айлантирилса. «Кириш чиптаси фалон минг сўм бўлса ҳам кириб чиқардим!», — дейишяпти.

Тўғри, ҳамма ҳам буни хоҳлаётгани йўқ. «Тоштурма» ўрнида музей ё шунга ўхшаш таништирувчи-хотира муассасаси ташкил этилишига қарши чиққанлар ҳам бор. Улар ўз нуқтаи назарини «бино деворлари сил таёқчаларига тўла» эканлиги билан асосланиб, уни таг-туги билан бузиб, ер билан битта қилиш кераклигини таъкидлаган. Яна бир гуруҳ фойдаланувчилар «қанчадан-қанча бегуноҳ кишилар қийноққа тутилган, ўлдирилган жойда қандай қилиб хотиржам сайр қилиш мумкин?», деган саволни ўртага ташлаган. Шунингдек, «у ерда сиёсий ёки бошқа маҳбуслар эмас, асосан оддий, майда жиноий ишларга алоқадор шахслар сақланган бўлса, қандай ҳам музей бўларди?», дегувчилар ҳам йўқ эмас.

Лекин қамоқхонанинг парк эмас, музейга айлантирилиши тарафдорлари кўпроқ. Уларнинг бир қисми ушбу жазо муассасаси 130 йиллик тарихга эга экани ҳақида ёзган бўлса-да, шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига топширилган машҳур қамоқхона аслида Иккинчи жаҳон уруши арафасида иш бошлаган. «Тоштурма» истилоҳи эса русча «Ташкентская тюрьма» («Тошкент қамоқхонаси») бирикмасининг қисқартмасидир. «Музейчилар»нинг эътиборга молик баъзи фикрлари билан қуйида танишинг:

Михаил Пахомов
Бундай уникал объектда ертўлаларга уюштириладиган сайрларни ҳам ўз ичига олган сайёҳлик мажмуасини ташкил этган яхшироқ эмасми? Шаҳарда парк зоналари кўп ва уларга сайёҳларни мажбурлаб ҳам олиб боролмайсан, бироқ эски қамоқхонага бир кириб кўришни ҳамма ҳам хоҳлайди.

Алкатрас қамоқхонаси олдидаги сайёҳлар оломони.
Фото: Associated Press

Виктор Неизвестний
Дарҳақиқат! Америкадаги ўша Алкатрас қамоқхонасига ҳар йили миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Бу — ҳам тарих, ҳам архитектура, ҳам бир субкултура қатлами. Бу ерда экскурсиялар ҳам, тарбиявий суҳбатлар ҳам ўтказса бўлади. Боз устига, Қатағон қурбонлари хотираси хиёбони ҳам унча узоқмас. Лекин... ҳукуматдагилар ҳаммасини ҳал қилиб бўлибди.

Иван Романов
Алкатрасдан ташқари Санкт-Петербургдаги Трубецкой бастиони қамоқхонаси ҳам ёдимга тушди. Бутун бошли комплексдаги энг кўп ташриф буюриладиган жой эди, ваҳоланки унга кириш чипталари арзон эмасди... Паркни қамоқхона атрофида ҳам қуриш мумкин, лекин одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб томоша қилгани келадиган жойни бузмай, қолдирган маъқул.

Муҳаммад Ҳ
Освенцим (Гитлерчиларнинг Польшадаги 1940—1945 йилларда фаолият кўрсатган конслагери)ни ҳам музей сифатида сақлаб қолишган. У ерда ҳар йили миллионлаб сайёҳлар бўлади. Шу боис, «Тоштурма»ни сақлаб қолиш ғоясини қўллаб-қувватлайман.

Қобул
Ёшлик қилиб, «Тоштурма»нинг ертўласида 11 ой ўтириб чиққанман — буни душманимга ҳам раво кўрмаган бўлардим. Лекин музей қилиш мумкин, токи келажак авлод авваллари одамлар қандай жазоланганини билсин.

Освенцим дарвозасидан ўтиб бораётган сайёҳлар.
Фото: Lonely Planet

Фаррух Мирзоиров
Тап-тайёр бизнесни бузишнинг нима кераги бор? Қамоқхона биноларини бузиш, ҳудудни тозалаш, парк қуриб, уни ободонлаштиришдан кўра қамоқхонани борича сақлаб қолиш тўғрироқ. Ҳа, уёқ-буёғини барибир тўғрилаш, қаергадир ахборот стендларини қўйиб чиқиш, сув-пув сотадиган растачалар ўрнатиш ва экскурсияларни йўлга қўйиш керак. Бу ерда харажатдан кўра даромад юқорироқ бўлиши аниқ. Энг асосийси, агар шундай тўғри бўлса, бу — тарихий ёдгорлик! Қўшимчасига, давлат ҳам мақтанса арзийди: «Мана, эски қамоқхоналаримиз қандай эди, янгилари эса қандай яхши!», деб. Тўғриси-да, ортиқча бош қотиришга на ҳожат?

Оля Гласирина
Музей ташкил этиш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Экскурсиялар уюштирардик, айниқса ёшлар учун фойдали бўларди — қонунни бузса, қаерга тушиб қолишини кўрарди. Парклар, хиёбонлар шундоқ ҳам кўп қуриляпти. Музейга айлантирилса, бу қамоқхонага боргиси келадиганлар кўп топилади.

Нодир Ҳусанхўжаев
Бу беқиёс бир тарихий объект. Уни бузишнинг нима кераги бор? Музей ёки шунга ўхшаш бирор нима ташкил этиш мумкин-ку. Менимча, жуда кўпчилик энг машҳур қамоқхонани ўз кўзи билан кўришни истаган бўларди. Экскурсиялар уюштириш керак. Музейга кириш пуллик бўлсин. Бу ердан тушадиган пул шаҳар бюджетига ортиқчалик қилмайди.

Ҳотам Қосимов
«Тоштурма»дан ўзбекча Алкатрас қилса бўлади-ку! Бу иншоотни бузиб юборсак, тарихни бузиб юборган бўламиз. Музей қилиб очилса, биринчилардан бўлиб борган бўлардим. Балки: «Бу камерада фалончининг эри, куёви, хотини ўтирган», деган лавҳачаларни ҳам кўриб қоларман.

Трубецкой бастиони қамоқхонасидаги эски давр муҳитини яратишга ёрдам берувчи ҳайкаллар.
Фото: Livejournal

Muawoo Muawoon
Туристик салоҳияти улкан тарихий биноларни сақлаб қолиш бўйича амалий таклифлар оддий одамлар томонидан билдирилаётган бир вақтда маҳаллий тарихчиларимиз ва ўлкашуносларимиз нима билан банд экан-а, қизиқ?

Bul Kud
Қамоқхонани музейга айлантириш — ажойиб ғоя, яхши бизнес бўлади, ўзим ҳам жон деб бундай музейга борган бўлардим. Туристларга ҳам жуда ёқади бунақа музейлар. Фақат, илтимос, автотураргоҳни ҳам ўйлашсин.

Айтмоқчи, билдирилган фикрлар орасида эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган яна бири бор: «Нима қурсаларинг ҳам, энг аввало, у ерда қийналган, ўлган ва бегуноҳ жазоланган одамлар ҳақи учун қурбонлик қилиб, мулла чақириб, Қуръон тиловат қилиб юбориш керак».

Мана шунақа гаплар. Сиз нима дейсиз?

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сизнингча: «Тоштурма» бузилиб парк бўлсинми, ё бузилмай музей?