"Абдуҳолиқовни яхши танийман, чунки..." ёхуд Ҳиндистон терма жамоаси устози Штимац интервью берди
Яқинда Осиё Кубоги мусобақасига қуръа ташланди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоамиз Австралия, Сурия ва Ҳиндистон билан бирга “В” гуруҳидан жой олганини яхши биласиз. Ҳаммаси маълум бўлгач, дарҳол рақиблар ҳақида маълумотларга эга бўлиш ва уларнинг бугунги салоҳияти хусусида қизиқувчилар кўпаяди.
Қуръадан сўнг гуруҳ борасида турли фикрлар айтилди. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов сайтимизга берган интервьюсида гуруҳдаги ҳар бир рақибга тўхталиб, Ҳиндистон ҳақида алоҳида фикр билдиргани ёдимизда.
Умуман олганда, кўпчилик томонидан ҳиндлар хусусида яхши гапларни эшитяпмиз. Улар олдингидек аутсайдер эмаслиги ҳақида гапиришяпти. Анчадан бери у ерда Хорватия футболи юлдузларидан бири Игор Штимац фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўша машҳур “Франция-98”даги мундиалда ўзига хос сенсация кўрсатган Хорватия терма жамоаси сафида Штимац ҳам бор эди. У ҳимоячи сифатида тўп сурганини билсангиз керак. Зукко мухлислар унинг номини эшитиши биланоқ яхши эслашлари табиий.
Бу йил 56 ёшни қаршилайдиган мутахассис 2019 йилдан бери Ҳиндистонда ишлаб келмоқда. Тан олиш лозимки, Штимац келганидан сўнг ҳинд футболида ривожланиш сезиларли даражада кўзга ташлана бошлади. Бунда хорватиялик мутахассиснинг роли катта.
Осиё Кубогида терма жамоамиз рақиблари маълум бўлгач, биринчи навбатда Ҳиндистон ва унинг устозига эътибор қарата бошладик. Игор Штимац билан шахсан боғланиб, унинг фикрларини эшитиш биз учун қизиқ ва муҳим эди. Яхши ният билан уни “излашга” тушиб кетдик ва жуда қисқа фурсат ичида ўзи билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлдик.
- Жаноб Штимац, аввало биз билан суҳбатлашишга рози бўлганингиздан миннатдормиз. Адашмасам, бир неча йилдан буён Ҳиндистон футболида ишлаб келяпсиз. Кўпчилик ҳинд футболини юксалиб бораётганини таъкидлаяпти. Айтинг-чи, бу борада қандай ишлар қилиняпти?
- Биз янги ва ёш футболчиларни катта жамоаларга тарбиялаб бера олдик. Шу жиҳатдан айта оламизки, келажагимиз порлоқ бўлиши мумкин. Биз Жанубий Осиё футбол федерациялари Кубоги чемпионатидаги сўнгги мусобақада ғалаба қозондик ва Осиё Кубогига йўлланмани қўлга киритдик. Ўз гуруҳимизда максимал очко тўплаб, тўплар фарқини 10:1 кўринишга келтирган ҳолатда Осиё Кубогига йўл олдик. Ҳозирда ушбу нуфузли мусобақани интиқлик билан кутяпмиз. Австралия, Ўзбекистон ва Сурия каби кучли рақибларга қарши ўзимизнинг энг кучли томонларимизни кўрсатишга умид боғлаяпмиз.
- Яқинда Осиё Кубогига қуръа ташланди. Гуруҳ ҳақида қандай фикрдасиз? Бу сиз кутган гуруҳ бўлиб чиқдими?
- Бизнинг гуруҳимиз жуда ҳам рақобатбардош. Сизга айтишим мумкин бўлган ягона нарса – биз рақибларимизнинг энг кучли жиҳатлари ҳақида яхши маълумотга эгамиз. Лекин шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, ушбу мусобақага шунчаки қатнашиш учун бормаяпмиз. Ҳар бир гуруҳ ўзига яраша қийин. Айниқса, 4-саватчадан гуруҳларга қўшилган биздек жамоаларга нисбатан анча кучли рақиблар бўлиши табиий. Шундай экан, бу каби мусобақаларга яхши тайёргарлик кўрган ва турнир давомида кўпроқ омади чопган жамоа гуруҳлардан кейинги босқичга йўлланма олишлари мумкин бўлади.
- Ўзбекистонлик, айниқса катта авлод мухлислари сизни яхши билишади. Юртимиз футболини анчадан бери кузатиб келяпсизми? Бу хусусида бизга нималарни айта оласиз?
- Мен сизларнинг пойтахтингиз Тошкентга бир неча маротаба борганман ва шаҳар менга жуда ҳам ёққанди. Шунингдек, Темурхўжа Абдуҳолиқовни яхши танийман. Чунки у узоқ йиллар аввал менинг она шаҳрим – “Хайдук Сплит”да фаолият олиб борган. Футболчиларингиз кучли ва рақобатбардош. Айтиб ўтишим жоизки, уларга қарши ўйнаш осон бўлмайди. Ҳозирда сизларда ажойиб мураббийингиз ҳам бор. Сречко Катанецни жуда яхши танийман.
- Ўзбекистон терма жамоасида сиз учун энг хавфли футболчи ким?
- Сизларда ажойиб футболчилар бор. Жамоангиз яхши шаклланган. Бир қатор футболчиларингиз катта халқаро тажрибага эга. Ўша Шомуродов, Машарипов ва Шукуровларни мисол қилиб келтиришим мумкин.
- Ҳиндистон термасининг Осиё Кубогидаги асосий вазифаси нима?
- Бизнинг мақсадимиз яхши ўйин намойиш этиш ва имкон қадар нимчорак финал босқичига йўлланма олиш. Гуруҳ босқичига қуръа ташланиб, ўйинлар аниқ бўлганидан бери барча Ҳиндистон миллий терма жамоасини жадвалнинг пастки қисмида эътироф этиб келяпти. Биз мусобақа давомида буни ўзгартириш учун қўлимиздан келганича барча ишни қиламиз.
- Ёдимизда, Хорватия 1998 йилги жаҳон чемпионатида сюрприз кўрсатганди. Ўша онларни тез-тез эслаб турасизми?
- Бу сиз учун сюрприз бўлиши мумкин. Лекин биз учун ҳеч қандай ўзгача ҳолатда эмас. Бизнинг авлодимиз 1987 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида жаҳон чемпиони бўлганди ва биз ўз кучимиз ҳақида яхши билимга эгамиз. Кучимиз қандай эканлигини яхши биламиз. Бироқ ушбу даврдан кейин бизда бироз кучли жиҳатларимизни кўрсатишга имконият бўлмади. Чунки мамлакатимизда ички уруш бўлганди. Шунинг учун биз ўзимизни тўлиқ намойиш этиб кела олмаётгандик.
- Қайси Хорватия кучлироқ? Ўша 1998 йилдагисими ёки бугунги Хорватиями?
- Авлодларни солиштириш имконсиз. Лекин мен доим ўзим таниш бўлган ва ўзим ҳаракат қилган даврни – 1998 йилги жамоани кучлироқ деб ҳисоблайман.
- Сиз учун Осиё Кубогидаги фаворитлар ким?
- Осиё Кубогида биринчи саватчадан сараланган исталган жамоа чемпионлик учун даъвогар бўлиши мумкин.
Шуҳратбек Жўраев.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг