date

Элдор Шомуродов порлаган баҳс ортидан Туркияда можаро кўтарилди

Элдор Шомуродов порлаган баҳс ортидан Туркияда можаро кўтарилди

Туркия чемпионатида кетма-кет голлар уриб, “Истанбул Башакшеҳир”нинг асосий қаҳрамонига айланган Элдор Шомуродов номи атрофида катта шов-шувлар кузатилмоқда. “Антальяспор”га қарши ўйинда дубль қайд этиб, жамоасига 4:0 ҳисобидаги йирик ғалабани таъминлаган ҳамюртимизнинг бу ўйинидан кейин мамлакат футболида кутилмаган можаро юзага келди.

Маълумки, Элдор 22-дақиқада ҳисобни очган ва баҳс охирида яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол этган эди. Кейинги турда ҳам у “Кожаэлиспор” дарвозасига ягона голни киритиб, жамоасига навбатдаги ғалабани олиб келди. Аммо “Антальяспор” бош мураббийи Эрол Булутнинг баёноти “Башакшеҳир”да кескин норозилик уйғотди.

Эрол Булут матбуот анжуманида жамоасидан кимдир “ички маълумотларни” “Башакшеҳир”га етказгани ҳақида иддао қилган. Унинг фикрича, айнан шу ҳолат “Антальяспор”нинг йирик мағлубиятига сабаб бўлган. Бу сўзлар эса рақиб жамоа ва унинг мураббийлар штаби томонидан жиддий қабул қилинди.

“Башакшеҳир” клуби расман раддия билдириб, ўз нуктайи назарини очиқ баён этди:
“Биз ҳар доим фэйр-плей ва турк футболи обрўсини устувор деб биламиз. Бош мураббийимиз Нури Шахин ва жамоа аъзолари бутун диққатини фақат меҳнатга ва майдонда курашишга қаратган. Улар рақиб ҳақида ҳеч қандай махфий маълумот олмаган. Ҳамма жамоа турк футболи шаънига путур етказмайдиган баёнот беришга масъул”, — дейилади клуб баёнотида.

Мураббий Нури Шахин ҳам шахсан муносабат билдирди:
“Мен бутун фаолиятим давомида ҳеч қачон спорт руҳига зид ҳаракат қилмаганман. Биз ҳар куни меҳнат қиламиз ва натижаларни фақат шунга боғлаймиз. Афсуски, баъзан шундай асоссиз гапларга дуч келамиз. Бу биз учун нохуш ҳолат”, — деди у журналистлар билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов ёзги трансферлар вақтида “Рома”дан “Истанбул Башакшеҳир”га бир мавсумлик ижара асосида келган эди. Унинг ижара шартномаси кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқини ҳам назарда тутади.

Ҳозирги ҳолатда Шомуродов клубнинг асосий ҳужумчиси сифатида майдонга тушмоқда ва Туркия Суперлигасидаги 11 ўйинда еттита гол ҳамда битта ассист қайд этган. У тўпурарлар рўйхатида етакчилар қаторида бормоқда ва “Башакшеҳир” учун муҳим фигурага айланган.

Энди эса мухлислар жамоалар ўртасидаги бу тортишув майдондаги ўйинга таъсир қилмаслигини ва Элдорнинг голли серияси давом этишини кутмоқда. Туркия футболидаги қизиқарли паллалар эндигина бошлангандек.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов порлаган баҳс ортидан Туркияда можаро кўтарилди